Жаҳон | 00:32 / 26.09.2019
9470
2 дақиқада ўқилади

Халқаро валюта жамғармасига янги раҳбар тайинланди

Фото: EPA

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ижроия кенгаши Болгария вакили Кристалина Георгиева номзодини ХВЖ директори лавозимига тасдиқлашга қарор қилди. 

Таъкидланишича, Георгиева 2019 йил 1 октябрдан бошлаб 5 йилга ХВЖ бошқарувчи директори ва ижроия кенгаши раиси лавозимини эгаллайди. Кристин Лагард ўрнини эгаллайдиган Георгиева ХВЖ ташкил этилган 1944 йилдан бери шаклланаётган бозор иқтисодиётига эга давлатдан бўлган биринчи ХВЖ директори бўлади.

Георгиева ушбу лавозимга ягона номзод бўлган.

Аввалроқ ХВЖ Георгиева ушбу лавозимни эгаллаши учун директорга ёш чегарасини бекор қилган. 1951 йилдан бошлаб ХВЖ раҳбари лавозимига 65 ёшдан катталар қаралмаган. Георгиева эса 13 августда 66 ёшни қоралаганди. Бироқ аввалги қоидаларга кўра, ХВЖ раҳбари 70 ёшдан кейин ўз лавозимини тарк этиши керак.

Кристалина Георгиева болгариялик иқтисодчи ва профессор, барқарор ривожланиш бўйича мутахассис бўлиб, 2010 йилдан бошлаб Еврокомиссияда ишлай бошлаган, 2017 йилда Жаҳон банки ижрочи директори лавозимини эгаллаган. 

ХВЖ раҳбари Кристин Лагард Европа марказий банки раиси лавозимига номзоди  илгари сурилгандан кейин 12 сентябрда истеъфога чиққанди. Лагарднинг ўрнини унинг биринчи ўринбосари Дэвид Липтон вақтинчалик эгаллаб келган.

Мавзуга оид