Жамият | 12:10 / 29.09.2019
34909
6 дақиқада ўқилади

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот раҳбари 8 ой ичида 5 марта ишдан бўшатилиб, 4 марта қайта тикланди

Сўнгги пайтларда ноқонуний ишдан бўшатилиш билан боғлиқ ҳолатларга дуч келаётган, ўз муаммосига ечим топишда ёрдам сўраб, таҳририят эшигини тақиллатаётганлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Ана шундайлардан бири олти йилдан буён Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмаси раиси сифатида фаолият юритиб келаётган Инобат Хасановадир.

Қизиқ томони, Инобат Хасанова 8 ой ичида ушбу лавозимдан 5 марта бўшатилган, шундан 4 мартасида лавозимига қайта тикланган. У ноқонуний ишдан бўшатилаверишдан, судма-суд юриб, айбсиз эканини исботлашдан чарчаганини айтиб берди.

У тақдим қилган ҳужжатлар орасида унга Федерация томонидан ҳар йили берилган фахрий ёрлиқлар ва моддий рағбатлантиришларга оид ҳужжатлар мавжуд эди.

Воқеаларнинг бошланиши: Раис бошқа ишга ўтишни таклиф қилган

«2018 йилнинг октябрь ойида Республика истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов қўнғироқ қилиб, мактабгача таълим соҳасига ўтишни таклиф этди. Мен бу таклифга рад жавобини берганимдан сўнг, ноябрь ойида такроран вилоят хотин-қизлар қўмитаси матбуот котиблиги вазифасига ўтишни таклиф қилди», дейди Инобат Хасанова.

8 ой ичида беш марта ишдан олиниб, тўрт марта қайта тикландим

Инобат Хасанова Федерация раисининг бошқа ишга ўтишга оид таклифига рад жавоби бергач, унинг устидан аризалар келиб туша бошлайди. Бу аризалар Самарқанд вилояти Оқдарё ва Булунғур туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари раислари томонидан ёзилади.

И.Хасанованинг таъкидлашича, айнан шу туманлар раисларининг ишларида кўплаб камчилик ва пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари кузатилган.

Биринчи марта ишдан олиниши

2018 йил 7 декабрь куни И.Хасанова ноқонуний тарзда, Федерация уставининг 5та талабини бузган ҳолда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси раиси Ж.Саримсоқов томонидан ишдан бўшатилaди. Шундан сўнг у ишдан бўшатилишининг барча сабаблари ноқонуний бўлганини исботлаб берaди ва ишга қайта тикланaди. Бироқ, 2019 йил 15 январь куни вилоят кенгаши йиғилишида Федерация раиси уни яна бир бор ишдан бўшатишга ҳаракат қилaди, лекин кенгаш аъзолари И.Хасановани ишдан бўшатишга қарши чиқишaди.

Иккинчи марта ишдан олиниши

2019 йил 31 январь куни Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси раиси томонидан И.Хасанова яна ишдан бўшатилади.

Шундан сўнг И.Хасанова фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, ҳуқуқлари бузилганини асослаб беради. Суднинг 2019 йил 19 мартдаги ҳал қилув қарори асосида И.Хасанова яна ишга қайта тикланади.

Учинчи марта ишдан олиниши

Федерация раиси 2019 йил 18 апрель куни вилоят кенгаши йиғилишини чақиртириб, И.Хасановани ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилади. Лекин номаълум сабабларга кўра ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ 2019 йил 25 апрель кунида чиқарилган. Шундан сўнг, И.Хасанова ушбу ҳаракатларга қонуний хулоса олиш мақсадида Адлия вазирлигига мурожаат қилади. Ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ ноқонунийлиги исботини топганидан сўнг, 2019 йил 20 май куни И.Хасанова учинчи марта ўз лавозимига қайта тикланади.

Тўртинчи марта ишдан бўшатилиши

И.Хасанова Федерация раисининг 2019 йил 21 июндаги 84ш/т-сонли буйруғи билан такроран – тўртинчи марта лавозимидан озод этилади. Аммо Фуқаролик ишлари буйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро суди томонидан берилган тушунтиришга мувофиқ Федерация раисининг 28 июнь 89 ш/т-сонли буйруғи билан ишга қайта тикланади.

Бешинчиси

Енгилган курашга тўймас деганларидек, Федерация раиси Ж.Саримсоқов 2019 йил 19 август куни ўзининг 121ш/т-сонли буйруғи билан И.Хасановани бешинчи марта ишдан бўшатди.

Чилонзор туман прокуратураси томонидан 2019 йил 30 август куни Федерация раиси Ж.Саримсоқовга мазкур буйруғини бекор қилиш тўғрисида 10.1/3437-19-сонли протест киритилган. Бироқ мазкур протестни ижро қилиш Федерация томонидан рад этилган.

И.Хасанованинг бешинчи бор ишдан бўшатилишига оид ҳолат Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ҳам ўрганиб чиқилган. Вазирликнинг давлат меҳнат инспекцияси Ж.Т.Саримсоқовнинг 2019 йил 19 август кунидаги 121ш/т-сонли буйруғини бекор қилиш юзасидан ёзма кўрсатма берган. Маълум бўлишича, Федерация вазирлик инспекциясининг ушбу ёзма кўрсатмаси устидан судга ариза киритган.

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан боғланиб, И.Хасанованинг такрор ва такрор ишдан бўшатилаверишига асосий сабаб нимада экани билан қизиққанимизда, бу федерация ташаббуси эмаслиги, балки ташкилотнинг вилоят кенгаши аъзолари (туман ташкилотлари назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин) И.Хасанова билан ишлашни исташмаётгани учун шундай бўлаётгани маълум қилинди. 

Ҳозирча Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов ва федерацияси Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмаси раиси (балки собиқ раисдир, буниси ҳозирча аниқмас) И.Хасанова ўртасидаги «кураш» давом этмоқда.

Бу курашларда анча толиққан И.Хасанова эса ваколатли давлат органлари бунга барҳам беришига умид қилмоқда.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Раҳматилло Исроилов
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид