Жамият | 11:10 / 26.09.2019
30781
3 дақиқада ўқилади

«Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозирлар». Паст Дарғомда 25 йиллик фермернинг далалари тартибга зид равишда тортиб олинган

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган «Тараққиёт» фермер хўжалиги 1995 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётганди. Фермерлик шу йил январь ойида юз берган оптималлаштиришдан сўнг 150 гектардан зиёд майдонда ғалла ва пахта етиштирган.

Бироқ, фермернинг Kun.uz таҳририятига ёзган аризасига кўра, туман ҳокимининг 2019 йил 17 июндаги №2433-сонли қарори билан фаолият кўрсатиб турган фермернинг ерлари унинг розилигисиз олиб қўйилиб, «Камалак инвест» кластерига қўшиб юборилган. Бу ҳақда фермер хўжалиги раиси Даврон Ғайимов ҳикоя қилди.

— Икки гектар ерда пахтани бегона ўт босганини баҳона қилиб, туман ҳокими ерни мендан тортиб олиб, «Камалак инвест» кластерига ўтказиб берди. Мен ҳар гектаридан 90 центнердан етиштирилган ғалла ҳосилимни ҳам йиғишга улгурмадим. Тўғри, қилган харажатларимни қоплаб беришди. Бироқ ғалладан кўриладиган даромаддан айрилдим, ишчиларимга маош ва ғалла бера олмай қолдим.

Бу ишда ҳайратланарли томони шундаки, туман ҳокими Шунқор Худойбердиевнинг қарори Ҳукуматнинг 2013 йил 31 январдаги №22-сонли қарори билан тасдиқланган «Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига зид равишда қабул қилинган. Ҳукумат қарорига кўра, фаолият кўрсатиб турган фермер хўжалиги фақатгина иқтисодий суд қарори билангина тугатилиши мумкин.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, фермер ўзи эккан ғалла ҳосилини йиғиштириб, фойда ололмаган. Фермерликдаги пахталар айни пайтда қийғос очилиб турибди. Аммо, ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозирлар дастидан деҳқонлар далага кира олишмаяпти. Боз устига, фермер хўжалиги ишчиларига ҳам меҳнат ҳақини беролмасдан турибди.

Фермер Д.Ғайимов бу борада Паст Дарғом тумани прокурори А.Валиевга мурожаат қилганида унга «ҳоким қарори тўғри чиқарилган», деган жавоб берилган.

Шундан сўнг у юқорироқ органга мурожаат қилган. Паст Дарғом тумани ҳокимининг ўша қарорига нисбатан Самарқанд вилоят прокуратурасининг — вилоят прокурори ўринбосари С.Х.Усмонов имзоси билан протести келтирилган.

Бироқ, туман ҳокими ҳамда унинг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Ҳусан Бўриев ҳам бу ҳужжатни назар писанд қилмаяпти.

Хўш, чорак асрдан бери ерга меҳрини бериб, ҳалол меҳнат қилиб келаётган фермер чапак чалиб қолаверадими ёки Паст Дарғом туман ҳокимлиги раҳбарлари қонунга хилоф равишда тугатилган фермер хўжалигини яна қайтадан тиклаб беришадими? Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz мухбири.
Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи.

Мавзуга оид