Спорт | 16:15 / 06.10.2019
54125
4 дақиқада ўқилади

Купер Фаластин ва Ироқ билан ўйинлардан кейиноқ ишдан бўшатилган эди – Даврон Аҳмедов

Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ бош мураббийи Эктор Купер лавозимидан олингани 23 сентябрда маълум қилинган бўлса-да, аслида у икки ҳафта олдин ишдан бўшатилган эди. Бу ҳақда унинг таржимони бўлиб ишлаган Даврон Аҳмедов Kun.uz`га берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Истеъфо қандай содир бўлди? Хафа бўлди, дея олмайман. [Фаластин ва Ироқ билан] ўйинлардан кейин Тошкентга етиб келдик. Биз етиб келган куни кечқурун Яман – Саудия Арабистони ўйини бўлиб ўтди. Учрашув 2:2 ҳисобида тугади. Мистер хурсанд бўлиб, менга SMS ёзди: «Ўйинни кўрдингми, 2:2 бўлди». Яъни худди ҳаммаси бошидан бошланади, ҳали ҳеч нарса йўқотилмади, дегандек... Мистернинг кайфияти зўр эди, дейиш мумкин.

Эрталаб бизни Равшан ака Эрматов билан мажлисга чақиришди. Ўша жойда айтилди. Албатта, буни эшитган пайт одам хафа бўлади, чунки айтганимдек, бир кун олдин кайфияти яхши эди.

Равшан ака ҳам ҳаммасини – ҳозирги ҳолат, босим, вазиятни ўзгартириш шартлигини дипломатик тарзда тушунтирди. Ва мистер буни тўғри тушунди. Қайсарлик қилиб, ўз позициясида туриб олгани йўқ. Музокараларда ЎФАга қандайдир ён берди, десак ҳам бўлади. Менимча, шу ҳолатда иккала томон ҳам бир-бирини тўғри тушунди», – дейди таржимон.

ЎФАнинг Куперга имкон бермай, дарҳол истеъфо қарорига келиши борасида фикр билдирар экан, Даврон Аҳмедов раҳбариятга баъзи футболчилар аргентиналик мутахассисдан норози, деган маълумот борган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

«Купер Мисрни Жаҳон чемпионатига олиб чиққанида ҳам саралашни мағлубият билан бошлаган. Шу каби унга вақт беришса ҳам бўларди, лекин балки Мисрдаги вазият бошқачароқ бўлгандир.

Бу қанчалик рост-ёлғонлигини билмайман, лекин бизга баъзи ўйинчилар ҳам норози деган хабар берилди. Албатта, мистер бу нарсага ишонмади. У ўйинчиларни ҳар куни кўради, улар билан ҳар куни гаплашади.

Купер ишдан бўшатилгани ҳақида хабар чиққанидан кейин деярли барча футболчилар ҳайрон бўлиб қолди. «Нега бундай бўлди, биз хоҳламагандик-ку, мистер билан ишлашни хоҳлаймиз» – деярли барча футболчилар шундай реакция билдирди», – деди Аҳмедов.

ЎФАдаги фаолиятини давом эттираётган Даврон Аҳмедов суҳбат давомида Купер билан танишуви ва унга таржимон этиб тайинланиши қандай рўй бергани, мураббий унда қанақа таассурот қолдиргани, унинг Тошкентдаги кундалик ҳаёт тарзи, характеридаги айрим жиҳатлар, Фаластин билан ўйин каби мавзуларда сўз юритди.

Таржимон, шунингдек, миллий жамоа ичида бир йилдан ортиқроқ вақт бош мураббий билан ёнма-ён ишлаган инсон сифатида ўзбекистонлик футболчиларда ватанпарварлик туйғуси етишмаслиги ҳақидаги эътирозли фикрларга ҳам муносабат билдирди.

Суҳбатни тўлиқ шаклда Kun.uz`нинг YouTube`даги каналида томоша қилиш мумкин.

Мавзуга оид