Аукционда сотилган Иштихон машина трактор парки масаласига туман ҳокимлиги ҳам муносабат билдирди. Лекин…
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Kun.uz сайтида «Иштихон машина-трактор паркига онлайн аукционда ютиб олган ғолиб у ерга кира олмасдан сарсон бўлмоқда» сарлавҳаси остида журналистик суриштирув эълон қилинган эди.
Ушбу мақолага Мажбурий ижро бюроси ҳамда Самарқанд вилояти «Агросервис МТП»нинг муносабатлари эълон қилинган эди.
Иштихон туман ҳокимлиги ҳам таҳририятимизга ушбу масала юзасидан ўз муносабатини билдирди:
Иштихон шаҳри, Иштихон кўчаси 84-уйда жойлашган, умумий ер майдони 8,3 гектар, бино-иншоотлар ости майдони 8421,41 кв.метрдан иборат бўлган бино-иншоотларга Иштихон туман ҳокимининг 2016 йил 12 апрелдаги 363-сонли қарори билан Самарқанд вилоят МТПлар бирлашмаси номига эгалик ҳуқуқи берилган.
«Туронбанк» АТБ Самарқанд филиали билан Самарқанд вилояти «Агросервис машина трактор парклари» МЧЖ ўртасида 2017 йил 6 июнда тузилган «Гаровга тақдим этилаётган мулкларни гаров қийматини келишув далолатномаси»га асосан Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамиятига қарашли Иштихон шаҳри Иштихон кўчаси 84-уйда жойлашган бино-иншоотлар қиймати белгиланиб, бино-иншоотлар (ер майдони эмас) гаровга қўйилиши кўзда тутилган.
Мазкур далолатнома тузилгунга қадар, яъни Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамиятининг 2017 йил 4 майдаги 05/7-192–сонли хатига асосан 1,0 гектар ер майдони ҳамда 0,3 гектар ер майдонлари туман ҳокимининг 2017 йил 20 майдаги 1362-Қ-сонли ҳамда 2017 йил 20 майдаги 1363-Қ-сонли қарорлари билан жами 1,30 гектар ер майдони туман ҳокимлиги захирасига олинган.
Шунингдек, Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамиятининг 2017 йил 25 декабрдаги 05/7-548-сонли хатига асосан туман ҳокимининг 2018 йил 15 февралдаги 406-Қ-сонли қарори қабул қилиниб, унга кўра Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамияти 0,82 гектар ер майдони ҳам туман ҳокимлиги захирасига олинган.
Ҳозирги кунда жами 8,3 гектар ер майдонининг 2,13 гектар қисми туман хокимлиги захирасига олинган бўлиб, МТП фойдаланувида 6,18 гектар ер майдони қолган.
Kun.uz мухбири ўз мақоласида вилоят «Агросервис МТП» МЧЖ томонидан ортиқча ер майдонларини туман ҳокимлиги захирасига олиш тўғрисида хат юборилмаганлиги маълум қилинганлигини баён этган. Бу ҳолат масалани у тўлиқ ўрганмаганлигини кўрсатади.
Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра мулк гаровга олинган вақтда мазкур мулкни тақиққа олиш тўғрисида туман кадастр корхонасига хат юборилиши лозим бўлса-да, тақиққа қўювчи ёки бино-иншоотларга нисбатан ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган шахс томонидан Иштихон шаҳри, Иштихон кўчаси 84-уйда жойлашган бино-иншоотларни тақиққа олиш тўғрисида хат юборилмаган ва туман кадастр корхонаси архиви ҳужжатларида Иштихон шаҳри, Иштихон кўчаси 84-уйда жойлашган бино-иншоотларни тақиққа қўйилиши тўғрисида ёзув қайд этилмаган.
Самарқанд вилояти Иштихон туман «Ягона дарча» маркази томонидан 2017 йил 18 декабрда 559519-сон билан берилган гувоҳномага асосан «ISHTIXON AGROSERVIS MTP ISM» масъулияти чекланган жамияти ташкил қилинган бўлиб, унинг юридик манзили Иштихон шаҳри, Иштихон кўчаси 84-уй деб қайд этилган.
Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» МЧЖ таъсисчиларининг 2017 йил 15 декабрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарори билан тасдиқланган «Топшириш ва қабул қилиш далолатномаси»да Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» МЧЖнинг 2018 йил 1 январь ҳолатидаги бухгалтерия баланси маълумотлари асосида Иштихон шаҳри Иштихон кўчаси 84-уйда жойлашган асосий воситалар «ISHTIXON AGROSERVIS MTP ISM» МЧЖга топширилган.
Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» МЧЖ томонидан Иқтисодий судининг 2018 йил 27 сентябрдаги ҳал қилув қароридан норози бўлиб киритилган кассация шикояти асосида 2019 йил 9 сентябрда қабул қилинган ажримда суднинг мазкур қарорининг ижроси иш кассация инстанциясида кўриб чиқилгунга қадар, яъни 2019 йилнинг 26 сентябрь кунига қадар тўхтатиб турилиши белгиланган. Шу боисдан Иштихон шаҳри, Иштихон кўчаси 84-уйда жойлашган бино-иншоотлар ва ер майдони билан боғлиқ масала суд томонидан қонуний асосларда ҳал этилиши мақсадга мувофиқ бўлади», — дейилади Иштихон туман ҳокимлигининг таҳририятимизга йўлланган муносабатида.
Таҳририятдан: Иштихон туман ҳокимлиги ўз муносабатида Kun.uz мухбири масалани тўлиқ ўрганмаганлигини даъво қилмоқда. Лекин биз Самарқанд вилоят «Аросервис МТП»да бўлиб, ер майдонларини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш ҳақида хат чиқарилган-чиқарилмаганини сўрадик. У ерда бундай хат чиқарилмаганини таъкидлашди (таҳририятда бу ҳақида тегишли далиллар мавжуд).
Энди маълум бўлишича, Иштихон туман МТПга тегишли ер майдонларининг 1 ва 0,3 гектари — жами 1,3 гектари 2017 йилнинг май ойида «Туронбанк» билан гаров шартномаси имзоланишидан бир ойча аввал Самарқанд вилоят «Агросервис МТП»нинг ўша вақтдаги раҳбари Рустам Ҳайитовнинг имзоси билан туман ҳокимлиги захирасига қайтариш сўралган.
«Туронбанк» АТБ Самарқанд филиали билан Самарқанд вилояти «Агросервис МТП» МЧЖ ўртасида «Гаровга тақдим этилаётган мулкларни гаров қийматини келишув далолатномаси» 2017 йил 6 июнда тузилиб, объект гаровга олингач ва тақиқ солингач ҳам, Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамияти раиси Рустам Ҳайитов 2017 йил 25 декабрдаги 05/7-548-сонли хати билан 0,82 гектар ер майдонини яна туман ҳокимлиги захирасига қайтарган.
Эслатиб ўтамиз, ўша пайтда Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамияти раиси бўлиб ишлаган Рустам Ҳайитов айни кунларда «Ўзагросервис» АЖга раҳбарлик қилмоқда.
Туман ҳокимининг захирага қайтариб олиш тўғрисидаги қарорларида Туман ер тузиш ва кўчмас мулк давлат кадастри давлат корхонаси раҳбари Ҳ.Астоновга кадастр ҳужжатларига ўзгартириш киритиш ҳақида топшириқ берилган.
Ҳ.Астонов топшириқни бажармаган ёки қарорлар чиқарилганидан бехабар кўринади, чунки биз билан суҳбатда у 8,3 гектар ернинг барчаси тақиқда турганини таъкидлаб ўтган эди (бу ҳақида аудиоёзувлар мавжуд). Ёки шу сабабдан ўзгариш гаровда турган ва ундирув учун аукционга чиқарилган объектнинг кадастр ҳужжатларида акс этмаган.
Kun.uz мазкур масалага Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри Давлат қўмитасидан ойдинлик киритилишини сўраб қолади.
Kun.uz’да эълон қилинган мақолага муносабат билдирган МИБ ҳам, Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» ҳам, Иштихон туман ҳокимлиги ҳам 2019 йил 30 август куни Самарқанд вилоят иқтисодий судига Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» кассация шикояти киритгани ва шикоят кўриб чиқиш учун қабул қилинганини эслатиб ўтишган.
Лекин Иштихондаги МТП ҳам, Булунғурдаги МТП ҳам кредит учун гаровга қўйилган, кредит қайтарилмаган, объектлар аукционга чиқарилган. Бўлди. Ҳаммаси беш қўлдек аён. Гаров учун келишув шартномасини мулк эгаси номидан раҳбар Р.Ҳайитов имзолаб, муҳрлаб берган.
Иштихондаги объектни тадбиркор С.Қодиров харид қилган. Унинг тўлаган пули кредитни сўндиришга кетган. Ҳозир у ўзи харид қилган объект фойдаланувида 8,3 гектар эмас, 6,18 гектар ер майдони қолганидан жуда норози.
Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» эса суд қароридан норози экан, ҳануз аукционда савдога чиқарилаётган «BULUNG‘UR AGROSERVIS MTP ISM» МЧЖ бино-иншоотларини ҳам қутқариб қолиши керак эмасми? Ёки унинг ҳам сотилиши ва бир харидорнинг сарсон бўлиб юриши кутилмоқдами? 1 октябрдан кучга кирган янги қоидага кўра, аукционда ютиб олинган мол-мулкни аукцион ғолибидан олиб қўйиш мумкин эмас, барча зарарларни аукционгача бўлган масъуллар қоплашади.
Иштихон туман ҳокимлиги таҳририятга йўллаган ўз муносабатида бино ва иншоотлар гаровга қўйилган, ер майдони эмас, деганда нимани назарда тутаётгани тушунарсиз. Бу нима, аукционда ғолиб чиққан харидор бино-иншоотларни бузиб олиб кетавериши мумкинлиги-ю, ерга ҳаққи йўқлигига ишорами? Ахир гаровга қўйилганда объектнинг барча бино-иншоотлари ва унга бириктирилган ер майдони ҳисобга олинмайдими? Ундай бўлса нега аукционга ер майдони САККИЗ БУТУН ЎНДАН УЧ ГЕКТАР деб ёзиб чиқарилди?
Ушбу масалада аукцион ғолиби С.Қодировнинг ишончли вакили Ш.Газиев Иштихон туманида судлар биносини очиб бериш учун келган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комиловга ҳам шахсан мурожаат қилди.
Kun.uz Иштихондаги ушбу чигал можаро ечими қай тариқа топилишини кузатишда давом этади.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
09:18 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонлик қурбони бўлган қиз билан учрашди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024