Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Симёғочни ушласангиз ток уради». Попдаги муаммоларга «кўмилган» қишлоқ
Наманган вилоятининг Поп тумани Миробод қишлоғида истиқомат қилувчи инсонлар таҳририятга мурожаат билан чиқишди. Мурожаатда ҳудудда ҳаёт кечириш учун талаб этиладиган энг бирламчи шароитлар ҳам мавжуд эмаслиги айтилади.
Водий сафари давомида ушбу қишлоқда бўлиб, мурожаатчилар билан учрашдик.
«Хўжайинларимиз топган пулни сувга сарфлаяпмиз»
Маҳбуба Қурбонова: – «Сув танқислиги туфайли баъзида қўлимизни ювгани қизғанамиз. Биз ҳам яхши шароитда яшашни хоҳлаймиз. Ота-оналарнинг бири фарзандига пул бера олади, бири беролмайди. Шундай болалар мажбурликдан ариқда оқаётган ифлос сувдан ичиб қўймоқда. Натижада ичкетарлар, бошқа касалликлар чиқади. Ҳозир биз на шаҳарликка ўхшаймиз, на қишлоқликка. Шароитимиз яхшимас, камига ҳамма нарсани сотиб оламиз. Томорқада экин эколмаймиз. Сувни сотиб оламиз, солиқларни тўлаймиз. Биздан бир неча марта камчиликларимиз ҳақида сўрашди. Аҳоли сони кўп бўлгани билан битта хонадонда нечта-нечта одам ишсиз. Хўжайинларимиз топган пулни сувга сарфлаяпмиз».
Бегзод Норбаев: – «Фалакнинг гардиши билан бизнинг туманга президент маслаҳатчиси Умар Исмоилов аҳоли билан учрашиш учун келганди. Мурожаатимиз натижасида бу ерга ишчи гуруҳ келган, бизнинг қишлоқ сув, йўл ва бошқа коммунал муаммолар сабаб 2018 йилда «Обод қишлоқ» дастурига тушган. Яъни, ўтган йили қишлоғимиз ободонлаштирилиши керак эди.

Ҳозир эса бу ҳудуддаги ишлар «бажарилган» деб айтилмоқда. Баъзи ҳудудлар таъмирлангандир, лекин бизнинг қишлоқдаги ҳолатни ўзингиз кўриб турибсиз. Электр симёғочлар авария ҳолатида, ичимлик суви йўқ. Ичимлик сувини сотиб оламиз. Олдинлари бу ерларда ҳам сув бўлган. Бизнинг қишлоқда 300 хўжалик истиқомат қилади. Ҳозирда сув масаласи долзарб. Экинларимизни чорвага едириб юбордик. Фонддан пул ажратилган, лекин амалда ҳеч иш йўқ. Биз бу масалада бир неча марта мурожаат қилдик. Лекин вилоят ҳокими ҳам, туман ҳокими ҳам ҳалигача ишларни бажаришмаяпти. Президент маслаҳатчиси бизнинг раҳбарларга вазифани берган. Лекин улар шу кунгача алдаб келишяпти. Сув ва электр ўтган йил ҳисобидан ҳал бўлиши керак эди».

Солия Тўраева: – «Маҳалламизда умуман шароит йўқ. Ичиш учун сувни пулга сотиб оламиз. Рўзғор учун сув баъзида бўлади, баъзида бўлмайди. Томорқа экинларимизга-ку умуман сув йўқ. Шунга қарамай сувга тўлов талаб қилишади. Иложимиз йўқ, тўлаймиз. Ҳовлимизда ҳамма жой қуриб ётибди. Экинларимиз сувсизликдан ўсмай қолди».
«Симёғочни ушласангиз ток уради»
Абдуқаҳҳор Отабоев: – «Электр масаласини ҳам ҳал қилиб берамиз дейишганди, лекин қолиб кетди. Ҳар ким ўзи хоҳлаганча симёғоч ўрнатмоқда. Ҳар ким нимани топса шуни қўйяпти. Буларнинг ҳаммаси авария ҳолатида. Эртага ёғингарчилик бошланса, буларга яқинлашиб бўлмай қолади. Қўлингиз тегиб кетса, ток уради. Баъзилари ёғочдан бўлгани учун, намгарчиликда буралиб уйга тегиб қолган жойлари бор. Таъмирлаб берамиз дейишган. 2019 йил март ойигача бўлишини айтишганди. Неча марта бордик. Мана, айтилган муддатдан 5 ой ўтиб кетди. Ўзи 2018 йил февралда бу гап айтилганди. Улар эса ҳужжатларда ҳаммаси бўлган дейишмоқда».

«Мактабда болаларга хоналар етишмайди»
Файзинисо Шомирзаева: – «Ёнимизда мактаб бор. Мактаб болалар сони бўйича етарли талабга жавоб бермайди. Бу мактабга стадион, спортзал, қўшимча бино қуришни дастурга киритилгани ҳақида айтилган эди. Бу йил қурилиши бўлишини айтишганди. Лекин ҳалигача ҳеч ким келмади. Болаларга хоналар етишмайди. Фарзандларимиз тарбияси учун энг керакли маскан боғча билан мактабдир. Талабга жавоб берса, президент айтганидек бўлса, ҳаммамизга яхши бўларди. Ҳозир бу талабга жавоб бермайди. Неча марталаб керакли жойларга ёздик ҳам, «бўлади, тузатамиз, олиб келамиз» деган жавоблар беришади. Дастурга киритишни айтишади, лекин шу кунгача айтилган ваъдаларнинг хеч бири бажарилмади. Ўлчаш ишларини бажаришди, лекин уларни қайта кўрмадик».


Ҳокимликдаги берилган изоҳлар
Мурожаатчилар билан суҳбатлашиб, қишлоқдаги ҳолатларни ўз кўзимиз билан кўргач, бу муаммоларни ҳал қилиш қачонга режа қилингани билан қизиқиб, туман ҳокимлигида бўлдик. Бу жойда бизга ҳокимлик мутасаддилари тегишли масъул идора раҳбарларини чақиришиб, биз билан учрашувни ташкил қилиб беришди.
Аҳаджон Мирзааҳмедов, туман электр тармоқлар корхонаси бошлиғи: – «2021 йилгача дастур қилинган бўлиб, туманимизда 77та маҳалла бор. Ҳамма ҳам ўз маҳалласи обод бўлишини хоҳлайди. Лекин молиялаштириш деган нарса бор. Қўйилган ҳар бир симёғоч биз учун ютуқ. Бугун битта хонадонда свет яхши ёнади. Қиш мавсумига ҳозирдан яхшилашимиз керак. Тўрақўрғон ИЭС ишга тушса, электр энергиясидан муаммо бўлмайди. Сиз айтган симёғочлар 2020 йилги дастурга қўшилган. 2019 йилнинг дастурида Янгичек, Боғ маҳалла фуқаролар йиғини бор. Мен улардан олиб Янгиерга бериб қўя олмайман. Уларда ҳам ҳолат ёмон. Дастурнинг ижроси биз учун ҳақиқий ютуқ».
Содиржон Бозоров, туман халқ таълими бўлими раҳбари: – «52-сонли мактабимиз 180 ўринли бўлиб, ҳозирги кунда 301 нафар ўқувчи ўқийди. Коэффициенти 1,7 ни ташкил қилади. Бу мактаб 25-мактабдан ажралиб чиққан. 3 километр масаофада 25-мактаб жойлашган бўлиб, бу мактаб 710 ўринли ва 1089 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бунинг коэффиценти 5 ни ташкил қилади. 52-мактабни 2021 йилга реконструкция ва қўшимча бино қуришга таклиф берганмиз. Мана президент қарори билан коллежлар мактабларга берилди. Бизнинг туманда ҳам 4та коллеж халқ таълимига ўтказилди. Лекин айтилган мактаб бўйича муаммо йўқ. 2021 йилга реконструкцияга киритилган».
Сув бўйича масъуллар эса йиғилишда экан. Шу сабабли улар билан телефон орқали суҳбатлашдик.
Камолиддин Норбоев, Поп қишлоқ ичимлик суви унитар корхонаси раҳбари: – «Шу кунларда ўша жойни ўргандик. Труба, насосларга буюртма қилганмиз. Худо хоҳласа, 3 кунда ишни бошлаймиз. Бунгача ўша қудуқни тозалаб, истеъмолга яроқли ҳолга келтиргандик. Насослар ўрнатилган. Фақат маҳалланинг ички тармоқлари қолган. Ички тармоқларга буюртма берилган, трубалар келишига тармоқлар тортамиз. 20 йил ишламай турган қудуқни ташкилотимиз томонидан компрессор қилиб, тозалаб ичишга яроқли ҳолга келтирдик. Сентябрнинг ўрталарига қадар бу масалани ҳал қиламиз. Муаммо бўлмайди».
Мурожаатчилар томонидан эътирозлар оғир ижтимоий масалалар бўйича бўлди. Улар қандайдир тўкис ҳаёт талаб қилишаётгани йўқ. Шунчаки ҳаёт учун зарур ичимлик суви, электр токи ва симёғочлари, етарли ўринга эга мактаблар сўрашмоқда. Ҳаммаси ёш авлод учун, фарзандлар учун сўралмоқда. Ахир, ёш авлод биздан кўра яхши шароитларда улғайиши, биздан кўра бахтли бўлиши керак эмасми?!
Баҳодир Аҳмедов