Жамият | 14:30 / 07.10.2019
17154
5 дақиқада ўқилади

Музработда дўконлар бузилди – ҳокимлик компенсация тўламаяпти

Ўнлаб дўконлар ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бузиб ташлангани айтилмоқда.

Kun.uz таҳририятига Сурхондарё вилояти, Музработ туманидан бир гуруҳ тадбиркорлар мурожаат йўллади. Мурожаатда туман марказидаги дўконлар ҳоким буйруғи билан бузилгани, компенсация пули эса берилмаётгани ҳақида сўз юритилади.

Масалани ўрганиш учун Музработда бўлдик ва тадбиркорларнинг эътирозларини тингладик.

«Тумандаги «Янги ҳаёт» маҳалласи ҳудудидаги хусусий дўконларимиз «Обод марказ» дастури амалга оширилиши муносабати билан ҳокимлик томонидан буздирилди. Бизга ҳеч қандай огоҳлантириш хати ҳам берилмади. Бир ой ичида бу ишлар бўлиб кетди.

Орадан уч ойдан зиёд вақт ўтди, аммо хусусий мулкимиз ўрнига ер ҳам таклиф этилмаяпти, компенсация пули шу кунга қадар тўлаб берилгани йўқ. Кундан кунга нархлар ошмоқда. Дўконларимизни баҳолатган баҳоси қадри пулимизни олмасдан тушиб боряпти.

Барчамизда мулк ҳуқуқини тасдиқлайдиган ва кадастр ҳужжатлари бор. Биз туман маркази янада обод бўлишига қарши эмасмиз, фақат етказилган зарарни қоплаб беришсин», — дейди биз билан суҳбатда тадбиркорлар.

Шундан сўнг ҳудудни кўздан кечирдик. Туман марказида «Обод марказ» дастури асосида олиб борилаётган ободонлаштириш ва қурилиш ишлари авжида. Тадбиркорларнинг бузилган дўконлари ўрнига ҳам объектлар қурилмоқда.

Тадбиркорлардан бузилиш ҳақида огоҳлантириш бўлган-бўлмаганини сўрадик. Уларнинг таъкидлашича, ҳеч ким бузилишлар ҳақида огоҳлантирилмаган экан. Келишув битимлари дўконлар бузилганидан сўнг анча вақтдан кейин расмийлаштирилган. Аммо барча тадбиркорлар билан ҳам бундай келишув тузилган эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 4-бандида тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб, уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шартлиги қайд этилган.

Тадбиркорларнинг фикрига кўра, туман ҳокимлиги мутасаддилари қарорда кўрсатилган тартибга амал қилишмаган ва тадбиркорларнинг ҳуқуқини очиқчасига бузишган.

Қолаверса, Президентнинг 2018 йил 8 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг 2-бандида 2018 йил 1 сентябрдан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилиши белгиланган.

Шунингдек, ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ҳамда иншоотлар бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши қайд этилган.

Бироқ Музработда тадбиркорларнинг хусусий мулклари бузилишида қонун ҳужжатларининг мазкур талабларига риоя этилганлигига гувоҳ бўлмадик.

Масалага ойдинлик киритиш учун Музработ туман ҳокимлигида бўлдик.

Шу куни туман ҳокими Эркин Алимов билан учрашишнинг имкони бўлмаган бўлса-да, бу масала юзасидан унинг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Аҳмад Йўлдошев билан боғланиб, изоҳ сўрадик.

«Туманда «Обод марказ» дастури асосида лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан кўп объектлар, тадбиркорлар дўконлари бузилган. Уларнинг хусусий мулклари баҳоланган. Компенсация масаласига тўхталадиган бўлсак, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан вилоятда жамғарма ташкил этилган ва шу жамғармадан тўланиши белгиланган. Биз таклифларни берганмиз», — дейди А.Йўлдошев.

Аммо туман ҳокими ўринбосари тадбиркорларга компенсация пуллари қачон тўлаб берилиши, муаммо қачон ечим топиши юзасидан аниқ жавоб бермади.

Шунингдек, бу жараён нега қонунчиликка риоя қилмаган ҳолда олиб борилаётгани, тадбиркорлар ҳуқуқлари бузилаётгани, нега улар вақтида огоҳлантирилмагани юзасидан саволларимизга ҳам етарли жавоб ололмадик.

Қайта қуриш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари яхши, албатта. Шаҳар-у қишлоқларнинг кўркам ва обод бўлиши ҳар жиҳатдан мамлакат имижини оширишга хизмат қилади. Аммо бу кимгадир зарар етказилиши, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари поймол этилиши эвазига амалга оширилмаслиги лозим.

Сурхондарё вилояти Музработ туманида ҳокимлик ва тадбиркорлар ўртасида юзага келган муаммони тегишли вазирлик ва идоралар беэътибор қолдирмаслигига умид қиламиз.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид