Жамият | 17:54 / 08.10.2019
12550
5 дақиқада ўқилади

«Бундай чанг-тўзонда нафас олишга ҳам қийналяпмиз». Абгор йўл туфайли Урганч тумани аҳолисининг «енгили оғир бўлмоқда»

Йўллар ҳолати – ҳар қандай давлатнинг ривожланиш даражасини кўрсатиб берувчи муҳим омиллардан биридир. Миллионлаб одамлар ҳар куни транспортда, велосипедда ёки пиёда шу йўлларни босиб ўтади, ишга, юмушга, ўқишга боради. Агар йўллар ҳолати яхши бўлса, одамларнинг оғири енгиллашади, узоғи яқинлашади, турмуш шароити яхшиланади, турли қулайликлардан баҳраманд бўлишади. Агар ёмон бўлса-чи? Йўллар расволиги натижасида енгили оғирлашаётган аҳолининг кайфияти қандай бўлиши мумкин?

Kun.uz таҳририятига келган мурожаатлардан бири айнан шу мазмунда бўлди. Унда Хоразм вилояти, Урганч тумани, Боғдорчи қишлоғида жойлашган «Бободеҳқон» маҳалласидаги йўл абгор аҳволга келиб қолганидан шикоят қилинган эди. 

Маҳалла аҳолиси маълумотига кўра, 2019 йилнинг февраль ойида бу йўлни таъмирлаш ишлари бошланган, чуқурчалар текисланиб, шағал тош тўшалган, аммо тахминан 400 метрлик жойга асфальт ётқизилмасдан қолиб кетган.

Натижада, шу вақтдан бери йўлдан кўтарилаётган чанг уйларни, дов-дарахтларни, автомашиналарни қоплаб олмоқда. Бу йўлдан ҳар куни ишга, юмушга ўтадиган одамлар, боғчага, мактабга қатнайдиган болаларнинг аҳволига фақат ачиниш мумкин.

Маҳалла аҳолисининг шикоятига кўра, чанг-тўзон туфайли нафас олиш ҳам қийинлашяпти. Одамлар ёзда ҳам ойна ва эшикларини ёпиб ўтиришга мажбур. Акс ҳолда ҳатто тановул қилаётган овқатларга ҳам чанг ўтирмоқда.

Бу йўл бўйлаб ишга борадиган катталар, мактабга қатнайдиган болалар безиб кетишган. Чанг-тўзон туфайли кийим-бошлари бир кунда кир бўлиб қолмоқда. Уларни ювиб, қуритиш ҳам муаммо. Боғда қуритиш учун осиб қўйилган кирларга тезда чанг ўтиряпти.

«Йўлимизни февраль ойида бузиб кетишган эди. Ҳануз таъмирланмади. Ҳаммаёққа мурожаат қилдик, аммо фойдаси бўлмади. Мана шу йўлдан болаларимиз мактабга қатнайди. Чанг-тўзон туфайли уйларимизнинг эшикларини очиб қўёлмаймиз. Дарахтлар ҳам чангдан оппоқ бўлиб қолган. Бизга ёрдам беришингизни сўраймиз», дейди аҳоли вакилларидан бири.

«Кўчамизнинг чанги туфайли ёзи билан ташқарига чиқолмадик. Боғимизда кир қуритмоқчи бўлсак, эрталабгача чанг бўлиб қолади. Ёзда уй иссиқ бўлади, аммо ташқарида ўтиролмаймиз, чанг туфайли нафас олиш қийинлашиб, қисиб қолади. Йўл бўйида автобус кутиб турсак, чангга ботиб кетамиз. Шу йўлдан болаларимиз мактабга боради. Боргунча кийимлари чангга беланади. Ўқитувчиси ҳам ота-онанг қарамайдими деб койиб беради. Аммо йўлнинг аҳволидан ҳеч кимнинг хабари йўқ», дейди яна бир мурожаатчи.

Қайд этиш жоизки, йўл атрофида пиёдалар йўлаги ҳам йўқ. Натижада одамлар чанг-тўзонда йўлнинг қатнов қисмидан юришга мажбур бўлишмоқда. Бу эса ҳаёт учун хавф келтириб чиқармоқда. Йўл четидаги уйлардан яшовчи фуқаролардан бирининг айтишича, тротуар йўқлиги туфайли шу йўл четида ҳаракатланган икки болани машина уриб кетган.

«Маҳалламиз йўли февраль ойида таъмирланиши керак эди. Аммо ишлар охирига етказилмади. Мана чанг-тўзонни кўряпсиз, шуни ичимизга ютяпмиз. Уйимиз йўл бўйида жойлашган. Чанг-тўзон туфайли уйда нон ҳам еб бўлмай қолди. Болалар мана шу йўлда ўйнаб юради. Бу ерда тротуар ҳам йўқ. Сўнгги 2-3 йилда шу йўлда 2 болани машина уриб юборди. Мана автобус ўтиб кетяпти, орқасидан чанг кўтариляпти. Нима қилишимиз керак?», дейди у.

Бу йўлларга сув сепиб, нам қилиб, чанг-тўзоннинг олдини олиш мумкинми? Хоразм вилоятининг иссиқ ва қуруқ иқлимида бу қисқа вақт самара беради, холос. Йўл тезда қуриб, яна чанг-тўзон билан қопланади.

Автомобиль йўллари қўмитаси ҳудудий бошқармасининг Урганч тумани бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, «Бободеҳқон» маҳалласидаги йўлни таъмирлаш ишлари асфальтнинг таркибига кирувчи муҳим унсур – битумнинг танқислиги ва маблағнинг етишмаслиги туфайли тўхтаб қолган. Бугунги кунда бу йўл асфальт қилиш учун тайёр ҳолатда турибди. Маблағ ажратилса ва битум етказиб берилса, таъмирлаш ишлари якунланади.

Бироқ битум ва маблағ масаласи қачон ҳал бўлиши маълум эмас. «Бободеҳқон» маҳалласи аҳолиси эса мутасадди ташкилотлардан бу муаммони бартараф қилишда ёрдам сўрашмоқда.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид