Иқтисодиёт | 10:36 / 01.10.2019
30076
7 дақиқада ўқилади

Беҳзод Мусаев ҚҚС ставкасини 15 фоизгача туширишга нима туртки бўлганини айтди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, солиқ сиёсатида айрим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. ЎзА мухбири ушбу ислоҳотлар, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашдаги янги механизмларнинг мазмун-моҳияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев билан суҳбатлашди.

– Президентимиз фармонига биноан, 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилди. Ушбу ўзгаришнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Мутахассислар солиқ сиёсати бўйича ўз фикрларини билдирган ва қўшилган қиймат солиғи ставкаси юқори эканини таъкидлашганди. Аммо ўйлаб кўринг, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига тушумнинг учдан бирини қўшилган қиймат солиғи ташкил этади. Бу мамлакат олдида турган кўплаб харажатлар учун муҳим манба ҳисобланади.

Бугун бюджет ташкилотларида 1,7 миллион аҳоли доимий иш билан банд, 3 миллиондан ортиқ пенсия ёшидаги фуқаролар бор. Давлат томонидан уларга ҳар ой маош ва нафақалар берилади. Давлат ўз олдида турган ана шундай мажбуриятларни тўла бажариши учун ўтган вақт давомида қўшилган қиймат солиғини 20 фоизда ушлаб туришга тўғри келди.

Ўтган йилги солиқ концепциясида 2019 йил 1 январдан иш ҳақи фондига бўлган солиқ юкини камайтириш кўзда тутилганди. Натижада ушбу санадан бошлаб жисмоний шахсларнинг даромад солиғи 22 фоиздан ягона 12 фоизга туширилди. Саккиз фоизлик иш ҳақидан суғурта бадали олиш умуман бекор қилинди. Бу бир қараганда, бюджетга тушумнинг сезиларли камайишига олиб келишини англатади. Шу боис мутахассислар бу ўзгаришни катта таваккал, дея баҳолаганди.

Аммо Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаб иш тутиши натижасида тадбиркорлар яратилган солиқ имтиёзларидан оқилона фойдаланиб, ўз фаолиятини янада жонлантирди. Бунинг натижасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг давлат бюджетига тушуми икки бараварга ортиши кузатилди. Йилнинг биринчи ярмида қўшимча 571 минг солиқ тўловчи аниқланди. Даромад солиғи давлат бюджетини шакллантирувчи учинчи солиқ тури эканини инобатга олсак, бу муҳим аҳамиятга эга экани ойдинлашади.

Айни шу натижалар қўшилган қиймат солиғи ставкасини пасайтириш қарорини қабул қилишга туртки бўлди. Биз 15 фоизлик ставкани 2020 йил 1 январдан жорий этиш таклифини илгари сургандик. Аммо давлатимиз раҳбари бу амалиётни 1 октябрдан жорий қилиш ва иқтисодиётда бизнес учун енгилликлар яратиш бўйича топшириқлар берди.

Қўшилган қиймат солиғи ставкасининг туширилиши натижасида республика миқёсида хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида 10 триллион сўмдан ортиқ айланма маблағ тежаб қолинади.

– 15 фоизли қўшилган қиймат солиғи амалиётга жорий этилиши чоғида тадбиркорлик субъектлари олдида турган биринчи галдаги вазифаларга тўхталиб ўтсангиз.

– Шу кунгача назорат-касса аппаратлари хотирасига ёзилган формулага мувофиқ, харид қилинган маҳсулотлар учун 20 фоизлик қўшилган қиймат солиғи сақлаб қолинарди. 1 октябрдан бу амалиёт 15 фоиз этиб белгилангани боис назорат-касса аппаратларини қайта тизимлаш зарурати туғилади. Муддати тугамаган шартномаларга эса тузатиш киритилади. Шунингдек, бизнес субъектлари имзолаган ҳар бир шартномани қайта инвентаризация қилиши керак.

– Фармонга мувофиқ, ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 12 фоизга туширилди. Ушбу тизимнинг жорий этилиши ва ўзига хослиги юзасидан ҳам ўз фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Бу йилдан бошлаб ягона ижтимоий тўлов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадини шакллантирувчи асосий тўлов манбаи ҳисобланади. Шу боис йил бошидан меҳнат ҳақига солиқ юкини камайтириш жараёнида ягона ижтимоий тўловни сақлаб қолиш ва улардан тушадиган тушумларни кескин хавф остига қолдирмаслик мақсадида устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар учун аввалги 25 фоизлик ставка сақлаб қолинган эди. Қолган хўжалик юритувчи субъектлар учун ушбу рақамлар 12 фоизгача камайтирилди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда давлат улуши бўлган 4 минг 609 корхона мавжуд. Уларда қарийб 665 мингга яқин киши иш билан банд. Янги амалиёт сабаб улар ҳисобида 2,7 триллион сўм маблағ жамғариб қолинади. Шу тариқа корхона ўз фаолиятини ривожлантириш, ходимларга қўшимча маош тўлаш имконига эга бўлади.

– Ушбу фармон билан тадбиркорлар ҳисоб рақамларини тўхтатиб қўйишнинг амалдаги тартиби бекор қилинди. Қайд этиш жоиз, бу тартиб ижтимоий тармоқларда катта акс-садо берди. Ушбу амалиётнинг аҳамияти ҳақида гапириб берсангиз.

– Шу кунга қадар, тадбиркор топган даромади ҳақидаги маълумотларни солиқ идораларига тақдим этмаган тақдирда, солиқ кодексига кўра, улар маблағларининг банкда айланишига чек қўйиларди. Бундай вазиятда тадбиркор солиқ идораларига мурожаат қилмаса, тақиқ белгиланмаган муддатгача давом этарди.

Ҳозирги кунда 18 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектнинг банкдаги амалиётлари тўхтатилган. Бу иқтисодиётда пул маблағларининг ҳаракатланишига чек қўйиш демакдир.

Президентимиз фармони билан эндиликда солиқ идоралари ва тадбиркор ўзаро ҳамкорликда ишлаши белгиланди. Шунда ҳам тадбиркор даромадларини яширишда давом этса, охирги чора сифатида чеклов белгиланади ва бу муддат 30 кундан ортиқни ташкил қилмайди.

– Бугунги кунда солиқ маъмуриятчилигини амалга оширишда қандай ёндашувлар ишлаб чиқилмоқда?

– Ахборот технологиялари давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кенг қўлланилмоқда, жумладан, солиқ сиёсати ва унинг тушумини назорат қилиш соҳасида ҳам. Ахборот технологияларига ихтисослаштирилган солиқ назорати механизмлари жорий қилинмас экан, бу ислоҳотларнинг тўла самара бермаслиги, давлат бюджети даромадларини шакллантиришда камчиликларнинг юзага келишига олиб келиши мумкин.

Шу боис солиқ органлари фаолияти бугун тубдан ўзгартирилмоқда. Етти хил янги турдаги солиқ назорати механизмлари жорий қилинмоқда. Бу қўшилган қиймат солиғи гувоҳномасини олиш, божхона декларацияси асосида кириб келган юкларнинг электрон ҳисоб-фактурасини жорий қилиш, бутун мамлакат тадбиркорлик фаолияти ҳисобини электрон кўринишга ўтказиш, электрон транспорт юк хати жорий қилиб, йўлдаги юклар ҳаракатини назорат қилиш ва маҳсулот тайёр бўлганидан сўнг улар савдосида онлайн назорат-касса аппаратларини жорий қилишда намоён.

Солиқ тизимига бу каби амалиётларни жорий этишда Хитой, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар тажрибалари ўрганилди. Бу, ўз навбатида, солиқ тўловида шаффофликни таъминлашга қаратилган.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда солиқ сиёсати, у билан боғлиқ ўзгаришлар тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мавзуга оид