Жамият | 14:20 / 04.10.2019
16916
9 дақиқада ўқилади

«Навоий» аэропортида халқаро куръерлик жўнатмаларининг божхона расмийлаштируви вақтинча тўхтатилди. Ечилиши зарур бўлган муаммолар талайгина

Ўзбекистонда фаолият юритаётган қатор ОАВ вакиллари учун «Навоий» аэропортида халқаро курьерлик жўнатмалари (ХКЖ) ишлови вақтинча тўхтатилган божхона постига пресс-тур ташкил этилди.

Унда қатнашган «Kun.uz» мухбирининг хабар беришича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 120 га яқин компания ХКЖ ташиш билан шуғулланади. Деярли бутун дунёни забт этган электрон тижорат ва хизмат кўрсатиш соҳаси келажакда нафақат истеъмол товарлари импорти, балки маҳаллий маҳсулотлар экспорти ҳажми ва географиясини ошириш борасида мамлакат учун янги имкониятлар ҳақида гапиришга ҳам имкон беради.

Ўзбекистон ҳудудида айнан халқаро курьерлик ва почта жўнатмаларини божхонада расмийлаштириш махсус божхона зоналарида амалга оширилади. Ҳамма транспорт воситалари орқали «Ўзбекистон почтаси» манзилига келган халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари Марказий шимолий вокзал ҳудудида, 2016 йил февраль ойидан бошлаб «CРТ-почта» манзилига ўтказилган "Бош почтамт" божхона постида эса авиа алоқа ва автотранспорт орқали етиб келадиган халқаро курьерлик жўнатмалари расмийлаштирилади.

2018 йил август ойида Тошкент шаҳридаги аэропорт бандлигини камайтириш ва «Навоий» аэропортининг логистика маркази тариқасидаги мақомини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Turkish Airlines» компаниясининг мунтазам рейслари Навоий аэропортига ўтказилганди. Шу тариқа халқаро курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати Навоий халқаро интермодал логистика маркази (ХИЛМ) ҳудудида 1 гектар майдонни эгаллаган юк терминалида амалга оширила бошланди. Бу ерда тижорат карго-юкларининг катта миқдордаги партиялари етказиб берилар ва тушириларди. Бир йил давом этган курьерлик юкларининг божхона назорати шу йилнинг сентябридан тезкорлик билан Тошкентга ўтказилди.

Томдан чакки ўтиши натижасида қимматбаҳо ускуналарга зарар етмоқда

Пресс-турда «Навоий» аэропорти божхона бошқармаси бошлиғи Жасур Ишонқулов мазкур ҳолат юзасидан қуйидагича изоҳ берди:

- Ўтган йилнинг сентябрь ойида биз учун ажратилган 300 квадрат метр майдондаги юк карго-терминалида кўрув тизимини йўлга қўйдик. Аммо «Навоий» аэропорти дирекцияси халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини бошқариш ва расмийлаштириш учун тегишли шарт-шароитларни тақдим эта олмагани боис жорий йил сентябрь ойида божхона пости иши вақтинча тўхтатилганди. Ваҳоланки, бу масала Ўзбекистон Президентининг 2018 йил апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам кўтарилган эди. Шу сабабли Туркиядан «Навоий» аэропортига келган барча халқаро курьерлик юклари муҳрланади ва назорат остида ер усти транспорти орқали мажбурий божхона кўригидан ўтиш учун вақтинча Тошкентга йўналтирилмоқда.

Жасур Ишонқуловнинг айтишича, терминалда ХКЖ божхона назорати, кўруви ва расмийлаштирилишини ўтказиш учун алоҳида ажратилган майдон мавжуд эмас. Божхона томонидан тўхтатиб қўйилган (тўловлар туфайли ёки курьерларда зарур рухсатномалар йўқлиги сабабли) юкларни сақлаш учун алоҳида жойлар жиҳозланмаган, божхона пости ходимлари ишлаши учун тегишли шароитлар яратилмаган. Терминалнинг кўп жойларида, хусусан, рентген аппарати ўрнатиладиган жойда томдан чакки ўтади. Бу эса ўз навбатида қимматбаҳо ускуналарга зарар етказмоқда.

Президент қарорида қайд этилган шароитлар яратилмаган

Маълум бўлишича, йил давомида божхона кўриги мобайнида шундай оғир иш шароитларида 40 га яқин қонунбузарлик ҳолатлари: 185 миллион сўмлик қалбаки маҳсулотлар борлиги аниқланган.

- Тошкент аэропортидан юкларни қабул қилиш Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё вилоятларидаги фуқаролар учун жуда қулай. Навоийдан эса Қашқадарё, Қорақалпоғистон ва хоразмлик юртдошларимиз юкларини қабул қилиб олишда қатор имкониятларга эга бўлишади. Аммо Навоийда божхона ходимларининг ишлаши учун шароитлар ҳозирча мавжуд эмас. Биз фуқароларнинг моллари ёмғирда қолаётгани, улардан шикоятлар келиб тушаётгани ҳақида Навоий аэропорти директори номига расмий мурожаатлар юбордик. 2019 йилнинг май ойидан сентябргача кутдик, аммо ҳеч нарса қилинмади.

Бундан ташқари, яна бир нечта муҳим жиҳатлар бор. Божхона назорати зонасини бегоналар учун ёпиб қўйишнинг иложи йўқ, чунки алоҳида бино мавжуд эмас. Яқинда пардали тўсиқлар ўрнатилди, аммо у ҳақиқатан ҳам стерил майдон бўлиши керак, бу ерда «қўшимча» юклар бўлмаслиги лозим. Айтиш керакки, ушбу бино аввал-бошданоқ божхона расмийлаштируви учун қурилмаган, импорт ва экспорт маҳсулотлари ҳам шу ерда жойлашган. Ҳудуд юк, логистика, яъни тижорат ва катта ҳажмли юклар учун мўлжалланган. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги қарорига биноан, товарларни қабул қилиш пунктларида ХКЖни онлайн ҳамроҳлик, махсус камералар ҳамда ДБҚ (Давлат божхона қўмитаси)нинг марказий аппаратига улаш имконияти кўзда тутилган узлуксиз Интернет тармоғи бўлиши зарур. Аэропорт буларни таъминламади, шароитлар яратилмади, - деди Ж.Ишонқулов.

 «Қисқа вақт ичида ҳамма нарсани тузатамиз»

Тадбирда иштирок этган «Навоий» аэропорти директори Тимур Бабаев журналистларнинг божхона қўмитасининг барча талаблари қай тарзда ва қанча муддатда бажарилиши ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, бажарилиш муҳлати ва бунинг учун сарфланадиган сармояларнинг тўлиқ ҳажми ҳақида аниқ фикр айта олмади.

«Биз тахминий бюджетни биламиз: камера учун 300 миллион сўм ва тўсиқ панжаралари учун 250 миллион сўм. Аммо қишда томни таъмирламаслигимни ўзларингиз ҳам тушунасизлар. Агар биз ишни шартли равишда март ойида бошласак, икки ой ичида бу масалаларни ёпамиз. Май давомида муаммоларнинг деярли 90 фоизини бартараф этдик. Бир гуруҳ мутахассислар ҳудудимизни ўрганишди, уларнинг асосий шарти стериллик эди. Лекин бу биринчи навбатда юк терминали эканлигини эътибордан қочирмаслик керак.

Аэропорт орқали ҳафтасига 200 тоннадан 300 тоннагача юк келади. Шуларнинг учдан бир қисми курьерлик жўнатмалари. Терминалимиз ёнғин ва хавфсизлик техникаси нуқтаи назаридан юк омбори ҳисобланади. Қисқа вақт ичида ҳамма нарсани тузатамиз», – деди Тимур Бабаев.

Айни пайтда «Навоий» аэропортидаги шароитлар божхона талабларига жавоб бермаётгани ва лекин, Туркиядан ХКЖ катта миқдорда келишда давом этаётгани туфайли барча товарларни зудлик билан ёмғирли мавсумдан олдин Тошкентдаги божхона назоратининг ҳамма қоидаларига мувофиқ жиҳозланган «Бош почтамт» ТИФ божхона пости ҳудудига юборишга қарор қилинди.

15 кунда 86 миллион сўмлик маҳсулотлар мусодара қилинди

Тадбиркорлар «Навоий» аэропортида юк қабул қилиб, уларни мустақил равишда Тошкентдаги божхона постига юборувчи курьерларга кўрсатиладиган хизматларнинг нархини пасайтиришганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

«ХКЖни божхона кўригидан ўтказиш учун Навоий шаҳридан бизнинг ҳудудимизга ўтказилганидан сўнг ушбу курьер юклари учун бир иш куни чегарасида бир килограмм юк кўруви учун ҚҚС ҳисобга олинмаган ҳолда 450 сўм миқдорида махсус чегирмани ўрнатдик. Биз ушбу чораларга Давлат божхона қўмитасининг илтимосига биноан, Навоийда тегишли шароитлар яратилгунга қадар рози бўлдик. Мазкур харажатларга юклаш ва тушириш, юкларни қайта ишлаш, шунингдек ХКЖ ортилган муҳрланган транспорт воситаларини 3 кун давомида бепул сақлаб туриш киради. Муддат тугагач, божхона омборида тўхтаб туриш вақти учун курьерларнинг ўзлари тоннасига қараб кунига 100 минг сўм миқдорида пул тўлайдилар. Асосан курьерларнинг айби билан дастлабки декларациянинг ёки божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг йўқлиги боис автомашиналар туриб қолади. Дунёнинг 189 мамлакатидан келган бошқа барча курьерлик жўнатмалари учун бизда ҚҚСсиз 775 сўмлик ставка мавжуд бўлиб, бу тариф 2016 йилдан бери ўзгармаган», - деди «СPТ-pochta» асосчиси Александр Ян.

«Навоий шаҳридан курьер жўнатмаларига келсак: юклар Тошкентга божхона кўригидан ўтказишга юборилганидан кейин 15 кун мобайнида декларация қилинмаган маҳсулотлар билан боғлиқ 13 та ҳолат қайд этилди. Контрабанда ва тақиқланган 86 миллион сўмлик моллар мусодара қилинди, 700 миллион сўмдан ортиқ тўловлар ундирилди. Шунингдек, бизнинг вақтинча сақлаш омборимизда вазиятга аниқлик киритилмагунича ёки эгалари божхона тўловларини тўламагунча 25 тонна юк тўхтатиб қўйилган», - деди «Бош почтамт» пости бошлиғи Шерзод Бакиев.

Миролим Исажонов,
«Kun.uz» мухбири

Мавзуга оид