Ўзбекистон | 20:08 / 04.10.2019
23253
3 дақиқада ўқилади

Қуёш энергияси бўйича тендер ғолиби Ўзбекистонга бир киловатт электрни 2,6 центдан етказиб бермоқчи

Бугун Ўзбекистон Молия вазирлигида қуёш энергетикасига давлат-хусусий шериклик (ДХШ) инвестицияларини жалб қилиш бўйича мамлакат тарихидаги биринчи очиқ тендер ғолибини эълон қилиш якунлари бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар берди Kun.uz мухбири. БААнинг Masdar Clean Energy компанияси тендер ғолиби деб эълон қилинди. Ушбу компания қуёш энергиясини киловатт-соатини атиги 2,679 центга етказиб бериш таклифи билан чиқди, бу ривожланаётган бозорлардаги энг паст тарифлардан биридир.

Жаҳон банки гуруҳининг Scaling Solar дастури доирасида ДХШ лойиҳасининг амалга оширилиши мамлакат энергетика балансига 100 МВт қайта тикланадиган соф энергия қўшилишини таъминлайди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат энергетика балансини диверсификация қилиш мақсадида 2030 йилга келиб 5 гигаваттгача қуёш энергияси ишлаб чиқаришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.

Матбуот анжуманида бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров биринчи тендернинг муваффақиятли натижаларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон ҳукумати яқин вақтда қўшимча 400 МВт қуёш энергияси учун ДХШ бўйича яна бир тендер ва ундан кейин 500 МВт учун тендер ўтказилишини эълон қилди. 

"Пилот лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг, Ўзбекистонда зарур тажриба тўпланган ва қуёш энергиясини ривожлантириш дастурининг навбатдаги босқичини тезда бошлаш учун кадрлар салоҳияти яратилган", деди ДХШни ривожлантириш агентлиги раҳбари Ғолиб Холжигитов. - Ўзбекистон иқтисодиёти жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда ва 2030 йилга келиб энергияга талаб 50 фоизга ошиши кутилмоқда, шунинг учун қайта тикланадиган энергия манбалари унинг муҳим қисмини ташкил қилиши муҳим ҳисобланади".

Халқаро молия корпорацияси (ХМК) келишувлар бўйича маслаҳатчи сифатида Ўзбекистонга ДХШ тендерини ишлаб чиқиш ва ўтказишда ёрдам берди, дастлабки квалификациядан ўтган 11 та талабгор жалб этилди, натижада 5 та танлов заявкаси келиб тушди. Хусусий сармоядорларнинг ортиб бораётган қизиқиши энергетика соҳаси анъанавий равишда давлат томонидан назорат қилинадиган мамлакатда янги уфқларни очади.

"Биз мамлакатдаги биринчи очиқ давлат-хусусий шериклик тендери орқали Ўзбекистонда қуёш энергетикаси учун янги бозорларни очаётганимиздан фахрланамиз", деди Европа ва Марказий Осиё бўйича IFC директори Вибке Шлёмер. - Ушбу ДХШ лойиҳасининг муваффақияти келгусида хусусий секторнинг мамлакат иқтисодиётида иштирок этишига замин яратади ва жаҳон инвестициявий ҳамжамиятига ижобий сигнал йўллайди".

Дастур Австрия Молия вазирлиги ва Швейцариянинг Иқтисодий алоқалар бўйича давлат котибияти ҳамда Нидерландия ҳукумати қўллаб-қувватлови остида амалга оширилади.

Мавзуга оид