Жамият | 20:36 / 04.10.2019
12228
10 дақиқада ўқилади

Жалақудуқлик «қирқ қиз» барибир ишсиз қоладими? Ҳокимлик инвесторга шароит қилиб бера олмади

Қишлоқ аёллари учун энг катта ва долзарб муаммо бу - ишсизлик.  Чекка жойларда яшайдиган қиз-аёллар ҳам касб-ҳунарли, иш жойига эга бўлишни орзу қилишади. Чунки фермер хўжалигида мавжуд иш жойи ўша фермернинг оиласидан ортмайди.  

Ишсизлик охир-оқибат аёлларимизни хорижий давлатларга кетиб қолишига сабаб бўлаётгани ҳаммамизга аён.

2018 йили Жалақудуқ тумани марказидан 25 километр узоқдаги (водийда бу узоқ ҳудуд деб номланади) Ойим қишлоғининг Кўкалам маҳалласида хитойлик инвесторларга қарашли JIA EN корхонаси иш бошлади. Аёллар учун оёқ кийимлари тайёрлашга ихтисослашган фабриканинг очилиши маҳаллий қиз-аёллар учун жуда яхши янгилик бўлди. Шу пайтгача аёллар ишлаши учун атрофда бирорта корхона йўқ эди. Бир вақтлар фаолият юритган ва қўлдан-қўлга ўтиб банкрот бўлган сочиқ фабрикаси биноси ўрнида иш бошлаган янги корхона сабабли қишлоқдаги 40 нафар қиз-жувон ишли бўлди.

Ўзбегим аёлларининг чет элга экспорт қилиш мумкин бўлган маҳсулот ишлаб чиқара олишига мана шу корхонада гувоҳ бўлдик. Кунига 32 минг жуфт бежирим, сифатли пойабзал ишлаб тайёрлаётган корхона маҳсулотлари қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Бироқ орадан бир йил ўтмай аёллар иш жойидан айриладиганга ўхшаб қолди. Биз бу ҳақда шу йилнинг апрель ойида танқидий мақола берган эдик.

Мақола эълон қилинганидан сўнг Андижон вилояти ҳокими эътибор қаратиб муаммо олти ой муддатга ҳал қилинган эди.

Масала шундаки, айни пайтда хитойлик инвестор вақтинчалик иш юритаётган JIA EN корхонаси жойлашган бино омонат. Бир пайтлар сочиқ ишлаб чиқариб инсонларни иш билан таъминлаган 1 гектар жойда беш-ўн бинога эга корхона «ишбилармонлар» ўртасида қўлма-қўл бўлавериб, охири «Ипак йўли» банки тасарруфига ўтиб кетган. Бунга корхонани охирги бўлиб юритган раҳбарлари «Ипак йўл» банкидан кредит олгани сабаб бўлган, кредит эвазига бинолар гаровга қўйилган. Шундай қилиб, айни пайтда бинолар ва ҳудуд эгаси - банк.

Апрель ойида вилоят ҳокимлиги аралашганидан сўнг Жалақудуқ туман ҳокимлиги ҳитойлик тадбиркор бошчилигидаги JIA EN корхонасига туман марказидан жой берилганини билдириб, бинолар битса ишчилар ўша жойга бориб ишлаши ҳақида маълумот берди. Банк ҳам муроса йўлини танлаб олти ой давомида корхонани чиқариб юбормайдиган бўлди.

Янги бино ҳали битмади. Инвестор ва ишчилардан бинони бўшатиб қўйиш талаб қилинмоқда

Орадан етти ой ўтди, хитойлик тадбиркор учун ажратилган ер майдонидаги бино битмади. “Ипак йўли” банки эса Ойимдаги бинога харидор чиққанини айтиб, суд қарорига асосан корхонани бинодан чиқариб юбора бошлади.

Банк хақ. Бинолар банкка тегишли. Кредиторнинг қарзи борлиги учун гаровга қўйилган бино унинг тасарруфига ўтган.

30 нафар ишчи аёл эса йиғламоқдан бери бўлиб, мурожаат қилишни бошлади. Корхонага етиб борганимизда тадбиркор ва ишчилар бинога кира олмай ташқарида туришган экан. Туман ҳокимининг инвестиция ишлари бўйича ўринбосари Жасурбек Ибрагимов, “Ипак йўли” банки юристи ҳам шу ерда эди.

Жалақудуқ туманига 5 миллион доллар инвестиция олиб киришни ният қилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган хитойлик тадбиркор, JIA EN корхонаси раҳбари Лин Ен Жу билан суҳбатлашдик.

“Хабарингиз бор, менга туман ҳокимлиги Ойим қишлоғидаги мана шу жойни бўш дегани учун келиб иш бошлагандим. Туманга 5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритмоқчимиз. Ташландиқ жойни эпақага келтиришнинг ўзи бўлгани йўқ. Ишчиларнинг ишлаши учун шароит яратдик. Бунга 50 минг долларга яқин маблағ кетди. Кейин билсам, жой банкка тегишли экан.

Аёллар, қизлар маҳсулот тайёрлашни тез ўрганишди. Кўплаб мижозлар орттирдик.         

Баҳорда банк билан муаммо бошланганида сизлар келдингиз. Муаммо олти ой муддатга ҳал бўлди. Туман ҳокимлиги марказдан жой берди. Қурилишни бошлаганмиз. Лекин бизга берилган жойни бир пайтлар фаолият юритган “подшипник” заводидан олган Ориф Алиев ҳар ой келиб халақит беравериб қурилиш иши кечикиб кетди. Ҳокимлик Алиев билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга ёрдам бермади. 5 миллион доллар инвестиция олиб киряпмиз. 300га яқин иш ўрни яратилади. Янги корхона битишига яна уч ой бор. Банк эса бизни ҳозир фойдаланиб турган жойимиздан чиқариб юбормоқда. Муаммолар ичида қолиб кетдик.

Мутахассисга айланган ишчиларим ишсиз қолгани учун пахта тергани чиқиб кетиб қоляпти.  Мижозлар олдидаги мажбуриятларимиз бор ахир”, дейди Лин Ен Жу.   

 Туман ҳокими ўринбосари Жасурбек Ибрагимов эса қуйидагича изоҳ берди:

“Хитойлик инвесторга берилган жойни ишлатилмай турганлиги учун туман заҳирасига олиб, қарор билан февраль ойида инвесторга ўтказиб берганмиз. Бу ҳақда Ориф Алиевни расмий огоҳлантирганмиз. Шундай бўлса-да, қурилиш бошланганидан сўнг у одам келиб тадбиркорга халақит бергани рост. Инвестор ҳокимлик ва ички ишларга мурожаат қилганидан сўнг муаммоларни ҳал қилганмиз. Бино қурилиши кечикди. Яна уч ойдан кейин битади. Ҳозир “Ипак йўли” банки ходимларидан корхона яна уч ой ишлаб туриши учун муҳлат сўраяпмиз”.

                               

Муаммо ечим топадими?

«Қишлоғимиз ва унинг атрофида нафақат аёллар, балки эркаклар учун иш жойининг ўзи йўқ. Эрларимиз Россияга бориб ишлайди. Мана шу цех очилиб, 50га яқин аёлларга иш ўрни очилганида қанчалик хурсанд бўлгандик. Ўзим ҳам Россияда ишлаб келганман. Қишлоғимда яхши маош олиб ишласам қандай яхши. Рўзғор, тирикчилик болаларнинг ўқиши, кийиниши учун эримга ёрдам бўляпти. Ҳокимлик “агар корхона кўчиб кетса бошқа корхона келиб иш бошлайди”, деяпти. Янги корхона келиши ҳали аниқ эмас.

     

 Бир ҳафтадан бери банк ва МИБ келиб ҳайдаб чиқармоқда. Муаммолар ичида қолдик.  Энди ўрганганимизда цех эгаларига бинони бўшатиб, туман марказига кўчиш кераклигини айтишган. Ахир қишлоқ жойлар бўлса. 25 километр йўл босиб, ишга бориб кела олмаймиз. Ўзи маошимиз 400 мингдан 700 минг сўмгача атрофида, ахир! Йўлкирага етадими ёки рўзғорга.  Илтимос, корхона кўчса ҳам бизга иш жойи ташкил қилиб беришсин», дейди ишчилардан бири Соҳиба Раҳмонова.

 Аёлларнинг руҳияти жуда тушиб кетган. “Иккита болам бор, қадоқлашда ишлайман, энди ишга ўрганган эдим, ишсиз қолмаслигимизга ёрдам беринглар”, дейди яна бир ишчи Марғубахон Содиқова.

 “Ипак йўли” банки ҳуқуқшуноси Дилшодбек Мансуров билан суҳбатлашдик. “Банкимиз тасарруфига ўтган мазкур жойни олиш истагидаги тадбиркорлар бор. Уларга бериш учун жойни бўшатиш лозим. Аҳоли вакилларининг ишсиз қолаётганини биз ҳам тушуниб турибмиз ва бу бизни ҳам ташвишга солмоқда. Бироқ банк ўзининг кейинги қонуний ҳаракатларини амалга ошириши учун ҳудуд бўшатиб қўйилиши лозим”, дейди ҳуқуқшунос.

Ҳокимлик масалага жиддий ёндашганми?

Ойим қишлоғилик аёлларнинг иш жойи муаммоси кўтарилганига мана 7 ой бўлди. Туман ҳокимлиги томонидан ҳудудда хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича амалий ишлар амалга оширилмабди. “Туманда 2020 йилга 3200та иш ўрни яратишни режалаштирганмиз”, деди ҳоким ўринбосари. Жалақудуқда 180 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Бу рақам ишга яроқли аёллар сонига нисбатан қанчалик кам эканлигини ҳисоблаб кўринг!

 Маҳсулот ишлаб чиқариб, ҳатто чет элга экспорт қилаётган корхонага шароит қилиб бера олмаётган мутасаддиларнинг кейинги йил 3200та иш ўрни ярата олишига ҳам ишониш қийин.    

Аммо ойимлик аёлларга зудлик билан иш ўрни яратиш барчасидан-да жиддийроқ муаммо бўлиб қолмоқда.

Банк ходимларининг рухсати билан ишлаб чиқариш цехларига кириб, ҳолатни суратга олдик. МИБ талаби билан кўчириш ишлари бошлангани учун цехлар алғов-далғов бўлиб кетган.

Маҳсулотлар ҳақиқатан бугунги кун талаби даражасида, аёлларимизнинг ҳар қандай касбни пухта эгаллай олишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Фақат уларга иш жойи ва шароит бўлса бас.

Қишлоқда саноатни юргизиш учун турли тўсиқларни енгиш лозим. Энг аввало, электр энергияси ва табиий газ йўқлиги. Йўллар масаласи ҳам бор. Инвестор эса пул тикиб, саноат олиб киряпти.    

 Қани эди, қишлоқларда ҳам кичик бизнес ва тадбиркорлик гуркираб ривожланса... «Россияда ўзбек ишчиси томдан тушиб ҳалок бўлди», «Туркияда ўзбек мигрант аёли қўлга тушди», деган хабарлар камайган, қишлоқ аҳолиси ҳаёти фаровонлиги ошган бўлар эди.

Туман ҳокимлигининг энг биринчи вазифаси аҳоли фаровонлигини ошириш, қишлоқларга инвестиция олиб кириш ва ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш эмасми?..   

 

                           KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид