Жамият | 15:00 / 24.09.2019
36241
8 дақиқада ўқилади

«Buyuk kelajak» яна бир экспертидан «айрилди». Вазият бўйича расмий изоҳ берилмаяпти

Бундан бир ярим йил муқаддам, 2018 йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда «Buyuk kelajak» халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти ўз фаолиятини бошлаган эди. Мазкур муассаса президент Шавкат Мирзиёевнинг хорижда яшаётган ўзбекистонликлар мамлакатдаги ислоҳотларга дахлдор бўлиши учун қилган чорловларига нисбатан жавобан ташкил этилган.

Илғор халқаро тажриба, Ўзбекистон бозорларини холисона таҳлил қилиш, дунёнинг етакчи мутахассисларининг шахсий тажрибаси негизида қурилган ташкилот қисқа вақт ичида кенг жамоатчилик назарига тушди.

Ташкилотнинг турли соҳаларда бой тажрибага эга ва етакчи мутахассисларидан иборат Эксперт кенгаши дунёнинг 20дан ортиқ нуқталарида – АҚШ, Германия, Буюк Британия, Бельгия, Канада, Дания, Швейцария, БАА, Саудия Арабистони, Хитой, Сингапур, Япония, Туркия, Қозоғистон, Финляндия ва Россия каби давлатларда истиқомат қилаётган 300 нафардан кўпроқ малакали кадрларни ўзида бирлаштирди.

Тошкентдан ташқари Москва, Дубай, Брюссель, Нью-Йорк ва Лондонда ҳам ваколатхоналарига эга «Buyuk kelajak» Ўзбекистоннинг 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш моделини ишлаб чиқиш ҳамда бу модель амалга оширилишига кўмаклашишни бош мақсад ва вазифа сифатида белгилаб олган.

Аммо сўнгги вақтларда ташкилотнинг қатор экспертлари уни бирин-кетин тарк этаётгани жамоатчиликда саволлар туғдирмоқда. Дастлаб, 10 сентябрь куни ўн нафар экспертнинг жамоавий баёноти кўпчиликни сергак торттирди:

«Қадрли дўстлар, «Buyuk kelajak» халқаро нодавлат–нотижорат ташкилоти ташкил этилганда биз Ўзбекистондаги ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз учун имкон яратилганидан хурсанд бўлгандик. Биз барчамиз Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш концепциясини яратиш бўйича бир қатор лойиҳаларда иштирок этдик, ишлаб чиқдик. Биз «Buyuk kelajak» ХННТнинг иккита форумида ва бошқа кўплаб тадбирларда онлайн равишда ва шахсан иштирок этдик.

Минг афсус билан ташкилот ичидаги айрим сабабларга кўра, биз мазкур ташкилот доирасидан чиқамиз, аммо мамлакат тараққиёти учун ўз ҳиссамизни қўшишда давом этамиз.

Имкониятдан фойдаланиб, «Buyuk kelajak» ХННТ экспертлари ва ходимларига, халқаро ташкилотлар, вазирлик ва қўмиталар вакилларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ходимларига ва энг муҳими, «Ўзбекистон-2035» стратегиясини ишлаб чиқишга ҳисса қўшган ҳамюртларимизга миннатдорчилик билдирамиз. Биз бирлашишимиз ва Ўзбекистонни ривожлантириш мақсадида бор кучимизни сарфлаш учун имконият яратган ушбу лойиҳанинг ҳомийсига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдирамиз».

Собиқ экспертлар ички низо бўлганини таъкидлашмоқда

Мазкур баёнотдан сўнг собиқ экспертларнинг бир неча нафари билан боғланиб, ҳолатнинг асл сабабини билишга қизиқдик.

Лекин улар ташкилотдан ички қонун-қоидалар ва этика нормалари бузилгани туфайли чиқиб кетишгани, «Buyuk kelajak» раҳбарияти бу борада оммага расмий ва очиқ изоҳ берганидан кейингина бор ҳақиқатни ошкор этишлари мумкинлигини айтиш билан чекланишди.

Ташкилот раҳбарияти нима учун расмий изоҳ бермаяпти?

Ташкилотнинг Тошкент шаҳридаги офиси бу масала юзасидан изоҳ бера олмаслигини билдирди.

«Оддий ходим сифатида бир нарса, дея олмайман. Бу бўйича repost.uz сайтида ташкилот таъсисчиларининг бири номидан изоҳ берилган. Офисга келишингизга ҳожат йўқ. Чунки бу ерда фақат техник ходимлар ишлайди. Таъсисчилар ва экспертларнинг барчаси чет элда, улар келиб-кетиб юришади. Сизнинг қўнғироқ қилганингизни пиар-менежерга албатта, етказаман», деди гўшакни кўтарган ташкилот вакили.

«Buyuk kelajak» таъсисчиларидан бири бўлмиш Баҳром Исмаилов 11 сентябрь куни Repost.uz нашрига ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирган. Лекин у асосий мавзу – экспертларнинг бир қисми ташкилот таркибидан чиқиб кетиши сабаблари ҳақида лом-лим демаган.

Шундан сўнг «Buyuk kelajak»нинг пойтахтдаги офисига яна сим қоқдик. Бу сафар гўшакни бошқа бир ходим кўтарди.

«Экспертлар кенгашига аъзо бўлиш ва ундан чиқиб кетиш кўнгилли, мажбурий эмас. Шу кунга қадар ҳам бир қанча экспертлар ташкилотни шахсий иши юзасидан ихтиёрий равишда тарк этишган. Саволингиз жуда ўринли. Лекин бунга жавоб бериш менинг ваколатимга кирмайди. Сиз яхшиси таъсисчилар билан фейсбук орқали боғланиб кўринг», дея жавоб берди.

Айни пайтда хорижда фаолият юритаётган Баҳром Исмаиловнинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалари орқали йўлланган саволлар эса ҳар гал жавобсиз қолди.

Ўновлон ортидан яна бир аъзо сафдан чиқди

17 сентябрь куни «Buyuk kelajak»нинг яна бир эксперти – Бельгияда барқарор ривожланиш ва корпоратив ижтимоий масъулият соҳасида етакчи мутахассис, «CARE CSR LTD.» – Марказий Осиёда масъулиятли ва барқарор бизнесни ривожлантиришга қаратилган консалтинг компанияси асосчиси ва директори Малика Шарипова ҳам ташкилотни тарк этди. У фейсбукдаги саҳифасида қуйидагича пост қолдирди:

«Buyuk kelajak» ХННТ ташкил этилганида, Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишда ўз ҳиссамни қўшиш мақсадида унга аъзо бўлган эдим. Шу давргача беғараз турли лойиҳаларда, хусусан Ўзбекистоннинг 2035 йилгача ривожланиш концепциясини ва тегишли йўл харитасини шакллантиришда ва ишлаб чиқишда фаол иштирок этдим.

Афсус, ташкилот доирасида охирги пайтларда консенсус ва ҳамжиҳатлик ўрнига бир томонлама қарор қабул қилиш ҳамда этика нормаларига зид бўлган ёндашувлар бир неча бор учради. Бу эса ўз навбатида ташкилотдан фаол ва иқтидорли 10 аъзо чиқиб кетишига сабаб бўлди. Уларни чиқиб кетишга ундаган сабаблар ўз ечимини топган бўлса-да, ушбу экспертларни танқид қилиш ҳолати ҳамон кузатилмоқда.

Ўйлайманки, бу вазият баъзи ҳозирги экспертларни ушбу ташкилотга аъзолиги қанчалик мақсадларига ва қадриятларига мувофиқлиги тўғрисида ўйловларга ундади.

Шу йўсинда мен ҳам ўз билимим ва салоҳиятимни мамлакатимиз равнақи, Ўзбекистон ривожи учун «Buyuk kelajak» ХННТ ташқарисида давом эттиришга қарор қилдим.

Фурсатдан фойдаланиб, «Buyuk kelajak» ХННТ доирасида орттирган тажрибам ва дўстларим учун миннатдор эканлигимни билдирмоқчиман.

Аминманки, барча собиқ ва ҳозирги экспертларимиз юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ қолмайдилар ва баҳолиқудрат уларни амалга оширишдаги кўмакларини давом эттирадилар».

Малика Шарипованинг мазкур фикрлари ҳам тармоқ фойдаланувчиларини беэътибор қолдирмади. Сўнгги вақтларда ташкилотда кузатилаётган ўзгаришлар кўпчиликда хавотир уйғотмоқда.

Ўзбекистоннинг 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш моделини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишига кўмаклашишга бел боғлаган «Buyuk kelajak»ни нима учун экспертлар тарк этмоқда? Бундай парчаланиш яна давом этадими? Бу кетишда ташкилот келажаги 2035 йилгача борадими ўзи?

Ўн нафар экспертнинг «Buyuk kelajak»дан кетганига мана икки ҳафта бўлди ҳамки, ташкилот томонидан кўпчиликнинг дилидаги бу каби саволларга жавоб қайтариш учун расмий изоҳ берилгани йўқ, бу эса турли миш-мишлар урчишига сабаб бўлмоқда.

Миролим Исажонов

Мавзуга оид