Ўзбекистон | 16:52 / 30.09.2019
23841
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятининг Бўз тумани Бўстон туманига ўзгартирилди 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати хабар бермоқда.

Ялпи мажлисда “Андижон вилоятининг Бўз тумани номини Бўстон туманига ўзгартириш тўғрисида”ги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 май куни Андижонда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев вилоят фаоллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нуронийлар, тадбиркорлар, ёшлар иштирокида йиғилиш ўтказганди.

Йиғилиш давомида Андижон вилоятининг чўлли ҳудуди ҳисобланган Бўз тумани ҳокими Иномжон Мамадалиев давлат раҳбарига 2020 йилда Бўз тумани ташкил топганига 70 йил тўлиши, туман ташкил этилганида унинг ерлари шўр бўлгани учун шундай ном берилганини, ўша пайтда Шароф Рашидов, «Бу бўз ерлар бир куни бўстонга айланади» дегани, айни пайтда Бўзда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар натижасида туманнинг номи ўзига ярашмай қолгани ҳақида гапирган. 

Ҳоким президентдан кейинги юбилей йилида туман номини Бўстонга алмаштириш учун туман оқсоқоллари, фаоллари номидан рухсат сўраган.

Давлат раҳбари туманда ижтимоий-иқтисодий объектларни ривожлантириш, бунёдкорлик ишлари амалга ошириш ва турли соҳалардаги ишларни жадаллаштириш учун 25 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиб берган.

Маълумот учун, Андижон вилоятидаги бу туман 1950 йил 5 апрелда ташкил этилган. 1962 йил 24 декабрда Шаҳрихон туманига қўшиб юборилган. 1964 йил 31 декабрда қайта тузилган. Бўз тумани шимол, шимоли-ғарбда вилоятнинг Улуғнор тумани, шимолда Балиқчи тумани, шарқда Шаҳрихон тумани, жануби-ғарбда Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани, жанубда Қўштепа тумани, жануби-шарқда Қува тумани билан чегарадош. Майдони 0,20 минг км2. Аҳолиси 70 мингдан зиёд киши. Бўз туманида 1 шаҳарча (Бўз) ва 3та қишлоқ фуқаролар йиғини (Манноп Жалолов, Ховос, Холдевонбек) бор. Маркази – Бўз шаҳарчаси. 

Мавзуга оид