Жамият | 11:20 / 25.09.2019
4804
2 дақиқада ўқилади

Нуриддинжон Исмоилов Евросиё мамлакатлари парламентлари спикерларининг 4-йиғилишида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган Евросиё мамлакатлари парламентлари спикерларининг “Катта Евросиё: Мулоқот. Ишонч. Ҳамкорлик” мавзусидаги 4-йиғилишида иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, Евросиё мамлакатлари парламентлари Спикерлари йиғилиши 2016 йилдан бери ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинади.

Бу йилги анжуманда 70 дан зиёд хорижий делегация, шунингдек, 25 га яқин Спикер, шу жумладан, Хитой, Россия, Туркия ва бошқа давлатларнинг парламент раҳбарлари иштирок этди.

Мазкур тадбирнинг ўтказилишидан асосий мақсад халқаро майдонда умумий манфаатларни ҳимоя қилиш асосида Евросиё мамлакатлари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришдан иборатдир.

Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мамлакат тараққиётининг муҳим ҳужжати — Ҳаракатлар стратегиясининг мазмуни-моҳияти, мақсади, шунингдек, кейинги йилларда эришилган ютуқлар ва истиқболга мўлжалланган ҳамкорликдаги режаларни тадбир иштирокчиларининг эътиборига етказиш Ўзбекистон парламенти делегациясининг ушбу учрашувдаги иштирокининг асосий мақсади ҳисобланди, дейилади парламент хабарида.

Мавзуга оид