Жамият | 07:32 / 28.09.2019
42258
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк инфляцион таргетлаш режимига ўтиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Марказий банк томонидан Ўзбекистон Республикаси президентининг “Давлат пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш ҳамда Ҳукумат ва Марказий банкнинг иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича чоралари самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Давлат интректив хизматлари ягона порталига жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Фармон лойиҳасида пул-кредит сиёсати шароитларини инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтказиш ҳамда 2023 йилдан инфляциянинг доимий мақсадли кўрсаткичи (таргет)ни 5 фоиз даражасида белгилаш назарда тутилмоқда.

Амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар, жумладан тартибга солинадиган нархларнинг эркинлаштирилиши ва солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар таъсирида инфляция ҳозирги икки хонали сон даражасида сақланиб қолиш хатари ошиб бормоқда. Бундай шароитда инфляцияни жиловлаш бўйича янада қатъий чораларни кўриш зарурлиги инфляцион таргетлашга ўтиш жараёнини жадаллаштиришга туртки бўлди.

Инфляциянинг жорий динамикаси ва прогноз кўрсаткичлари Марказий банкка нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича юклатилган вазифаларидан келиб чиқиб, мазкур йўналишда аниқ ва янада таъсирчан чоралар кўришни тақозо этмоқда.

Инфляцион таргетлаш шароитлари ва мақсадларининг белгилаб олиниши Ҳукумат ва Марказий банкнинг инфляцияни барқарорлаштириш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатларини самарали амалга оширилишига хизмат қилади.

Таҳлил ва ҳисоб-китоблар, Фармон лойиҳасида келтирилган қатъий пул-кредит сиёсатининг юритилиши, давлат йиғма бюджетининг мувозанатли ижро этилиши, шунингдек иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида таркибий ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши каби шартларнинг бажарилиши 2023 йилда инфляциянинг мақсадли даражасига эришилишига хизмат қилишини кўрсатмоқда.
 
Шу билан бирга, инфляцияни пасайтириш ва уни иқтисодиёт учун мақбул даражада ушлаб туриш ҳамда инфляцион кутилмаларни жиловлаш мақсадида Фармон лойиҳасида пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш ва унинг янги инструментларини жорий қилиш, Марказий банк фоиз сиёсатини тезкорлиги ва мослашувчанлигини ошириш кўзда тутилган.

Фармон лойиҳасининг макроиқтисодий сиёсат ва таркибий ислоҳотлар соҳасидаги чора-тадбирлар қисмида қуйидагилар назарда тутилган:

давлат мақсадли дастурлари доирасида кредитлар ажратиш усуллари ва тамойилларини қайта кўриб чиқиш, фоиз ставкаларини белгилашда 2020 йил 1 январдан Марказий банк қайта молиялаш ставкасидан кам бўлмаган даражада, 2021 йил 1 январдан эса бозор ставкаларида белгилаш, зарурий ҳолларда фоиз харажатларининг маълум бир қисмини қоплаб бериш механизмини қўллаш;

фискал сиёсат соҳасида чоралар “бюджет қоидалари”ни ишлаб чиқиш ҳамда 2020 йилдан давлат ички ва ташқи қарзлари йиллик ўзгариш параметри чегарасини тасдиқлаш амалиётини йўлга қўйиш каби йўналишга қаратилган;

Давлат бюджетини белгиланган кўрсаткичлар доирасида ижро этиш, шунингдек солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсати мувофиқлигини таъминлаш ва бошқалар.

Мазкур фармон билан шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга кўра иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинадиган қарорлар, биринчи навбатда сифатли ва мувозанатли иқтисодий ўсиш ҳамда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадларига мос келувчи тамойил ва вазифаларга асосланади.

Бу, ўз навбатида, замонавий ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузулмани яратиш, тартибга солинадиган нархларни эркинлаштиришни якунига етказиш, давлат корхоналарини ислоҳ қилишда улар фаолиятига бозор механизмларини жорий қилиш, меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлигини ошириш каби вазифаларни ўз ичига олади.

Маълумот учун: инфляцион таргетлаш - пул-кредит сиёсатининг режими бўлиб, унга кўра охирги мақсад сифатида нарх барқарорлиги кўзланади. Марказий банк фоиз сиёсати воситасида уни таъминлаш чораларини кўради ва ўз сиёсатининг натижаси учун оммавий жавобгар бўлади.

Мавзуга оид