Ўзбекистон | 16:51 / 09.10.2019
45349
2 дақиқада ўқилади

«Турар жойлар нархини арзонлаштириш керак». Мирзиёев «Olmazor business city» қурилиши билан танишди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 29 июнь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида «Olmazor business city» ишбилармонлик маркази лойиҳаси билан танишган эди. Бунинг учун Кичик ҳалқа йўли ва Янги Олмазор кўчаси ўртасида қарийб 24 гектар ер ажратилиб, жорий йил февралда қурилиш ишлари бошланди.

Майдон 6 та лотга бўлинган бўлиб, биринчи ва иккинчи лотларда савдо маркази, офислар ва кўнгилочар масканлар бунёд этилмоқда. Уч, тўрт ва бешинчи лотларда 2 минг 100 хонадонга мўлжалланган 28 та кўп қаватли уй, олтинчи лотда 300 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳамда 500 ўринли мактаб қурилмоқда. Уйларнинг биринчи қаватидан савдо дўконлари ўрин олади. Хонадонларда алоҳида иситиш тизими ўрнатилади. Деворлар етти қатламдан иборатлиги, жумладан базальт толаси билан қоплангани қишда иссиқ, ёзда салқин ҳароратни яхши сақлайди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари 9 октябрь куни ушбу мажмуага ташриф буюриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Қурилишда қўлланилаётган инновацион, энергия тежамкор технологияларга алоҳида эътибор қаратди.

- Уйлар сонини кўпайтириш, энергияни тежаш орқали турар жойлар нархини арзонлаштириш керак. Бунинг учун қурилиш материаллари, базальт толаси ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириб, ҳар бир ҳудудга етказиб бериш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Бинокорлик ишларининг бориши, ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилди. Қурилишда маҳаллий материаллардан фойдаланилаётгани, уйлар ҳам тўлиқ юртимизда ишлаб чиқарилган маиший техника ва мебеллар билан жиҳозланиши таъкидланди. 

- Қуриш бу биринчи қадам. Асосийси - малакали эксплуатация. Уйларга, одамларга сифатли хизмат кўрсатиш, муҳандислик ускуналаридан самарали фойдаланиш зарур, - деди давлат раҳбари қурувчи ва мутасаддилар билан суҳбатда.

Қайд этилишича, шу ерда Олмазор тумани фаоллари билан ҳам мулоқот бўлди.

 

Мавзуга оид