Мамаризо Нурмуратов: «Бошқа давлатлар 30 йил олдин қилган ислоҳотларни охирги 3 йилда амалга оширдик, шунинг учун нархлар кўтарилди»
Сўнгги вақтларда МДҲ давлатлари ва қўшни республикалар билан солиштирганда Ўзбекистонда нархлар анча юқори суръатда ошиши кузатилмоқда. Сенатнинг 23-ялпи мажлисида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовдан мазкур масала юзасидан изоҳ сўралди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Мамаризо Нурмуратов нархларнинг ўсишига таъсир кўрсатган учта омилни санаб ўтган.
«Ҳақиқатан ҳам, охирги икки йилда биз онгли равишда шу нарсага қўйдик. Яъни инфляция даражаси маълум бир жиҳатдан бизда бошқа давлатларга нисбатан юқори бўлди. Бу нима билан изоҳланади?
Энг аввало, бошқа давлатлар 30 йил олдин бозор тамойилларига ўтиш чораларини кўришган бўлса, биз буни ҳақиқий ҳаётда охирги 3 йилда амалга оширдик.
Биз шу пайтгача бошқариладиган нархларни ҳақиқий бозор ҳолатидан келиб чиқиб эмас, хўжалик субъектларига зарарига бўлса ҳам, нархларни паст даражада ушлаб турдик. Буни бозор кўтармайди. Шунинг учун биринчи навбатда қилаётган ишларимиз – бошқариладиган нархларни эркинлаштириш, бу – келгуси давр учун заминни мустаҳкамлаш мақсадида қилинди.
Иккинчи сабаби эса – бу ҳам объектив сабаб – бизда 27 йил давомида инвестиция чанқоқлиги деган тушунча пайдо бўлди. Ҳукуматимиз, муҳтарам президентимиз ҳудудларда инвестицион фаолликни ошириш учун шароит яратиб бердилар. Бу мақсад ўз-ўзидан бўлмайди, бу албатта қўшимча маблағ ва ресурсларни иқтисодиётга чиқаришни тақозо қилди. Бу, ўз навбатида, банк кредитлари орқали, инвестицион кредитлар орқали, давлат ресурсларини чиқариш орқали амалга оширилди. Бу эса ўз-ўзидан иқтисодиётдаги пул миқдорининг кўпайишига олиб келди. Албатта, бунинг инфляцияга таъсири бор.
Ҳозир инфлцияни бошқаришда таргетлаш тизимига ўтиш устида ишлаяпмиз.
Учинчи сабаби, валютасини эркин айирбошлаш операцияларига рухсат берган давлатларнинг ҳаммасида инфляция бир неча баробар ошиб кетган. Бизда шу нарса қарийб 9 ой давомида кўрилган тайёргарлик асосида амалга оширилиши инфляциянинг унақа 2-3 баробар ошиб кетишига йўл қўймади. Чунки, эътибор берадиган бўлсак, валюта курсимиз қарийб 2 баробар ошди. Бу ўз-ўзидан нархларнинг ҳам икки баробар ошишига асос бўлиши мумкин эди. Йўқ, олиб борилган пул-кредит, бюджет, фискал сиёсат бу нархларни ушлашга имкон берди», – деди Нурмуратов.
Марказий банк раисининг сўзларига кўра, инфляция даражасини 2021 йилда 9 фоизгача, 2023 йилга бориб эса 5-6 фоизга тушириш мўлжалланмоқда.
«Масаланинг моҳиятига келсак, ҳақиқатан ҳам, юқори даражадаги инфляция иқтисодиётга ҳам, аҳолига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Биз бу борада Марказий банк ва ҳукуматга бевосита боғлиқ бўлган чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиққанмиз.
Бу комплексга асосан, худо хоҳласа, мўлжаллаган тадбирларимизни амалга оширадиган бўлсак, биз 2021 йилдан бошлаб бир рақамли инфляцияга тушиш ва 2023 йилдан бошлаб инфляцияни таргетлаш механизми асосида 5-6 фоизлик инфляцияда иқтисодиёт юритишга ҳозирлик кўряпмиз», – дея қайд этди Мамаризо Нурмуратов.
Изоҳ: Мазкур хабарнинг илк кўринишидаги сарлавҳа («Мамаризо Нурмуратов: «Етакчи давлатлар 30 йилда қиладиган ислоҳотларни 3 йилда амалга оширдик, шунинг учун нархлар ошиб кетди») мухбирнинг айби билан хато кетганди. Иш жараёнидаги бу камчилик тез орада тузатилган. Таҳририят хатолик учун узр сўрайди.
Мавзуга оид
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024