Иқтисодиёт | 21:30 / 09.10.2019
14939
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси лойиҳасида ЕОИИга аъзолик ҳақида икки марта тилга олинган

7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси лойиҳаси жойлаштирилди. Лойиҳа муҳокамаси 22 октябрга қадар давом этади.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Концепция лойиҳасида Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳақида икки марта эслаб ўтилган.

Ҳужжатга кўра, концепция амалга оширилишининг биринчи босқичида (2019-2021 йиллар) Ўзбекистонда ЕОИИ аъзолари ва бошқа қатор давлатлар билан эркин савдо келишуви имзоланиши ҳисобига ташқи савдо ҳажми кенгайиши кутилади.

Иккинчи босқичда эса (2022-2025 йиллар) мамлакат ЕОИИ ва ЖСТга аъзо бўлиб кириши, савдо сиёсати ва экспорт либераллашуви, тарифсиз савдо тўсиқларини кўриб чиқиш ва шартномаларни ЖСТ нормаларига мувофиқлаштириш бўйича изчил тадқиқотлар ўтказилиши кутилади.

Учинчи босқичда эса иқтисодиётнинг хом ашё экспортидан инновацион ривожланиш турига ўтилишини, экспортга йўналтирилган иқтисодиётнинг жадал ривожланишини таъминлаш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Ўзбекистонга ташрифини амалга оширган Россия федерацияси Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласини кўриб чиқаётгани тўғрисида маълумот берганди.

Кейинроқ Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш имкониятларини уч йилдан бери ўрганаётганини маълум қилди ва шу билан биргаликда Ўзбекистон миллий манфаатларга рахна солувчи ҳеч қандай шартномага қўл қўймаслигини таъкидлади.

Мавзуга оид