Жамият | 16:57 / 11.10.2019
4323
2 дақиқада ўқилади

Ахборот-кутубхона тизими ходимлари куни белгиланади

Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи мажлисида «Ахборот-кутубхона тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонунда 21 май – Ўзбекистон Республикасининг ахборот-кутубхона тизими ходимлари куни, деб белгилаш назарда тутилган. Сенатор Иқбол Мирзо нима сабабдан ушбу сана танланганига изоҳ берди.

«1870 йилда 21 май Тошкент шаҳрида биринчи оммавий кутубхона ташкил этилган сана ҳисобланади. Ушбу қонун қабул қилиниши, биринчидан, ахборот-кутубхона тизими ривожланишига, жумладан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга, юқори малакали кадрлар сони ошишига сезиларли таъсир кўрсатади.

Иккинчидан, китобхонларга ахборот-кутубхона хизмати сифати, кутубхона жараёнларини автоматлаштиришга илмий-тадқиқот ва методик-услубий фаолият самарадорлигини таъминлайди.

Учинчидан, ахборот-кутубхона тизими ривожига ҳисса қўшган ходимларни рағбатлантиришни такомиллаштиради, уларнинг касб нуфузини оширади. Республиканинг 12 мингдан ортиқ кутубхоналар 150 миллиондан ортиқ китоб фондига эга. Уларда 25 мингдан ортиқ ходимлар фолият олиб боряпти ва 4 миллиондан ортиқ китобхонларга хизмат кўрсатмоқда», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Иқбол Мирзонинг таъкидлашича, қатор хорижий мамлакатларда ҳам кутубхона ходимлари касб байрами кенг нишонланади. Ўзбекистонда ҳам ушбу куннинг белгиланиши бу тизимга бўлган эътиборнинг яна бир намунаси бўлади. 

Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид