Жамият | 13:47 / 26.09.2019
9415
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Самарқанддаги мебель цехларида ёнғин содир бўлди

Фото: ФВВ ЁХББ матбуот хизмати

2019 йилнинг 25 сентябрь куни соат 19:02 да Сергели тумани, Чоштепа кўчаси 173-А-уйда жойлашган “Автомагистрал йўл қурилиш тиклаш бошқармаси” ДУК ҳудудида ижарада бўлган “Ойимсара мебель” ХКга қарашли мебель ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида Тошкент шаҳар ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси маълумотида айтилишича, хабар асосида воқеа жойига саккизта ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга 9 дақиқада етиб борганда, мебель ишлаб чиқариш цехи очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган. 

Ёнғин соат 19:53 да ўраб олиниб, 20:28 да бартараф этилган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғиндан цехнинг 580 кв. метр майдони сақлаб қолинган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ёнғин оқибатида мебель ишлаб чиқариш цехининг 320 кв. метр майдони ёниб зарарланган. 

Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Шунингдек, 2019 йилнинг 25 сентябрь куни соат 14:08 да “Қавола” МФЙда жойлашган “Зар мебель” оилавий корхонасига қарашли мебель ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида Самарқанд шаҳар ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.

Хабар асосида ёнғинни бартараф этилишига тўртта ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар воқеа жойига 12 дақиқада етиб борганда, «Зар мебель» ОКга қарашли мебель ишлаб чиқариш цехининг ички қисми қуюқ қора тутун билан қопланган ҳолда очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган. 

Ёнғин соат 14:45 да ўраб олиниб, 16:10 да бартараф этилган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ёнғин оқибатида ишлаб чиқариш цехининг 95 кв.метр майдонда томи, ички қисми, жиҳозлари ва тайёр маҳсулотлари ёниб зарарланган. 

Ёнғинни тахминий сабаби - ишлаб чиқаришда технологик регламентнинг бузилиши. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Мавзуга оид