Жамият | 22:46 / 09.10.2019
46732
8 дақиқада ўқилади

«Терговчилар ўз ишларига совуққонлик билан қараган» — Уч ўсмирни автомобилда уриб юборган аёл иши бўйича брифинг ўтказилди

Жорий йилнинг 4 июнь куни Юнусобод туманининг 11-мавзесида «Нексия-3» автомобили ҳайдовчиси мавзе ичидаги йўл четида турган 12 ёшли А.Г., С.И. ва С.Я.га келиб урилган, улардан бири А.Г воқеа жойида вафот этганди. С.И. олган тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган, С.Я., амбулатор шароитида кўрикдан ўтказилиб, сўнг уйига жавоб берилгани ҳақида маълумот берилганди.

Ўсмирни босиб кетган 42 ёшли Лариса Т.га Жиноят кодексининг 266-модда 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) бўйича айблов эълон қилиниб, айбланувчига уй қамоғи тайинланган.

Бу йўл-транспорт ҳодисасининг ўзига хос жиҳати ижтимоий тармоқларда кучли баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани билан ажралиб турганди. Жумладан, марҳумнинг яқинлари гумондор воқеа жойида жабрланувчиларга ёрдам кўрсатмагани, суд чекловига кўра уй қамоғида бўлатуриб ҳам кўчада бемалол юргани, телефондан ва интернетдан фойдалангани, жабрланувчилар ва гувоҳларга босим ўтказганидан норози бўлишган. Энг нозик жиҳати кўплаб изоҳ қолдирувчилар ички ишлар ходимлари терговчилари ишни шаффоф ўтказмаётгани, марҳумнинг яқинларининг кўрсатмаларига эътиборсизлик билан қарашаётгани ва гувоҳларнинг кўрсатмаларига ҳамда яққол далилларга кўз юмишаётганидан эътироз билдиришган. Ишга коррупция аралашгани ва тизим бунга йўл қўяётгани ҳақида ҳам изоҳлар талайгина эди.

Мазкур иш юзасидан 8 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги брифинг марҳумнинг хотирасига сукут сақлаш билан бошланди. Шундан сўнг тадбирда бевосита иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, Тергов департаменти бошлиғи, полковник Дониёр Тошхўжаев саволлар туғилишига сабаб бўлган ҳар бир деталь бўйича батафсил маълумот берди.

Терговчилар ўз ишларига совуққонлик билан қараган

Ишни вазирлик номидан ўз назоратига олган Дониёр Тошхўжаев мазкур иш билан дастлаб шуғулланган терговчилар хизмат вазифаларига совуққонлик билан қарагани, барчани қизиқтирган саволлар юзасидан керакли даражада маълумотлар бериб борилмагани, айни пайтда бу ходимлар ишдан четлаштирилиб, ўз ихтиёрлари билан пенсияга чиққани, айримларига унвонларини пасайтириш, жиддий ҳайфсан эълон қилиш, огоҳлантириш каби жазо чоралари қўллангани ҳақида маълумот берди.

Машина бир марта урилганми ёки икки марта?

Марҳум яқинларининг энг катта шубҳаси гумондорнинг бу ЙТҲни қасддан қилганида бўлган. Айниқса гувоҳлардан бирининг (исм-шарифи таҳририятга маълум) автомобиль ўсмирларни уриб юборганидан кейин орқага юриб, яна қайтадан олдинга ҳаракатлангани ва қайта ургани ҳақидаги кўрсатмасидан кейин бу шубҳа янада кучайган.

Брифинг жараёнида ЙТҲ содир этилган автомобиль видеорегистраторидаги ёзувлар ҳам ошкор қилинди (аммо марҳум яқинларининг илтимосига кўра бу лавҳа оммага ошкор қилинмаслигига келишилди). Видеода кўриниши ва тергов хулосасига кўра автомобиль иккинчи марта урилмагани, маълум муддат ўсмирларни дарахтга қисиб ортга тисарилмай тургани маълум бўлди.

Шунингдек, айнан машина урилган сонияларда видеода бир лаҳзалик узилиш бўлгани лавҳа монтаж қилинганига оид гумон пайдо бўлишига олиб келган. Аммо экспертиза хулосасига кўра видеода узилиш бўлмаган, айни шу турдаги камералар ҳар уч дақиқада олинган тасвирни хотирага жойлаши ва суратга олишда давом этиши маълум бўлди. Сонияларнинг мувофиқлиги ва биринчи видео охири ҳамда иккинчи видеолавҳа бошидаги суратлар айнан ўхшашлиги бу тахминни йўққа чиқаради.

Ёрдам берилса марҳум тирик қолармиди?

Тез тиббий ёрдам кеч етиб келгани, атрофдагиларнинг жабрланувчига лозим даражада ёрдам кўрсата олмаганлари, агар унга тегинилмаганида тирик қолиши мумкин бўлгани ҳақидаги тахмин ҳам муҳокама қилинди. Видеода кўринишича ва гувоҳлар кўрсатмасига кўра, марҳумга қўшни эркак биринчи ёрдамни кўрсатган. Таъкидлаш жоизки, ёрдам кўрсатган инсон ҳарбий бўлиб (исм-шарифи маълум), биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича қисман тушунчага эга бўлган. Айнан у болани ётқизган ва нафас йўллари тўсилмаслиги учун ёнбошлатиб қўйган. Бу ҳаракат қанчалик тўғрилиги бўйича Тиббиёт академияси реаниматологидан сўралганида жиддий жароҳат натижасида паренхиматоз органлардан кучли қон кетиш пайтида агар бемор ҳушида бўлса ярим ётқизилган, беҳуш бўлса ётқизилган ҳолатда бўлиши кераклиги, биринчи ёрдам сифатида нафас трубкаси уланиши кераклиги айтилди.

Ўсмирни ким тез ёрдамга етказган?

Яқинлари «Спарк» автомобили ёрдамида ўсмирни шифохонага етказишга ҳаракат қилишган. Айни шу пайтда «MDS-Servis» клиникасининг бошқа бир чақириқдан қайтаётган тез тиббий ёрдам бригадасига дуч келишган. Ундаги шифокорлар «Спарк»да ёрдам кўрсатишнинг иложи йўқлиги туфайли ўсмирни тез тиббий ёрдам машинасига олишган. Аммо шифокор ёрдам кўрсатишга кеч бўлганини маълум қилиб, ўлим ҳолатини қайд этган.

Гумондор уй қамоғи режимини бузганми?

Бу савол энг кўп мунозараларга сабаб бўлганини қайд этиш лозим. Сабаби, унинг эркинликда юриши кўпчиликка, айниқса марҳумнинг яқинларига жиддий таъсир қилган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ҳам терговчилар ва суднинг бунга йўл қўйганини турлича талқин қилишган. Аммо брифингга ташриф буюрган етакчи ҳуқуқшунослар бу чора қонун доирасида бўлганини таъкидлашди.

Гумондорнинг телефон рақами ҳисоботи кўрилганда у асосан яқинларига ва участка нозирига қўнғироқ қилгани маълум бўлди. Аммо қўнғироқлар орасида жабрланувчилар ва гувоҳларга ҳам қўнғироқлар қилингани, шунингдек иккинчи рақамдан фойдаланилгани ҳақидаги шубҳалар туфайли бу масалада алоҳида суриштирув ўтказиладиган бўлди.

Шу билан бирга, гумондорнинг уй қамоғи вақтида тирноқларига ишлов бериш ниятида гўзаллик салонига қўнғироқ қилганини, яъни оғир пайтда шунга муносиб кўрганини инсонийлик жиҳатдан оқлаб бўлмаслиги қайд қилинди. 

Тергов якуни ва суд

Мазкур брифингда ишга доир ҳар бир детал атрофлича намойиш этилди ва муҳокама қилинди. Унда гумондорнинг адвокати ҳам иштирок этиб, ўз фикрларини билдирди. Тергов жараёни асосан якунига етгани, брифинг жараёнида туғилган саволлар бўйича қўшимча суриштирувлар ўтказилиши ва ишга илова қилиниши айтилди. Жараён якунига кўра иш судга оширилади.

Очиқлик ва шаффофликка берилган баҳо

Алоҳида таъкидлаш жоиз, Тергов департаменти бошлиғи, полковник Дониёр Тошхўжаев марҳумнинг яқинларининг ва ОАВ вакилларининг ишга оид ҳар бир саволларига атрофлича жавоб берди, лозим бўлган жойда мутахассисларни жалб қилди. Бутун тергов жараёнида давомида марҳумнинг онаси, бувиси ва тоғаси билан мунтазам ва бевосита алоқада бўлиб турганини таъкидлади. Шу билан бирга, дастлабки тергов жараёнларини олиб борган терговчиларнинг совуққонликлари ва йўл қўйган камчиликлари юзасидан алоҳида узр сўради.

Аммо айни пайтда мазкур ҳодиса жиноятлигини таъкидлаган ҳолда, эҳтиросларга берилмаслик кераклиги, ҳаммасига қонун доирасида ҳал қилиниши, судда ҳам барча далиллар тақдим этилишини билдирди.

Аброр Зоҳидов,
тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид