Ўзбекистон | 08:45 / 25.09.2019
4939
2 дақиқада ўқилади

Содиқ Сафоев Оксфорд марказининг мажлисида иштирок этди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев жорий йил 23 сентябрь куни Британиянинг Оксфорд шаҳрида бўлиб ўтган Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази (ОИТМ) Халқаро академик консультатив қўмитасининг 11 мажлисида иштирок этди.

Мазкур тадбирда ОИТМнинг ўтиб бораётган йилдаги фаолияти якунлари, илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари ва халқаро академик ҳамкорликни ривожлантириш режалари муҳокама этилди.

Ислом тадқиқотлари Оксфорд маркази директори Фархан Низомий ва бошқа иштирокчилар Ўзбекистоннинг Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Беруний, Ибн Сино ва бошқа буюк ислом олами намоёндаларининг ишларини каталоглаштириш ҳамда нашр этиш, уларнинг тадқиқотларига бағишланган халқаро анжуманлар ва симпозиумлар ўтказишдаги саъй-ҳаракатларига кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Шу куннинг ўзида Содиқ Сафоев Оксфорд университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ҳамда тадқиқотчилари билан учрашув ўтказди.

Оксфорд университетининг Магдален-коллежи президенти Д.Клэри  республиканинг катта илмий ва кадрлар салоҳиятини қайд этиб, энергетика, сув ресурслари ва соғлиқни сақлаш соҳасида ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳақида сўзлади.

Британия олий ўқув юртларининг олимлари тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш мақсадида яқин келажакда университет делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишни режалаштираётгани ҳақида маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Бодлиан кутубхонасини бориб кўрди. Бу ерда чиғатой (эски ўзбек) тилида ёзилган бебаҳо қўлёзмалар сақланади. Делегация аъзолари Алишер Навоий “Ҳамса” достонининг асл нусхасини кўздан кечирди. Кутубхона вакиллари билан Мовароуннаҳр олимлари қўлёзмаларини каталоглаштириш ва факсимил нусхаларини яратиш масаласи муҳокама этилди.

Мавзуга оид