Миришкор тумани ҳокими «ўғри бобо»ни неваралари олдида ҳақоратли сўзлар билан изза қилди. Унинг «жазо»лашга ваколати борми?
Интернетда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов неваралари билан тадбиркор фермер даласидан маккажўхори сўталарини юлиб чиққан бобони неваралари олдида изза қилгани тасвирланган видео тарқалди.
Бир қарашда Миришкор тумани ҳокими тадбиркорнинг мулки ҳимоясига отлангандек. Лекин у неваралари билан сўта юлган бобони неваралари олдида ўғриликда айблаб изза қилибгина қолмасдан, вояга етмаган болалар олдида ҳақорат ҳам қилган!
Ҳоким ўзининг бу ишини буюк бир қаҳрамонлик сифатида баҳолаб юборган шекилли, видеога ҳам олган ва бошқаларга «дарс» бўлиши учун ижтимоий тармоқларда тарқаттирган.
Ижтимоий тармоқларда эса одамлар томонидан ушбу видеога билдирилаётган фикрлар якдил: барча ҳокимни нотўғри иш қилишда айбламоқда.
Билдирилган айрим фикрлардан иқтибос келтирамиз:
«Агар сиз яхши раҳбар булганингизда, бу инсонни неваралари олдида «синдирмаган» бўлар эдингиз!»
«Инсон қадри ҳамма нарсадан доим устун турган, лекин минг афсуски, бундай ҳокимлар маънавиятсизликка дучор бўлган ва инсон қадрини поймол қилишда давом этмоқда. Уч-тўртта маккажўхори билан дунё тугаб қолмайди-ку, биз ўзбеклар кимнингдир боғида ёки кўчада турган дарахтнинг мевасидан сўрамасдан истеъмол қиламиз-ку, лекин бунга ҳеч ким қаршилик қилмаган. Ўша дарахтнинг эгаси ҳам қарғаб-сўкмаган, чин дилдан рози бўлишган. Инсон шаъни ҳар нарсадан устун. Бу инсонни неваралари олдида изза қилиш сўкиб хақоратлаш жуда катта худбинликдир. Халқимизда «Яхши гап билан илон инидан чиқар», деган мақол бежиз айтилмаган. Тўғриликча, хушмуомалалик билан тушунтирса бўларди-ку?! Ҳоким ҳам бола бўлган, ёшлигида кимнингдир боғидан ёки даласидан нимадир олиб егандир, ахир. Мен бу инсоннинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрсам, ер ёрилса-ю ерга кириб кетсам, деган хаёллар келди, бундай ҳақоратларга...»
Хўш, ҳоким ўғриларни уришиб, ҳақоратлаб тўғри йўл тутганми? Нега туман раҳбари Ўзбекистон фуқаросини бу тарзда ўзбошимчалик билан «жазо»лаяпти? Унинг бунга ваколати борми?
Фуқаро қонунбузарлик қилган бўлса, ҳоким бунга шахсан ўзи гувоҳ бўлган бўлса ҳам бу хатти-ҳаракатга нисбатан чора кўришнинг бошқа йўллари бор-ку? Айтайлик, маъмурий баённома расмийлаштириш, етказган зарарини қоплатиш, бобонинг хатти-ҳаракати учун жаримага тортиш. Бу ҳол ёш гўдакларнинг руҳиятида қандай из қолдиришини ҳам бир ўйлаб кўринг-а. Тарбия шундай бўладими?
Биз нечанчи асрда яшаяпмиз ўзи? Қайси даврда яшаяпмиз? Ҳокимнинг бу хатти-ҳаракатлари советлар тузуми давридаги ўзига хон ўзига бек, қамчисидан қон томадиган колхоз раисларини эслатиб юбормаяптими?
Агар ўша даланинг эгаси бўлган фермер шу ишни қилганида уни тушунса бўлар эди. Миттигина бўлса ҳам зарарни у кўради. Лекин туман ҳокими тумандаги ҳар бир дала, ҳар бир экинга ўзини хўжайин, деб ҳисоблайди шекилли.
Чиндан ҳам, ушбу вазиятда Миришкор тумани раҳбари нега қонунчиликда белгиланган тарзда иш тутмагани кишини ўйлантиради. Наҳотки унинг билим ва савияси бунга етмаса? Ё бошқа сабаб борми?
Биз Қашқадарё вилоят ҳокимлигидан ушбу воқеага муносабат кутиб қоламиз. Вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳам вояга етмаганлар олдида ҳоким оғзидан янграган ҳақорат учун ҳуқуқий баҳо берилади, деб умид қиламиз.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ
Миришкор ҳокимининг «ўғри бобо»ни ҳақорат қилгани юзасидан прокуратура текширув бошлади
Мавзуга оид
07:30 / 20.11.2024
Қашқадарё вилояти айрим ҳудудларида табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилди
18:39 / 10.04.2024
Қашқадарё вилоятида зилзила содир бўлди
23:09 / 03.08.2023
Миришкорда кўлда чўмилаётган профилактика инспектори ғойиб бўлган. Прокуратура воқеани текширмоқда
16:27 / 20.08.2022