Ўзбекистонда оилалар сарфлаётган электр энергиясининг қанчасини исроф қиляпти? Вазир ўринбосари билан суҳбат
Куз-қиш мавсуми яқинлашиши билан ҳаммани бир савол қийнай бошлайди – бу йил электр энергияси таъминоти қандай бўларкин?.. Ўзбекистонликлар энергетика соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларнинг самарасини қачон ҳис қилади?
Kun.uz мухбири шу ва мавзу атрофидаги бошқа саволлар билан Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев билан суҳбатлашди.
Вазирликнинг халқаро ҳамкорлар билан амалга ошираётган лойиҳалари, энергия самарадорлиги соҳасидаги ислоҳотлар кабилардан бошланган суҳбат, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва атом энергетикаси мавзусида давом этди.
– 20 сентябрда Тошкентда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури (МОМИҲ)га аъзо давлатлар энергетика вазирларининг биринчи мулоқоти бўлиб ўтди. Бу анжуман нега айнан Ўзбекистон пойтахтида ўтказилди, учрашувда қандай натижаларга эришилди ва улар қандай аҳамиятга эга?
– МОМИҲга аъзо давлатларнинг энергетика вазирлари ва етакчи мутахассислари Тошкентда йиғилишига сабаб – бу йил ташкилотга Ўзбекистон раислик қилмоқда. Шундан келиб чиқиб навбатдаги анжуман мезбонлиги бизга берилди.
Бугунги кунда энергия самарадорлиги дунёдаги энг жиддий муаммолардан бири, десам адашмаган бўламан. МОМИҲга аъзо давлатларда ҳам, хоҳ у ривожланган ёки ривожланаётган давлат бўлсин, энергия масаласи кун тартибида биринчи ўринларда туради.
Тошкент анжуманининг ўзига хос жиҳати шуки, унда шу пайтгача эришилмаган натижа – махсус декларация имзоланди. Бу декларациянинг энг муҳим банди шундаки, биз, яъни барча аъзо давлатлар 2025 йилга қадар қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробар оширишга келишиб олдик.
– 2025 йил? Вақт жуда оз қолди, прогноз ва режалар жуда оптимистик эмасми?
– Албатта, бу борада жуда кўплаб баҳс-мунозаралар бўлди, ўз имкониятларимизни ўрганиб чиқдик. Энг муҳими, бунинг учун ҳуқуқий асос яратилди, соҳага кириб келувчи хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар учун кафолат механизмлари ишлаб чиқилди, қонунчилик базаси яратилди, ҳар бир йил учун алоҳида дастур тузиб олинди.
Ишончим комилки, ўз зиммамизга олган вазифаларни белгиланган муддатда ва сифатли бажарамиз. Қуёш ва шамол электростанцияларини қуриш учун керакли нуқталарни белгилаб олганмиз. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларида энг қулай ҳудудлар борлиги аниқланган.
– Энергия самарадорлиги бўйича бугунги кунда ҳатто қонунчиликка ўзгартириш киритишгача бўлган таклифлар билдирилаётгани сабаби нима?
– Дунё мамлакатлари билан солиштирганда, Ўзбекистон энергия тежамкорлиги, самарадорлиги бўйича 147 давлат ичида 87-ўринни эгаллаган. Яъни биз бу масалада анча орқадамиз.
Мен бу муаммони уч тоифага ажратган бўлардим. Биринчиси, саноатдаги тежамкорлик. Агар биз саноатда тежамкорликни жорий қилмасак, бир бирлик маҳсулотга сарфланган энергия таннархи бўйича дунё бозорида рақобат қила олмай қолишимиз мумкин.
Иккинчи ўринда – маиший энергиясамарадорлик. Биз энергия самарадорлиги бўйича мониторингларни мунтазам олиб борамиз. Юртимизда ўртача бир оиланинг ойлик электр энергияси сарфи 200 кв/соатни ташкил қилади. Тўғри, бу кўрсаткич кўп эмас, кўпчилик давлатларга нисбатан оз. Аммо ана шу сарфланган электр энергиясининг ўртача 25 фоизи, яъни 50 кв/соати исроф қилинади.
Бошқа давлатлар билан солиштирганда, майли, ҳозирча ривожланган давлатларни қўя турайлик ва ривожланаётган давлатларни олайлик, иқлими биздан совуқроқ ёки иссиқроқ давлатлар билан қиёслаганимизда ҳам, бизда энергия сарфида самарадорлик паст эканлиги маълум бўлади.
Бир қарашда 50 кв/соат исрофгарчилик даражасида кўп эмасдек туюлади. Аммо 6,5 – 7 млн.дан ортиқ истеъмолчига ҳисобланганда бу жуда катта рақамларни ҳосил қилади.
Қолаверса, халқимиз турмуш даражаси ошмоқда. Яқин келажакда ўртача истеъмол 500 кв/соатни ташкил қилиши мумкин, бунинг 25 фоизи 125 кв/соатга етади ва самарасиз сарф ҳажми кескин ошиб кетади. Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак.
Шахсий фикрим, вазият шуни кўрсатяптики, фақат тарғиботнинг ўзи камлик қиляпти. Аниқ механизмлар зарур. Ўрганишлар шуни кўрсатадики, энг кўп энергия уйни иситиш, хусусан сувни иситишга сарфланади. Ана шу сарфни камайтириш учун қайта тикланувчи энергиядан фойдаланилса, давлат харажатларнинг бир қисмини қоплаб беради. Ана шундай чоралар тежамкорликка ундайди.
Савол туғилади, нега биз уйларимизни иситишга кўп энергия сарфлаймиз? Чунки биз биноларни лойиҳалашда, қуришда кўп жиҳатларни эътиборга олмаймиз. Янги қурилиш материаллари, замонавий лойиҳалардан фойдаланиш зарур. Мана, тарғибот натижасида светодиод лампаларга анча ўтдик, лекин бу ҳам етарли эмас. Ҳозир дунё сенсор, яъни ҳаракат натижасида ёнадиган лампаларга ўтмоқда. Бизда кўп қаватли уйлар подъездларида чироқлар бекорга ёниб ётади.
Учинчи йўналиш – жамоат жойлари. Бу ерда жуда кўп энергия исроф бўлади. Биз фарзандларимизга ёшликдан энергия тежамкорлигини ўргатиб боришимиз зарур. Энг муҳими, биз электр энергиясини 90 фоизгача табиий бойликлар орқали оламиз. Агар тежамкорликни йўлга қўймасак ва табиий бойликларимизни сарфлаб юборсак, келгуси авлодга ҳеч нарса қолдирмаган бўламиз.
– Электр энергияси истеъмоли тузилмаси қандай? Яъни соҳалар бўйича истеъмол ҳақида маълумот берсангиз.
– Биз 40 фоизгача электр энергиясини бино-иншоотлар учун сарфлаймиз. Энди буларга ўша аҳоли турар-жойлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳам киради. Саноатда ҳам бизда энергия самарадорлиги жуда паст.
Тўғри, ҳозир барча соҳаларда модернизациялар кетмоқда. Аммо бу жараённи кучайтириш керак.
Яна битта жуда катта соҳа – қишлоқ хўжалиги. Ёз ойларида ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 25 фоизгачаси насос станциялари, яъни сув чиқариш учун сарфланади. Аҳоли ўсгани сари бу кўрсаткич ошиб боради. Бу соҳада жуда катта модернизация зарур. Ҳозирги кунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва биз томонимиздан жуда йирик дастур ишлаб чиқилган. Бу соҳага илм-фанни кўпроқ татбиқ қилиши, ёш олимларни жалб қилиш режалаштирилган.
Суҳбат давомида мутахассис энергия самарадорлиги бўйича ислоҳотлар оддий истеъмолчи учун навбатдаги чекловларга айланиб кетиши ҳақидаги хавотирлар, бу йилги куз-қиш мавсумида электр энергияси таъминотида узилишларни камайтириш учун қилинаётган ишлар, атом энергетикасининг Ўзбекистонга қай даражада зарурлиги ва унинг хавфсизлиги каби мавзуларда ҳам фикр билдириб ўтди.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Мавзуга оид
09:30 / 07.11.2024
Наманганда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди
09:29 / 06.11.2024
Ўзбекистонда 2030 йилгача “яшил” энергия манбалари 40 фоизга етказилади
10:10 / 29.10.2024
Малайзия Ўзбекистон давлат идораларига қуёш панелларини ўрнатишни бошлайди
10:10 / 25.10.2024