Жамият | 19:20 / 27.09.2019
20290
4 дақиқада ўқилади

Ёнган автобуслардан GPS-назоратигача: Тошкент автобуслари ҳақида батафсил

Пойтахт инфратузилмасининг энг муҳим қисмларидан бири йўловчи ташиш тизими ҳисобланади. Тошкент шаҳрида йўловчи қатнови метро, автобус, йўналишли такси (маршрутка) ҳамда кира таксилари орқали амалга оширилиб, автобуслар энг талабгир транспорт воситаси саналади.

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти мутасаддилари медиа вакиллари учун уюштирилган пресс-тур давомида Тошкент шаҳридаги автобус қатнови билан боғлиқ тафсилотларни баён қилди.

Маълум қилинишича, Тошкент бўйлаб жами 1000дан зиёд автобус 136та йўналишда ҳаракатланади. Бир кунда барча йўналишлар бўйича 16 049та қатнов амалга оширилади, яъни бу автобуслар худди шунча марта турли йўналишлар бўйича бориб келишини англатади.

Автобуслар орқали бир йилда 200 миллиондан зиёд йўловчи ташилади. Йўловчиларнинг 47,8 фоизи ойлик йўл чипталаридан (проездной) фойдаланади, 2,2 фоизини эса имтиёзга эга бўлган (уруш фахрийлари, ҳарбийлар ва ҳ.к) йўловчилар ташкил этади. Бир ойда аҳоли томонидан 60 752та ойлик йўл чиптаси ва 433 минг дона транспорт жетони харид қилинади.

Шаҳар аҳолиси ҳар куни ўз манзилига қулай ва осон етиб бориши учун «Тошшаҳартрансхизмат» таркибида 5 274 нафар ходим, хусусан, 2 803 нафар ҳайдовчи меҳнат қилади. Автобус ҳайдовчилари бошқарилаётган автобус русумидан келиб чиққан ҳолда 1,7-2,7 млн сўм атрофида ойлик маош олишади. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раиси Моҳир Валиевнинг қайд этишича, ташкилотнинг янги низоми ишлаб чиқилаётган бўлиб, унда ҳайдовчилар маошини белгилашнинг янги тизими киритилади.

«Ташкилотимиз ягона акциядор ва корпоратив бошқарувга ўтмоқда. Ҳайдовчиларнинг ойлигини янги тартиб асосида белгилашни режалаштирганмиз. 8та даражага асосан мукофотлаш тизими ишлаб чиқиляпти. Ҳайдовчилар берилган режага боғлиқ бўлиб қолмаслиги, маошидан қониқишини таъминламоқчимиз. Шунда ўзаро пойга ўйнаш, қўпол тормоз бериш, тезликни ошириш каби ҳолатларга ҳам чек қўйилади», ─ дейди Моҳир Валиев.

Шунингдек, автобусларнинг техник ҳолати, уларга техник хизмат кўрсатиш тизими ҳақида ҳам маълумот берилди. Акциядорлик жамияти таркибида бўлган «Тошавтотаъмирхизмат» унитар корхонаси барча автобусларнинг техник жиҳатдан соз бўлиши билан шуғулланади. Бир кунда корхона томонидан ўртача 18та автобусга техник хизмат кўрсатилади, техник комиссия куни этиб белгиланган сешанба ва пайшанба кунларида эса барча автобуслар тўлиқ техник назоратдан ўтказилади.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизмати раҳбари Равшан Ёқубжоновнинг таъкидлашича, илгари тез-тез кузатилган автобусларнинг ёниб кетиши ҳолатларига ҳозирда чек қўйилган.

«Автобусларнинг ёниб кетиш ҳоллари уларнинг эскириб қолгани билан боғлиқ бўлган. Бундай носозликларни бартараф этиш, техник ҳолатни яхшилаш мақсадида 2 млрд сўм пул ажратилиб, барчаси яхшиланди. Автобуслар ўртача 7 йил хизмат қилишга мўлжалланган бўлади. Ҳозир эса 10 йилдан бери юриб турган автобуслардан ҳам фойдаланиляпти. Яқин муддатда барча автобусларни тўлиқ янгилаш режалаштирилган», ─ дейди Равшан Ёқубжонов.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ биносида GPS-назорати маркази ташкил этилган, бу ерда автобусларнинг ҳаракати тун-у кун онлайн режимида кузатиб турилади.

«Автобусларнинг қайси йўналишда ҳаракатланаётгани, тезлиги, қайси бекатда экани, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши каби ҳолларнинг барчаси бу марказда назорат қилинади. Жавобгарликдан қочиш мақсадида GPS ускунасини атайлаб ўчириб қўядиган ҳайдовчиларга нисбатан кескин интизомий чоралар кўрилади», ─ дейди катта диспетчер Дилдора Охунжонова.

Жамият масъул ходимларининг ахборотига кўра, яқин муддатда барча автобусларда электрон тўлов тизимини жорий қилиш режалаштирилган. Шунингдек, ҳозирда мажуд автобусларнинг 60таси кузатув камералари билан, 160таси кондиционер билан жиҳозланган. Бекатлар номини овозли тарзда эълон қилиш тизими ҳам синов тариқасида қўллаб кўрилмоқда. Кондиционер, кузатув камераси ва электрон табло тизими барча автобусларда жорий қилиниши кутилмоқда.

Мавзуга оид