«Махсус хизматларга ва прокуратурага кенг ваколат бериб юборилган». БМТ махсус маърузачиси суд-ҳуқуқ соҳасида ҳал қилиниши керак бўлган 6 масалани айтди
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Тошкентда меҳмон бўлиб турибди.
БМТ вакили бугун, 25 сентябрь куни Халқаро пресс-клубда ҳам меҳмон бўлди ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди.
Учрашув аввалида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини вақтинча бажарувчи Саша Грауманнга сўз берилди.
«Бизнинг ташкилотда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ташкил этилган. Унда 44 хил турдаги мандатлар бўлиб, улар турли мамлакатларга ташриф буюришади. Ташриф мобайнида ўша ердаги вазиятлар ўрганилади. Бундан ташқари, экспертлар билан учрашиб турли тадбирларда қатнашишади. Ўтган йили Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари Олий комиссар, дин ишлари бўйича махсус комиссар ҳам ташриф буюрганди.
Ҳурматли Гарсия-Саян 18 сентябрь куни Ўзбекистонга келди. У турли даражадаги мулозимлар билан учрашди, бу учрашувларда судьялар, адвокатлар мустақиллиги бўйича суҳбатлар олиб борилди. Шу муносабат билан Тошкент, Самарқанд ва Фарғонада учрашувлар ўтказилди», дея Саша Грауманнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Шундан сўнг сўз махсус маърузачига берилди.
«Ўзбекистон судьялар ва адвокатларни ҳуқуқини ҳимоя қилишда муҳим қадамларни қилишган. Бу борада баъзи қийинчиликларга ҳам дуч келинган. Бу борада жуда муҳим яна ҳам ёрдамчи қарорлар ва ҳаракатлар амалга ошириш керак. Биз давлат ташкилотлари, суд мутасаддилари, маҳаллий ҳокимият вакиллари, адвокатлар, турли нодавлат ташкилотлар ва бугун сизлар билан учрашиб турибмиз. Бугун Ўзбекистон президенти билан ҳам жуда конструктив учрашувни амалга оширдик.
Ҳукумат бу борада қилаётган ишларини эътироф этиш лозим. Ижобий жиҳатлар бор. Судьялар олий кенгаши, Судьялар олий мактаби каби муассасалар ташкил топгани каби қадамлар ташланган. Бу судьяларнинг прокурорлардан мустақил тарзда фаолият юритиб, аста-секин оқлов ҳукмлари ҳам чиқарилишига таъсир этмоқда. 2016 йилда бор-йўғи 6та оқлов ҳукми қайд этилган бўлса, бу йилнинг ўзида 500тадан ортиқни ташкил қилди.
Суд қарорлари оммага берилиши коррупциянинг олдини олувчи ҳолатлардан ҳисобланади. Бир масалада турли судьяда турлича қараш бўлса, бу коррупцияни келтириб чиқаради. Бу жараёнлар шаффоф тарзда йўлга қўйилиши керак. Шунга қарамай, бир қатор масалалар ўз ечимини кутмоқда ва улар жуда ҳам муҳим. Булардан энг асосийси 6тасини санаш мумкин.
Биринчидан, давлат хавфсизлик хизматининг бутун жамиятда, институтларда, адлия, суд тизимидаги иштироки масаласи бўлиб, бу албатта тарихий сабабларга эга. Бу бир неча ўн йиллар ташкилотлар шу асосда иш олиб борган. Буни тўғри қарорлар қабул қилган ҳолда ўзгартириш керак. Бу ўз-ўзидан ўзгармайди. Бу жамият эволюцияси натижасида ўзгариб боради. Иккинчиси, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ислоҳотлар даврида айнан судьяларни тайёрлашда эътибор қаратиш керак. Бу ишни қисқа ва узоқ муддатларга мўлжалланган қадамлар билан амалга ошириш керак. Бундай қадамларни Конституцияда акс эттириш керак. Яъни, инсон ҳуқуқлари аҳамиятли жиҳат ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича битимга имзо чеккан. Бу вақтда мен инсон ҳуқуқларига риоя этяпманми, қарорларим бунга мувофиқми деган саволни бериш керак. Бундай ёндашиш Конституциянинг бир моддаси сифатида киритиш муҳим ҳисобланади. Учинчиси, бу прокурорларни кенг ваколатларга эга бўлиши билан боғлиқ. Бу албатта, узоқ йиллар давомида судьялар, бизга гувоҳлар айтганидек, прокурорлар томонидан тайёрлаган қарорларни шундайлигича суд қарорига кўчирадиган бўлиб келган. Маслаҳат берган бўлар эдимки, бу прокуратуранинг кенг қамровли функцияларини қайта кўриб чиқиш керак. Уларнинг айниқса жиноий ишлардаги ваколатлари, яъни суд ишларида, тергов ва суриштирув ишларидаги иштироклари чекланиши лозим. Тўртинчиси, соҳада институционал жиҳатларга эътибор қаратиш керак. Олий судьялар кенгаши кучайтирилиши керак. Яна бир нечта йўналишни такомиллаштириш мумкин. Сиёсий кучни кафолатларини таъминлаш лозим. Бунинг учун судьялар кенгаш аъзоси бўлганида ўз ҳамкасблари томонидан сайланиши лозим. Судья бўлмаган бошқа аъзолар эса турли хил тармоқ аъзолари бўлиши керак. Бунинг ягона формуласи йўқ. Ҳаммада ўзига яраша устувор бўлган ҳолатлар ва камчиликлар мавжуд. Бешинчиси, Фуқаролик жамияти ва судьялар шаффоф тарзда иш олиб бориши керак. Яъни бу ерда ҳеч ким ўз ваколатини суиистеъмол қилиши керак эмас. Олтинчиси, адвокатлар билан боғлиқ. Бизнинг мамлакатда (Перу – таҳр.) керагидан ортиқ адвокат мавжуд. Бизнинг аҳоли ҳам деярли 33 миллионга яқин. Пойтахтимизнинг ўзида 70-80 минг нафар атрофида адвокат фаолият олиб боради. Ўзбекистонда эса бор йўғи 4 мингта адвокат мавжуд. Яъни, бу борада ҳам салбий фикрлар бўлиши мумкин. Адвокатлар кам ҳам, кўп ҳам бўлиши керак эмас. Улар етарли миқдорда бўлиши керак. Улар фуқароларни ҳимоя қилишлари керак. Бунинг учун кўпроқ адвокат керак. Янги юридик институтлар керак. Бу албатта инвестиция талаб қилади. Бутун Ўзбекистонда бор йўғи битта юридик институт бор. Ўйлайманки, шундай муассасаларни тарғиб қилиш керак. Бундан ташқари, адвокатларнинг автономлиги, яъни мустақиллигини таъминлаш лозим. Адвокатлар палатаси, уларга менинг маслаҳатим керак эмас, яъни уларнинг ўзи масалан, ким уларга аъзо бўлиши керак, уларнинг ҳайъати раислигида ҳам кимлар аъзо бўлиши керак, улар ўша адвокатлар орқали ўз аъзоларини сайлаши керак. Ва бу сайлаш жараёнига давлат ташкилотлари томонидан ҳеч қандай бир таъсир ўтказилиши керак эмас. Биламизки, адвокатлар палатаси ҳайъатида адлия вазирлиги вакиллари ҳам бор. Бу ҳам ўзгарар балки. Бундан ташқари, квалификацион ташкилотлар, ҳайъатлар бор. Улар ҳаммаси адвокатлар томонидан бошқарилиши лозим. Биз адвокатлардан шикоятлар ҳам олдикки, улар доимо ўз ҳимоясидаги шахслар билан учраша олмайди. Лекин, вақтинча сақлаш жойларини бориб кўрганимизда шароитлар борлигини кўрдик. Адвокатлар ўз ҳимоясидаги шахсларга ёрдам бериши керак.
Ўрганишларимиздаги баъзи камчиликларга сиёсий қарорлар билан ечим топса бўлади. Бу охирги 3 йилдаги жараёндир. Ўйлайманки, ёрдамчи шундай қарорлар ҳам қабул қилинади. Судьялар ва адвокатларнинг мустақиллиги бўйича ишлар давом этмас экан мақсадга эришиб бўлмайди», дея таъкидлади БМТ махсус маърузачиси.
Гарсия-Саян ўз маърузасидан сўнг, йиғилганларнинг саволларига жавоб берди. Ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар ўз қизиққан масалаларида саволлар беришди.
БМТ махсус маърузачиси бундан олдин президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган эди.
Таҳририят: Мазкур мақоладаги “Адвокатлар палатаси керак эмас. Яъни, уларнинг ўзи аъзолик, ҳайъат аъзолиги масалаларини ҳал этиши керак. Бунга уларнинг ўзи сайлаши керак. Бу сайлов жараёнига давлат ташкилотлари томонидан ҳеч қандай таъсир ўтказиш керак эмас” деган жумлалар Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг эътирозидан сўнг, қайта таҳрирланди ва маърузачининг сўзларига мувофиқлаштирилди.
Мавзуга оид
16:31 / 08.02.2022
Халқаро пресс-клубга янги раис сайланди
11:56 / 04.12.2020
«Олибқочар сўзлар билан вазиятни тинчитиш бўлмайди» – Асаджон Ходжаев мутасаддиларнинг муаммога жиддий қарамаслиги ҳақида
17:11 / 08.08.2020
Берилган ёрдамни эгасига етказиш пандемия давридаги синовдир - Имом-хатиб моддий ёрдамни эгаларига тўғри етказиш ҳақида
13:53 / 20.07.2020