Ер, сув, эрксиз фермерлар – Ўзбекистонда ердан фойдаланишдаги муаммолар ва оқибатлар
Нидерландия ўзининг 1 миллион гектар ерида деҳқончилик қилиб, 102 миллиард долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилади. Ўзбекистонда эса 4 миллион гектарга яқин деҳқончилик қилса бўладиган ерлар бор ва бу ерларнинг катта қисмида пахта етиштирилиб, пахта ва тўқимачилик маҳсулотларидан йилига 2 миллиард доллар атрофида даромад қилинади...
Айтайлик, кимдир 1 гектар ерда бирор маҳсулот етиштириб, уни экспорт қилиш орқали 10 минг долларгача фойда қила олади. Сиз эса бунинг ўрнига 2 минг доллар келтирадиган маҳсулот экишингиз мумкин.
Бундай ҳолат ердан норационал фойдаланиш дейилади. Зеро, сиз ўзингизни ва мамлакатингизни оз эмас-кўп эмас – 8 минг доллардан мосуво қилдингиз.
Аграр соҳа буйруқли – давлат режасига мувофиқ юритилса шундай бўлади. Ўзбекистонда миллионлаб гектар ерлар ҳозирда айнан шундай тартибда истифода этиляпти.
Собиқ иттифоқ даврида қишлоқ хўжалиги соҳаси ўзига хос тарзда – режа асосида юритилган эди, чунки бозор иқтисодиёти институти мафкура даражасида рад этилган эди. Барча ишлар давлат назорати остида юритилар, назоратга катта куч ва маблағ сарф қилинарди. Ишлар шахсий манфаатдорлик йўлида уриниш ва изланишга эмас, балки кўпроқ жамоавий энтузиазмга – иштиёққа суянар эди. Энтузиазм эса йилдан-йилга сўниб бораверди, назорат қилиш қийинлашиб бораверди, оммавий мулкни талон-торож қилиш, нарсаларни хор қилиш ҳолатлари кўпайгандан кўпайди. Зеро, мулкнинг аниқ эгаси йўқ эди. Иттифоқ борган сайин эгасиз нарсалар мамлакатига айланиб бораверди ва шу боис, охир-оқибат таназзулга юз тутди.
Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин ҳам афсуски қишлоқ хўжалиги соҳасида бозор муносабатлари қарор топмади. Эски тизим сарқити – давлат томонидан деҳқон елкасига режа юклаш амалиёти давом этди. Қишлоқ хўжалигини ва умуман, ҳар қандай соҳани ривожлантиришнинг асосий омили бўлмиш – моддий манфаатдорлик даражаси ўта паст ҳолда қолди. Натижада ер қадрланмади, жамиятга келтириши мумкин бўлган фойдани келтирмади.
Бунинг устига қишлоқлардаги демографик аҳвол, ишсизлик миқдори ҳисобга олинмади. Аҳолиси зич, ишсизлик миқдори юқори бўлган ҳудудларда кичкина ер хўжаликларини тузиш йўлидан борилмади. Оқибатда бундай ҳудудлар ишсизлик ўчоғига ва ўзга – баъзи ривожланаётган мамлакатларга миллионлаб меҳнат мигрантлари етказиб берувчи, ўзга иқтисодиётлар учун арзон ишчи кучи етказиб берувчи ҳудудларга айланди. Бу ёқда эса шунча ер зўрма-зўраки ишлатиб келинди.
Миллионлаб ёш оталар оилаларини, фарзандларини ташлаб чет элга ишлашга кетишди, қишлоқларимизда отасиз, кўчада тарбия топган бир авлод етишиб чиқди ва чиқяпти.
Ваҳоланки аҳолиси зич бўлган ҳудудларимизда ер ресурсларидан бошқача фойдаланиш – кичкина ер эгалари синфини юзага келтириш мумкин эди. Шу аснода бир комплекс муаммоларни ҳал қилиш – ишсизликни камайтириш, ердан фойдаланиш сифатини яхшилаш, қишлоқларимизда иқтисодий фаол қатламни юзага келтириш мумкин эди. Ҳали ҳам кеч эмас, ҳозирда ўзга юртларда «қора ишчи» мақомини кўтариб юрган, баъзида йўлларда ёниб кетаётган ёшларимизнинг иқтисодий, ижтимоий ва энг асосийси, маънавий ҳолатини яхшилаш, болаларга оталарини бериш мумкин.
Шу ерда бир изоҳга ўрин бериш лозим. Қайсидир идораларнинг уриниши билан «қишлоқларда одамларимиз ерда ишлашмайди, ҳатто томорқаларидан тузук фойдаланишмайди» деган нотўғри фикр жамоатчилик онгига сингдирилган. Аслида эса ундай эмас. Аслида бозорларимизни аксар маҳсулотлар билан таъминлаб келаётганлар – айнан ўша – қишлоқларимизда яшаётган томорқа эгалари ва ерларни ижарага олиб маҳсулот етиштираётган оддий қишлоқ аҳли, бошқа биров эмас. Томорқачиликнинг баъзи ўринлардаги ёмон ҳолати эса одамларимизнинг ишёқмаслигидан эмас, балки етиштирилган маҳсулот экспорти йўлида шу пайтгача сунъий ғовлар қўйиб келинганидан – деҳқоннинг ҳафсаласи мунтазам пир қилиб келинганидан.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётининг локомотиви вазифасини бажариш қудратига эга бўлган соҳадир. Ер, жазирама қуёш, миллионлаб ишдан қочмайдиган қишлоқ ёшлари, иссиқ қуёшда етилган ўзбек мева-сабзавотларига бўлган юқори талаб, ёнимиздаги катта бозорлар мавжудлиги (биргина Россия мева-сабзавот бозори 28 миллиард АҚШ долларига баҳоланади) – булар ушбу ҳақиқатни қўллаб-қувватловчи омиллар.
ЕР
Ҳозирда ерларимизнинг аҳволи – бонитети тобора ёмонлашиб боряпти, экин майдонлари қисқариб боряпти. Сабаби эса ўша – ерларнинг тайинли эгаси ва жонкуяри йўқлигида, ишлар зўрма-зўраки йўлга қўйилганида. Бу аҳволда 7-10 йилдан кейин ерларнинг аҳволи нима бўлади, деган савол кўндаланг турибди.
СУВ
Сув тақчиллиги ҳозирда аср муаммосига айланди. Мамлакатимизда яқин йилларда сув муаммоси янада кескин тус олиши мумкин. Сувни тежаш – давр тақозоси. Сувнинг 90 фоизи эскича суғориш тизимига сарфланяпти. Бу кетишда яқинда ичимлик суви жиддий муаммога айланади. Қишлоқ хўжалигини тез фурсатда тежамкор тизимга ўтказиш лозим. Бу эса – жиддий муаммо. Аммо бу муаммо – ҳозирги ҳолатимиздагина муаммо. Ривожланган мамлакатлардаги каби деҳқонларимиз эркин бўлса, шахсий манфаатдорлиги юқори бўлса суғоришнинг тежамкор тизимларга ўтишни уларнинг ўзлари амалга оширишади. Ҳозирда 100 гектарлаб ерни режа бажариш ғамида истифода этаётган фермерларимиз бунча ерни тежамкор тизимга ўтказишлари амримаҳол. Ҳатто давлат томонидан катта маблағ ажратилган тақдирда ҳам бунга эришиш қийин, зеро давлат ажратган ҳар бир нарса талон-торож бўлиши – кўп марта ўз исботини топган ҳақиқат. Натижа ўша – давлат маблағлари исроф бўлади, томчилаб суғориш эса кўзбўямачилик ва талон-торож кампаниясига айланади.
ПАХТА
Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятларини «олтин имкониятлар» деб атаса бўлади. Зеро, қулай иқлим ва бошқа омилларни қўшганда Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида бир гектардан катта фойда олиш имкони бор. «Бошқа нарса эксак, унда пахта саноатимиз нима бўлади?» дея эътироз билдиришлари мумкин.
Пахта етиштирувчи кластерларни аҳолиси зич бўлмаган, шу билан бирга ер майдонлари кўп бўлган ҳудудларда жойлаштириш, аҳолиси зич ва ишсизлик даражаси юқори бўлган ҳудудларда эса кичик ер эгалари синфини юзага келтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Шу аснода бир тўплам ижтимоий, иқтисодий, маънавий муаммоларга юз тутган минглаб ёш оилалар истиқомат қиладиган ҳудудларда иқтисодий фаол қатламни юзага келтириш мумкин. Бунда бир ўқ билан бир эмас, кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилса бўлади.
Алоҳида таъкидлаш керакки, қишлоқларимизда иқтисодий фаол, тадбиркор синф юзага келиши, ўша - қишлоқларимизда йиғилиб қолган кўплаб тугунларни еча олади. Ҳозирда аксари ишсиз ёки оила бошлиғи меҳнат мигранти бўлган ёш оилалар замирида ердан эркин фойдаланувчи тадбиркор қатламни вужудга келтириш қишлоқларимиз манзарасини буткул ўзгартириб юбориши, қишлоқларимизни иқтисодий ҳаёт қайнайдиган масканга, яқин келажда эса новациялар ўчоғига айлантириш қудратига эга тадбирдир. Зеро бунинг учун барча омиллар бор.
ЯНА ОПТИМАЛЛАШТИРИШМИ?
Кичик ер хўжаликларини вужудга келтириш ҳозирда фаолият юритиб турган фермерларнинг ерларини қайта тақсимлашни тақозо этади. «Ерларни фермерлардан тортиб оламизми?» деган ўринли савол туғилади. Аммо ҳозирда режа асосида фаолият юритаётган фермерга режасиз, ўз эрки ўзига қўйиб берилиши шарти билан унга, дейлик, ерининг бир қисми қолдирилишини, бошқа қисми ҳамқишлоқларига берилишини айтсангиз, албатта рози бўлади. Боши йиғилишлардан чиқмайдиган, тепки-ю туртки еб зада бўлган, режа асосида ишловчи фермер учун озроқ ерда бўлса-да, эркин фермер бўлиш истиқболи яхшироқ.
Мустақил фермер ўз манфаати йўлида ўз ишини тартибли, режа билан юритади, ҳар бир амалиётни ўз вақтида бажаради. Мустақил фермер атроф-муҳит ҳақида ҳам жон куйдиради, чунки ўзини жамиятнинг ажралмас бир бўлаги сифатида кўради, ўзи яшаётган юртга дахлдорлик ҳисси бўлади. Фермернинг мустақиллиги уни шундай хусусиятли инсонга айлантиради. Зеро мустақиллиги, ишлар яхши йўлга қўйилгани, ишининг юришиши фермерда ижобий ҳисларни шакллантиради, уни юқори савияли шахсга айлантиради.
Нидерландиянинг қишлоқ хўжалигидаги муваффақияти сирини айнан минглаб эркин фермерлар ва уларнинг ишларга мудом кўмак берувчи, новацияларни қўллаб-қувватловчи, аммо ишларга аралашмайдиган давлат – икковининг бирлиги билан тушунтириш мумкин. Мустақил, онгли фермер ва унга хайрихоҳ, уни ҳурмат қиладиган давлат. Сири шу.
Эркин иқтисодий фаолият кишининг ички имкониятларини юзага чиқаради, ақлини чархлайди, изланишга, янги уфқларга чорлайди. Бу эса жамиятнинг – ҳамманинг фойдаси. Бунинг акси – эрксизлик, қарамлик, мажбурлов ва режалар – булар шахснинг ўсишига йўл бермайди, иқтидорларини заволга учратади.
Фақатгина эркин, ҳурмати жойига қўйилган тадбиркор-деҳқон қишлоқ хўжалигимиз қиёфасини янги босқичга олиб чиқиши, қишлоқларимизни ривожланаётган мамлакатлар учун арзон ишчи кучи етказиб берувчи эмас, балки катта миқдорда маҳсулот етиштириб берувчи иқтисодий ҳудудларга айлантириши мумкин.
Бошқа мамлакатларда ишлар қандай йўлга қўйилган?
Бошқа мамлакатларда қандай маҳсулот етиштиришни юқори вазирлик ҳал қилмайди. Нега улар бу қарорга келишган? Мантиқ қуйидагича. Биринчидан, вазирликдаги қарор қабул қилувчи одамлар ҳар бир ҳолатда ерга нима экиш кераклиги ҳақида тўғри қарорга кела олишмайди. Ер қаерда-ю, улар қаерда?!
Қарор қабул қилишни ер билан бевосита ишлаётган одамларнинг ўзлари ҳал қилишади, чунки улар нима экишни яхшироқ билишади. Дунёда бунга ҳеч ким шубҳа қилмайди. Фермер ерда етиштирган маҳсулотига ўзи эгалик қилади.
Бунинг нимаси яхши?
1. Деҳқон шахсий манфаати йўлида чин дилдан ишлайди
2. Ерида нима етиштиришни обдон ўйлайди
3. Ҳисоб-китоб қилади
4. Бозорни ўрганади
5. Конъюнктурани ўрганади
6. Новацияларга интилади
7. Маҳсулоти яхши бўлишига интилади
8. Ерини севади ва ҳоказо ва ҳоказо.
Айнан шу нарса – моддий манфаатдорлик – барча ривожланиш учун асосий куч – ривожланишнинг мотори ҳисобланади. Давлат эса бу кучга йўл очишга уринади, ёрдам беради. Аммо фермернинг ишига аралашмайди, мажбурий режалар жорий қилмайди.
Нидерландия, халқ тилида – Голландия. Аввало шуни айтиш керакки, Голландия қ/х фаолиятини юритиш учун қулай шароитга, ресурсларга эга эмас. Масалан, бугунги кунда мамлакат бўйлаб дурдек сочилган иссиқхоналарни иситиш учун нидерландияликлар сал аввал газдан фойдаланишар эди, аммо мамлкатнинг газ захиралари поёнига етяпти ва ва энди улар қуёш энергиясини авайлаб йиғиш ва иссиқхоналарни иситиш йўлига ўтишди. Иқлим етарли даражада иссиқ бўлмаса-да.
Ўзининг ярим миллион гектар ери билан Нидерландия қ/х маҳсулотлари экспорти бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Биринчи ўринда – АҚШ, унинг ер майдони голландларникидан 270 марта катта. Шимолий қутб доирасидан атиги 1600 км нарида бўлган мамлакат ҳозирда, масалан, помидор каби иссиқсевар маҳсулот экспорти бўйича дунёда пешқадам. Бундан ташқари, пиёз ва картошка экспорти бўйича ҳам мамлакат дунёда биринчи ўринда кетяпти. Умуман, сабзавот экспорти бўйича эса дунёда иккинчи ўринда. Дарвоқе, уруғ савдоси бўйича дунёда тузиладиган шартномаларнинг учдан бири Нидерландияда тузилади. Буларнинг ҳаммаси ярим миллион гектар ерда амалга оширилаётган ишлардир.
2018 йилда Нидерландия ялпи ички маҳсулоти одам бошига 53106 долларни ташкил қилди. Дунё мамлакатлари ичида 12-ўринда.
Ишлар нимадан бошланган эди?
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европанинг кўплаб бошқа давлатлари сингари Нидерландияда ҳолат оғир эди. Масалан, транспорт тизимининг 60 фоизи ишдан чиққан эди. Урушдан кейин мамлакатга ёрдам сифатида ажратилган бир миллиард доллар аввало молиявий аҳвол барқарорлаши учун сарфланди. Колонияларидан воз кечиш эса давлатга зарар эмас, фойда келтирди – давлат барча эътиборини ўз муаммоларига қаратди. Урушдан аввал Нидерландия асосан савдо билан шуғулланган бўлса, энди маҳсулот ишлаб чиқаришга киришилди. 1950 йилдан 1970 йилгача бўлган даврни Нидерландия иқтисодиётининг «олтин даври» дейишади. 1950 йилда ялпи ички маҳсулот киши бошига тахминан 5 минг долларни ташкил қилган бўлса, 1973 йилга келиб бу кўрсаткич 13,5 минг доллардан ошиб кетди.
Бундай иқтисодий ўсиш Нидерландиядек сержило – турли миллат, дин ва маданиятлардан иборат жамият ичидаги турли гуруҳлар жипслашувига – ўзаро мулоқотига омил бўлди.
Мамлакат иқтисодиётининг пешқадам соҳаси – озиқ-овқат саноати. Бу соҳа эса, ўз навбатида, юқори ривожланган қишлоқ хўжалиги соҳасига таянади.
20 йил аввал бу мамлакатда «икки баробар кам ресурс сарфлаб, икки баробар кўп маҳсулот етиштириш» шиорига амал қилинди. Натижа қандай бўлди? Фермерлар сув истеъмолини 90 фоизга камайтиришди, иссиқхоналарда кимёвий ўғитларни ишлатишдан эса тўлиқ воз кечилди. Паррандачиликда антибиотикларни ишлатиш 60 фоизга камайди. Шуни айтиш керакки, бу ишни фермерлар ўзлари ўз хоҳишлари билан қилишди. Давлат фақат илмий тадқиқотлар билан уларни руҳлантирди, холос.
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
16:27 / 29.10.2024
Ер атмосферасининг ифлосланиши рекорд даражага етди
13:56 / 14.10.2024
Озарбойжонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича миллий стратегия қабул қилинди
11:26 / 01.10.2024
Олимлар Қуёш қачон “ўлишини” маълум қилди: Ерга нима бўлади?
11:21 / 23.09.2024