Ўзбекистон | 09:03 / 25.09.2019
3861
2 дақиқада ўқилади

Франция компанияси Тошкентдаги иссиқлик таъминоти билан шуғулланиши мумкин

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

Молия вазирлигида Франциянинг Veolia Environment компаниясининг Марказий ва Шарқий Европа бўйича вице-президенти Малика Гендури бошчилигидаги делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

Давлат-хусусий шериклик доирасида Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимини бошқарувга топшириш бўйича лойиҳа консепцияси - муҳокамаларнинг асосий мавзуси бўлди. Лойиҳа шаҳар иссиқлик таъминоти тизимини халқаро техник ва экологик стандартлар даражасида модернизация қилиш ва ривожлантириш, шунингдек ишлаб чиқарилган ва етказиб берилган энергия манбаларини ҳисобга олиш учун замонавий ахборот тизимларини жорий этишни кўзда тутади.

Маълумот учун: Veolia Environment - Парижда жойлашган кўп тармоқли компания ҳисобланади. Сув таъминоти, коммунал хизматлар, энергия ва транспорт хизматлари каби фаолият йўналишига ихтисослашган. Компания 160 йилдан ортиқ саноат тажрибасига эга бўлган ресурсларни бошқариш тизимини оптималлаштириш соҳасидаги етакчилардан биридир.

Учрашув сўнгида Veolia Environment компанияси лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ўз ичига олган битим концепциясини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигига тақдим этди.

Мавзуга оид