Жамият | 14:58 / 06.10.2019
37742
3 дақиқада ўқилади

Иштихон деҳқон бозоридаги ёнғин ва ўт ўчиришни таъминлашга монелик қилувчи тўсиқлар — видео

Самарқанд вилояти Иштихон тумани марказидаги деҳқон бозори яқиндагина таъмирдан чиқарилди. Гарчи бу ерда сотувчилар ва харидорлар учун зарур шароитлар яратилган бўлса-да, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мутлақо амал қилинмагани хавотирли.

Бу ҳақда Ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси вилоят телевидениесида ҳам чиқиш қилган эди. Ўша репортажда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун бозорда шароит йўқлиги, чунончи, ўт ўчирувчи машиналар бозор ҳудудига кира олмаслиги, бунга бозор дарвозаси олдидаги темир тўсиқлар монелик қилиши, сув тўлдириладиган ҳовуз бўшлиги, ёнғинга қарши курашиш қалқони талаб даражасида эмаслиги танқид остига олинган эди.

Телевидениедаги танқидга муносиб жавоб берилмади ва барча қўрққан ҳодиса рўй берди — бозордаги дўконлардан бирига ўт кетди. Тадбиркор Умид Мамашов ёнган дўконни ижарага олганига эндигина бир ой бўлган эди. Ўт нимадан чиққани номаълум, шуниси аниқки, электр симлар яқиндагина алмаштирилган, трансформаторда ҳеч қанақа қисқа туташув аломатлари йўқ. Бироқ дўконига ўт кетиб, у 200 миллион сўмга яқин озиқ-овқат маҳсулотларидан айрилди.

Дўкондор дўконга кимдир ўт қўйганидан ҳам шубҳаланмоқда ва бу борада ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам мурожаат қилган. Шунингдек, у ўзига етказилган зарарлар мазкур ҳолатга айбдорлар томонидан тўлаб берилишини ҳам истамоқда.

Дўконнинг орқасидаги кўча ҳам можароли. Фуқаролардан бири у ердан юк келтирувчи дўкондорлардан товламачилик қилиб пул талаб қилаётганини айтиб беришди. Бу ҳолга маҳалла участка инспектори ҳам чора кўролмаяпти экан.

Биз шу мавзуда Иштихон туман ҳокими Шуҳрат Негматов билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, бозор дарвозасига тўсиқ бозор ҳудудига машиналар кириб, тартибсизлик вужудга келтиришининг олдини олиш учун ўрнатилган.

Туман ҳокимининг ҳам гапида жон бор. Бозор ҳудудида машиналарнинг доимий ҳаракатланишига йўл қўйиб бўлмайди. Бироқ, ўт ўчириш хизмати машиналарининг киришига шароит яратилиши керак.

Бозорда ёнғинга қарши курашиш учун барча шароит муҳайё қилиниши шарт. Бозорда дўконлар бир бирига тақаб қурилган. Худо кўрсатмасин, бозорда каттароқ ёнғин юз берса нима бўлади?

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид