Ўзбекистон | 19:30 / 30.09.2019
29742
3 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳридаги хусусий мактабда ўқувчи ва ўқитувчилар овқатдан заҳарланди

Бугун, 30 сентябрь куни Андижон шаҳрида жойлашган «Zahiriddin Muhammad Bobur Universal Academy» номли нодавлат таълим муассасасида овқатдан заҳарланиш ҳолати рўй берди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Фурқат Санаев Kun.uz’га ушбу мактабда рўй берган ҳолат тўғрисида маълумот берди.

«Zahiriddin Muhammad Bobur Universal Academy» нодавлат таълим муассасаси 2018 йилда фаолиятини бошлаган, муассасада ҳозирги кунда 238 нафар ўқувчига 29 нафар педагог ходимлар томонидан таълим бериб келинмоқда.

2019 йил 30 сентябрь куни муассаса ҳудудида жойлашган «Юсуф ширин мазали нонлари» МЧЖга қарашли мактаб ошхонасида тушлик учун тайёрланган овқат маҳсулотларини 217 нафар ўқувчи ва 19 нафар ходим истеъмол қилган (биринчи овқат нўхотли шўрва, иккинчи овқат лағмон).

Тушликдан 2-3 соатдан сўнг овқатланганларда кўнгил айниши, ич кетиши, субфебрил ҳарорат белгилари кузатила бошлаган, зудлик билан тез ёрдам чақирилиб, юқоридаги белгилар юзага келган беморлар шифохонага олиб келинган. Ҳозирда 3та шифохонада (вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази) 82 нафар ўқувчи, 3 нафар ўқитувчи ва 4 нафар бошқа ходим, соат 19:00 ҳолатига жами 89 нафар бемор белгиланган тартибда даво муолажаларини олмоқда. Шифохонада даволанаётган беморларнинг 3 нафари ўрта оғирликда реанимация бўлимида, барча беморларга етарли шарт-шароитлар, дори-дармонлар захираси яратилган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида алоҳида тезкор штаб ташкил этилди, барча беморлар назорат остида, шифохонага ётқизилмаган ўқувчиларнинг ота-оналарига боғланиб, ҳолат юзасидан тегишли тавсиялар бериб борилмоқда», дейилади хабарда.

Юз берган ҳолатни шахсан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги ўз назоратига олган, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг малакали мутахассислардан иборат ишчи бригадаси сафарбар этилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик Агентлиги ҳудудий бўлими ходимлари томонидан овқат намуналари олиниб, касалланиш сабаблари ўрганилмоқда.

Мавзуга оид