Ўзбекистонда очиқ маълумотлар базасидан фойдаланишдаги муаммолар маълум қилинди
Бугун, 30 сентябрь куни Жаҳон банки мутахассислари иштирокида «Ўзбекистонда очиқ маълумотларга талаб: муаммолар ва имкониятлар» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда очиқ маълумотлар базасидан фойдаланиш тизимидаги муаммолар хусусида сўз юритилди.
Жаҳон банки тавсифига кўра, очиқ маълумотлар деганда кимдир томонидан исталган мақсадда фойдаланилиши ёки қайта фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларга айтилади. Очиқ маълумотлар ҳукумат ва иқтисодиёт вакилларига қўшимча иқтисодий фойда кўришга ёрдам беради. Яъни очиқ маълумотлар орқали йиллик кўрсаткичларни қиёслаб, ўсиш суръатларини баҳолаш мумкин бўлади.
Жаҳон банкининг рақамли ҳукумат бўйича катта маслаҳатчиси Влад Маноилнинг таъкидлашича, очиқ маълумотлар дастурини ишга туширишда асосий ролни Давлат статистика қўмитаси ҳамда Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги амалга оширмоқда, бу жараёнга хусусий сектор, ОАВ, илмий давралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳам жалб қилиниши лозим.
«Ахборот эркинлиги соҳасида сўнгги 3 йилдаги эркинликларга қарамай, Ўзбекистонда ҳалигача ахборот олишда давлат органлари томонидан тўсқинлик қилиниши ҳолатлари мавжуд. Кўплаб маълумотларнинг электрон кўринишда эмас, қоғозларда сақланаётгани ҳам ахборотнинг очиқлигига дахл қилади. Очиқ маълумотларни оммага ҳавола этиш бўйича аниқ бошқарув тизими мавжуд эмас. Интернет тезлиги пастлиги, АКТ инфратузилмаси етарли даражада ривожланмагани, сифатли кадрлар йўқлиги ҳам ахборот соҳасидаги муаммоларга сабаб бўлмоқда. «Сохта ясалган рақамлар» анъанаси сақланиб қолгани ҳам очиқ ахборотдан фойдаланиш, улар асосида сиёсий қадамларни ишлаб чиқишга халал бермоқда», дейди Жаҳон банки мутахассиси.
Норматив-ҳуқуқий базани соддалаштириш орқали маълумотлардан фойдаланишдаги тўсиқларни йўқотиш, маълумотларни очиқлик ва ёпиқлик хусусиятига кўра аниқ классификациялаш, иқтисодий ўсишга хизмат қиладиган маълумотларнинг очиқ ва аниқ бўлишини таъминлаш Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон учун тавсия қилинмоқда.
Тадбир давомида маълум бўлишича, ахборот билан ишловчи аксарият шахслар data.gov.uz (республика очиқ маълумотлар портали) платформаси мавжудлигидан хабардор эмас, хабардор бўлганлар ҳам мазкур платформадаги маълумотлар аниқ ва сифатли эканига ишонч билдирмайди.
Давра суҳбати давомида ОАВ вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари, дастурчилар томонидан Ўзбекистонда давлат идораларидан маълумот олишда дуч келинаётган муаммо ва тўсиқлар санаб ўтилди:
─ давлат идораларидан тақдим этиладиган статистик кўрсаткичлар кўпинча муддат жиҳатдан эски бўлади;
─ маълумотларни масъул шахслардан олиш узоқ вақт талаб қилади (ёзма мурожаат қилиш, жавоб хатини кутиш);
─ ОАВ вакиллари маълумотлар базаларидан фойдаланишдан кўра идораларнинг матбуот котибларига мурожаат қилишни маъқул кўришади, чунки электрон ресурслардаги маълумотларнинг аниқлигига ишонишмайди;
─ очиқ маълумотлар деганда айнан қайси ахборот тушунилиши ҳақида тасаввур мавжуд эмас;
─ маълумотлар билан ишлашдаги методология тез-тез ва асоссиз ўзгартирилади;
─ маълумотлар базаси билан профессионал тарзда ишлай оладиган кадрлар мавжуд эмас;
─ Давлат статистика қўмитаси маълумотларининг аксариятида аҳамиятлилик даражаси паст;
─ алоҳида илмий тадқиқотлар учун буюртма асосида статистик кузатувлар олиб бориш жуда қиммат баҳоланади;
─ кенг миқёсдаги сўровномалар ўтказилмайди, ўтказиладиганларининг ҳам натижалари очиқ эмас;
─ гендер, АКТ каби муҳим соҳалардаги энг элементар маълумотлар ҳам мавжуд эмас.
Мавзуга оид
16:57 / 25.10.2024
Талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича давра суҳбатлари ўтказилмоқда
21:12 / 27.09.2019
«Ўзбекистонда очиқ маълумотларни тақдим этмаслик миллий хавфсизликни таъминлаш ниқоби остига яширилади» - Жаҳон Банки эксперти
00:51 / 27.02.2019
Ўзбекистонда янги агентлик ташкил этилиши кутилмоқда
18:56 / 14.12.2018