Ўзбекистон | 11:15 / 07.10.2019
19294
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтишининг асосий вазифалари очиқланди 

Фото: Pixabay

Ўзбекистон Республикаси президенти “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

технологик модернизациялаш ва молиявий механизмларни ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;

давлат инвестициялари ва харажатларининг устувор йўналишларига илғор халқаро стандартларга асосланган “яшил” мезонларни киритиш;

давлат томонидан рағбатлантириш механизмларини, давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш ҳамда халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш орқали “яшил” иқтисодиётга ўтиш йўналишлари бўйича тажриба-синов лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

таълимга инвестициялар киритишни рағбатлантириш, етакчи хорижий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига “яшил” иқтисодиётдаги меҳнат бозори билан боғлиқ кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

Оролбўйидаги экологик инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш чораларини кўриш;

“яшил” иқтисодиёт соҳасида, шу жумладан икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар тузиш орқали халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

Қуйидагилар:

а) 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланди ва қуйидагилар уни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

иқтисодиётнинг базавий тармоқлари энергия самарадорлигини ошириш;

энергия ресурслари истеъмолини диверсификациялаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш;

иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатиш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва табиий экотизимларни асраш;

“яшил” иқтисодиётни қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий механизмларини ишлаб чиқиш;

б) Стратегияни амалга оширишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди:

иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 10 фоизга қисқартириш;

икки карра энергия самарадорлиги кўрсаткичини ошириш ва ялпи ички маҳсулот углерод сарфи ҳажмини камайтириш;

қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш;

100 фоизгача аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини замонавий, арзон ва ишончли энергиядан фойдаланиш имконияти билан таъминлаш;

саноат корхоналари инфратузилмасини модернизациялаш, энергия самарадорлигини 20 фоиздан кам бўлмаган миқдорга ошириш ҳамда соф ва экологик хавфсиз технологиялар ва саноат жараёнларидан янада кенг фойдаланиш ҳисобига уларнинг барқарорлигини таъминлаш;

энергия самарадорлик ва экологик жиҳатдан яхшиланган тавсифларга эга мотор ёқилғиси ва автотранспорт воситалари ишлаб чиқаришни ҳамда улардан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, электр транспортни ривожлантириш;

иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, 1 миллион гектаргача майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ва уларда етиштириладиган экинлар ҳосилдорлигини 20-40 фоизгача ошириш;

ерларнинг таназзулга учраши бўйича нейтрал балансга эришиш;

асосий турдаги қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўртача ҳосилдорлигини 20-25 фоизгача оширишга эришиш.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётни илгари суриш ва жорий этиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди ва унга қуйидаги вазифалар юкланди:

Стратегияда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича масъул вазирликлар ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш;

Идоралараро кенгашга, шу жумладан унинг ишчи органи фаолиятини ташкил этиш орқали ҳар томонлама кўмаклашиш;

“яшил” иқтисодиётни босқичма-босқич жорий этиш бўйича ҳисоботлар юритишнинг ўз вақтида ташкил этилишини таъминлаш.

Мавзуга оид