Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Режада бўлган, лекин чиқариб ташланган» — Попнинг аянчли ҳолатдаги йўллари ва немис асирлари қурганидан бери таъмирланмаган шифохона ҳақида
Наманган вилояти марказидан йўлга чиқиб, Тўрақўрғондан ўтсангиз, Чуст тумани бошланади. Чапга қайрилиб, яна узоқ йўл юриб кейин йўлнинг ўнг томонидаги адирликлар аста-секин, ўсиб-ўсиб тоғларга айлана бошлайди. Демак, Попдасиз.

Поп тумани марказидан 30-40 километр узоқликдаги аҳоли Парда Турсун қишлоғи, деб атовчи, «Имом ота» МФЙ томон бориб, ярим йилдан бери ўз муаммоларини аризалар ва суратларга олиб жўнатаётган аҳоли вакиллари билан учрашишимиз керак эди.
Парда Турсун қишлоғи, яъни «Имом ота» МФЙга яқин ҳудудда - «Маданият», «Чоркесар» ва «Бунёдкор» маҳалла фуқаро йиғинлари мавжуд. Бу тўртта маҳаллани аҳоли умумий номда Парда Турсун қишлоғи деб атайди.
Ёзувчи Парда Турсун мана шу ҳудуддаги Чоркесар маҳалласида дунёга келган ва ушбу ҳудудга кейинчалик унинг номи қўйилган.
Қишлоқлар тоғ олдига жойлашгани, баҳаволиги, сўлим табиати сабаб, баҳор ва ёзда водий аҳолиси энг кўп дам олгани келадиган жойлардан бири саналади. Бир сўз билан айтганда – туристик маскан.
«Бу йўллар, кўп қадим йўллардир...»
Хизмат юзасидан водийнинг деярли барча жойларини автоуловда кезиб юрамиз. Ишонинг, аввал кўрган йўлларимиз Парда Турсунга бориш йўли олдида «равон йўл» экан.
Тоғ ва адирликлар ўртасидаги, кунига ўн минглаб одам машинада босиб ўтадиган йўлнинг аҳволини сўз билан таърифлашнинг иложи йўқ. Йўлнинг 30 километри худди биров атайлаб чуқурлар қазиб чиққанга ўхшайди. Ишқилиб ҳайдовчимиз, «Қайтайлик, менга автомашинам ҳали керак бўлади!», деб қолмасин деган хавотир ҳам пайдо бўла бошлади.


Йўлдан ўтаётган ҳайдовчилар камерамизни кўргач, ўзлари тўхтаб йўлнинг ҳолатидан жуда норозиликларини билдира бошлашди. «Зўрға, биринчи, иккинчи тезликда юрамиз. Автомашиналаримизнинг «ходовой»лари тинимсиз ишдан чиқади. Яхши, бизнинг «дод»имизни эшитадиганлар ҳам бор экан. Ўн мингдан зиёд аҳоли туман марказига мана шу йўл ҳам дейишга арзимайдиган ўнқир-чўнқирдан қатнаб келмоқда. Йўл қачон таъмирланганини ёддан чиқариб юборганмиз. Сўнгги марта 30-40 йил олдин таъмирланган бўлса керак», дейди ҳайдовчилардан бири.




Қишлоқлар ичидаги йўллар бундан-да баттарроқ аҳволда. Ундан аҳоли ва болалар ҳар куни мактаб, боғча томон ва турли кундалик юмушларга қийналиб бориб келади.
«Шу қишлоқда яшайман. Йўлларимизнинг ҳолати кўп йиллардан бери жуда ёмон ҳолатда. Аҳолига жуда қийин бўляпти. Раҳбарларнинг ваъдаси берилади, лекин таъмирдан дарак йўқ. Носоз йўлларни қишдаги ҳолатида кўрмабсиз. Парда Турсунга ёз ойларида водийнинг ҳар томонидан ўн минглаб одамлар дам олгани келарди. Халқнинг тирикчилиги ҳам шу меҳмонларнинг орқасидан эди. Борган сари меҳмонларнинг қадами ҳам озайиб кетди. Сабаби йўл ўта ёмон аҳволдалигида. Бизга ҳам раҳбарлар келиб амалий ёрдам берармикин?», дейди шу ерлик Ҳалимбой Каримов.

Қишлоқдаги хонадон эгалари дам олгани келадиган меҳмонлар учун чойхоналар, сўрилар ташкил этиб, уларга хизмат қилиш орқали тирикчилик ўтказишади.
Йўллар билан танишгач, бешта маҳаллага хизмат қилувчи шифохона томон йўл олдик.
Бизни бу жойда муаммоси йўллардан ҳам кўп бўлган муассаса кутиб турган экан.
Немис асирлари қурган шифохона ҳали ҳам таъмир кўрмаган
13 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатувчи туман тиббиёт бирлашмасининг Чоркесар бўлимидамиз. Шифохона уч бўлимдан иборат. Болалар, катталар, туғруқ ва хўжалик ҳисобидаги бўлим. Жами 55 ўринга эга муассаса.


Шу ерда яшовчи кексаларнинг айтишича, касалхона 1955 йилда немис асирлари томонидан қурилган экан. Шифохона бинолари ўша қурилгандан кейин мана 74 йилдан буён бирор марта таъмир кўрмабди. Шароитлар ҳам ўша ўтган асрдаги ҳолатда. Бемалол тарихий обидалар қаторига қўшиш мумкин бўлган бинолар эскириб, харобадан фарқи йўқ аҳволга тушиб қолган.
Шарт-шароитлар ҳақида гапиришнинг ўзи қийин. Оддий қулайликлар – бинолар ичидаги ҳожатхона, ичимлик суви, иситиш ва совутиш тизими йўқ ва бўлмаган ҳам. Хоналар ичидаги совуқ ва иссиқ сув ҳақида ҳам шу гапни такрорлаш мумкин. Беморлар шифохона четидаги очиқ майдонга қурилган, умуман санитария талабларига мос келмайдиган ҳожатхонага боришади.



Бир сўз билан айтганда, шифохонада тиббий муолажа ва даволаниш учун ҳеч қандай шароитнинг ўзи йўқ.

«Набирамни олиб ётибман. Шароитларга эса мана ўзларинг гувоҳ бўлиб турибсизлар. Ўта эски бинолар. Иссиқ сув ҳам, совуқ сув ҳам йўқ. Ҳожатхона ташқарида. Хоналарнинг сувоқлари кўчиб кетган. Тиббиёт аввало тозалик дегани эмасми ахир? Биз ҳам ўша телевизорларда кўрсатиладиган шифохоналарни орзу қилиб қолаверамиз шекилли», дейди Гулнорахон Ҳайдарова.
Қоронғи йўлакдан юриб, навбатдаги палатада ётган отахон билан суҳбатлашдик. Эски каравотга ўтираётганимда, бемор «эҳтиёт бўлинг, каравот эски, ағдарилмасин деб оёғига ғишт қўйганмиз», дея огоҳлантирди.


«Одамнинг раҳми келадиган шароитда даволаняпмиз. Мен ётган каравот ҳам йиқилай деб турибди. Ёшим етмишда, иккинчи гуруҳ ногирониман. Қишлоққа шифохона керак. Борлиги яхши. Лекин, бу ерда шароит умуман йўқ. Таъмири, эски жиҳозларини гапирмай. Ҳожатхона жуда узоқда. Қариялар баъзи ҳолларда етиб бора олмай ҳам қоляпти. 1956 йилда шу посёлка билан бирга касалхона ҳам қурилган. Немислар бунёд этган бинолар ўшандай турибди. Бирор марта таъмирланмади. Ўтган асрда бу ерда уран ва мармар қазиб олувчи шахталар ишларди.
Бундай шароитда яшаш учун халқнинг нима айби бор болам... Йўлнинг 10 километрини ҳам халқ ўзи қурди. Қолгани ачинарли ва носоз. Оғирроқ касал Поп марказига техникада мана шу йўллардан боришини тасаввур қилинг. Ҳеч бўлмаса, халқ учун касалхонани эпақага келтиришса бўлар эди. Ўзи 13 минг кишига биргина касалхона камлик қилади. Борида ҳам шароит йўқ», дейди Исматилла Асадов.
Отанинг олдидан чиқиб яна бир бемор онанинг олдига кирдик. 35 йил муаллималик қилган Муҳаббатхон Абдуллаева касалхонадаги шароитларни гапира туриб, йиғлаб юборди.

Кўп сонли аҳолига бир дона «Тез ёрдам» машинаси хизмат қилар экан. Ичимлик сувини тиббиёт ходимлари ташиб келишади. Сувсиз тозалик, даволаш, тиббиёт бўладими?
Шифохонани уч нафар врач ва 60 нафардан зиёд ҳамшира ўз кучлари билан тоза ва покиза ушлаб туришга уринишмоқда.

Ҳамширалардан бири Дурмина Умаровани зўрға интервью беришга кўндирдик.
«11 йилдан бери шу ерда ишлайман. Беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун шифокорлар етарли, аммо шароитимиз йўқ. Биноларни ўзимиз қўлдан келганича суваб, буёқ суртиб таъмирлаймиз. Ҳожатхона узоқда, иссиқ сув тугул оқиб турадиган ичимлик сувининг ўзи йўқ. Биноларимиз қишда совуқ, ёзда иссиқ. Қишда касал кўпайиб кетади. Беморларни асраш учун хоналарга печка ёқиб қишдан чиқамиз. Бошқа қишлоқ, шаҳарларга бориб, касалхоналарни кўрганимизда ҳавасимиз келади. Қачонлардир бизда ҳам шундай яхши шароитлар бўлар, деб орзу қилиб ишлаб юрибмиз», дейди тиббиёт ходими.
Чоркесар шифохонасида оддий тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган шароитлар йўқ.
«Муассасага бирор марта вилоят, туман ҳокимлари, соғлиқни сақлаш мутасаддилари келганмикин?», деган савол туғилди.


61 мактаб ва сиҳатгоҳ муаммолари
Ҳудудда ишлаб чиқариш деярли йўқлиги сабаб, ёшлар асосан Россияга ишлагани боришади. Бир вақтлар конлари, чорвачилик ва даволаш маскани билан донг чиқарган қишлоқда иш ўринлари яратилиши жуда долзарб масала.
Яқинда қуриб битказилган 61-мактабга бордик. Қурувчилар мактабда ишларни юз фоизга бажаришмаган. Бу ерда ҳам ичимлик суви йўқ. Сувни ташиб келишар экан.

Тоғ олдига жойлашган Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги сиҳатгоҳ ҳам яқин 30 йилдан бери таъмир кўрмабди.
Сувоқлари кўчиб, ярим хароба ҳолатидаги бинолардан собиқ иттифоқ даврининг ҳиди кетмаган. Қандай қурилган бўлса шундайлигича турибди.

Тиббиёт ходимлари яқин йилларда санаторий капитал таъмирланиши мумкинлигини айтишди. Ишқилиб, уларнинг айтгани рост чиқсин...
Мутасадди: «Шифохона муаммосини ҳал этиш учун маблағ йўқ!»
Поп тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Рустамали Эргашевга юқоридаги муаммоли ҳолатлар бўйича савол бердик.
«Поп туманининг «Имом ота», «Маданият», «Чоркесар» ва «Бунёдкор» МФЙлари тоғ олдидаги аҳоли тарқоқ яшайдиган ҳудуд ҳисобланади. Оғир ҳудуд.
Чоркесардаги шифохонанинг бугунги ҳолати билан танишмиз. Ҳақиқатдан аҳвол жуда ёмон. Лекин, шифохона жорий йил ва кейинги 2020 йилга ҳам Дастур бўйича таъмирланишга тушмаган. 2020 йилда Поп тумани марказидаги Марказий поликлиника таъмирланади. Чоркесар бўлимининг таъмирланиши катта маблағ талаб қилади. Режада бўлган, лекин чиқариб ташланган. Сабаби, маблағ йўқ.
Йўл масаласига келсак, Поп тумани марказидан Парда Турсунгача бўлган йўлни Жаҳон Банки кредитлари асосида 2019 йилнинг тўртинчи кварталида таъмирлаш режалаштирилган. Айни пайтда «съёмка» ишлари кетяпти. Йўл бўлади.

Ичимлик суви масаласи ҳам катта маблағ талаб қилади. Аҳоли ичимлик сувини булоқлардан олиб келиб ичяпти. Бу муаммо ҳақиқатда бор», дейди мутасадди.
Якун
Kun.uz ижодий гуруҳи бир кун давомида йўл, шифохона, мактаб ва санаторийдаги муаммоларни ўргана олишга имкон топа олди, холос.
Ҳолбуки, Парда Турсун қишлоғи ва унинг атрофидаги маҳаллаларда яшовчи аҳолини қийнаб келаётган келаётган камчиликлар жуда кўп эди.
Фуқароларнинг яхши ҳаёт кечиришлари учун шароитлар ҳаминқадар. Иш ўрни яратиш, ижтимоий объектлар ҳолати, ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар эса энг долзарбларидир.

Энг асосийси, мазкур ҳудуднинг ички туризм учун салоҳияти зўр!
Аҳоли вакилларининг ҳисоб-китоб қилишича, бир йилда Парда Турсун қишлоғига 200 мингга яқин киши дам олиш учун келиши мумкин. Ажойиб табиати, хушманзара жойлари бўлган баҳаво ҳудудга маҳаллий ва хорижий туристлар учун - йўл, дам олиш жойлари, меҳмонхоналар, тиббиёт масканлари, коммуникация ва бошқа қулайликлар қурилса маблағ ҳам юзлаб иш ўринлари яратилиши тайин. Бунинг учун комплекс режа зарур.
Поп тумани мутасаддиларининг дўппини бир четга қўйиб ўйланадиган пайти аллақачон етиб келган...
Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов,
Тасвирчи, Аҳрорбек Ёқубжонов
Мавзуга оид
09:10 / 17.05.2025
Намангандаги қабристонда ёнғин содир бўлди
14:18 / 15.05.2025
Шавкат Мирзиёев Kun.uz танқид қилган масала бўйича қонун лойиҳаси тайёрлашни буюрди
15:16 / 14.05.2025
Давлат шифохоналаридаги пулли хизматлар қимматлашади
18:58 / 18.04.2025