Спорт | 21:35 / 21.09.2019
10563
2 дақиқада ўқилади

Дилшодбек Рўзметов финалда қозоғистонлик боксчига ютқазиб, кумуш медал билан кифояланди

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон бокс терма жамоаси яна бир медалга эга бўлди.

Ўзбекистон бокс терма жамоасининг -81 кг вазн тоифасидаги вакили Дилшодбек Рўзметов қозоғистонлик Бекзад Нурдаулетовга ютқазди ва кумуш медал билан кифояланди.

Дилшод Рўзметов турнирдаги иштирокини саралаш босқичида мўғулистонлик Нармандах Шинебаярни енгиш билан бошлаганди. Шундан кейин у конголик Пита Кабежи Петер, руминиялик Андреи Арадау, озарбойжонлик Лорен Альфонсо Домингес ва буюк британиялик Бенжамин Уиттекерни енгиб, финалгача етиб келганди.

Катта турнирларда илк бор иштирок этган Бекзад Нурдаулетов ярим финалда сенсацион равишда Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Хулио Сесар ла Крусни мағлубиятга учратиб, финал йўлланмасини қўлга киритганди.

Айни вақтда Ўзбекистон терма жамоаси 2та олтин, 1та кумуш ва битта бронза медални расмийлаштирди. Бунгача Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) ва Миразизбек Мирзахалилов (-57 кг) олтин, Бобоусмон Батуров (-69 кг) бронза медал билан тақдирланганди.

Медаллар сифати бўйича Россия терма жамоаси биринчи ўринни эгаллаб турибди - мезбонлар учта вазн тоифасида чемпион бўлишди.

Куннинг сўнгги жанги +91 кг вазн тоифаси вакиллари ўзбекистонлик Баҳодир Жалолов ва қозоғистонлик Камшибек Конкабаев ўртасида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид