Ўзбекистон | 21:15 / 11.10.2019
37841
3 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: ОАВни ҳақиқий тўртинчи ҳокимиятга айлантириш йўлимиздан қайтмаймиз

Самарқандда халқаро делегатлар иштирокида ўтган, Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлиги мавзуси муҳокама қилинган давра суҳбатида АОКА директори ўринбосари Саида Мирзиёева маъруза қилди.

У ўз сўзида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ўзбекистон ахборот майдонини ислоҳ қилиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида сўз юритди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

«Замонавий Ўзбекистон бир неча йил олдингисидан анча фарқ қилади. Мамлакатимиз жадал суръатда ўзгариб бормоқда. Республикамиз фуқароларнинг сўз эркинлигини кафолатлаш ва очиқлик йўлини танлаган.

Мақсадимиз – фуқаролар учун манфаатли, давлат ва жамият ўртасида кўприк бўла оладиган ахборот майдонини яратиш. Бу борадаги ҳаракатларимиз ЕХҲТнинг ОАВни қўллаб-қувватлаш бўйича асосий принципларига мос тушади.

Ишонч билан айтишимиз мумкинки, жамиятимиз ўзгариб бормоқда, одамлар тобора сифатлироқ ахборот олишни исташяпти. Оммавий ахборот воситаларимиз ҳам ўзгаряпти ва турфа-хил фикрлар майдонига айланган. Журналистларда ўзига ишонч ортмоқда. Бугун оммавий ахборот воситалари муҳим масалалардаги танқидий чиқишлар билан янги Ўзбекистонни бунёд этишда фаол қатнашмоқда», – деб таъкидлади Мирзиёева.

АОКА директорининг ўринбосари ўз сўзида давлат органларининг очиқлиги, ташкилотларнинг матбуот хизматлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамжиҳатлик, АОКАнинг бу жараёндаги ўрни, агентлик томонидан журналистлар ва блогерларни ҳимоя қилиш учун кўрилаётган чоралар ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Саида Мирзиёева, шунингдек, Ўзбекистонда олдин тақиқда бўлган қатор хорижий ОАВдан тақиқлар олиб ташлангани, хорижлик журналистларни аккредитациялаш соддалаштирилгани, матбуот котибларининг мавқейи оширилиб, уларга шароитлар яратилаётгани ва мунтазам малакасини ошириб бориш тизими жорий этилгани каби масалалар юзасидан ҳам маълумот берди.

«Биз матбуот эркинлигини таъминлаш учун қийин йўлнинг бошида турганимизни биламиз. Ўтган бир неча йилда кўп ишлар қилдик, лекин ҳали олдинда турган вазифалар талайгина.

Мамлакатимиз очиқлик, сўз ва ахборот эркинлигини кафолатлаш ҳамда ОАВни ҳақиқий тўртинчи ҳокимиятга айлантириш йўлидан бормоқда. Орқага қайтиш йўқ», – деб сўзини якунлади Саида Мирзиёева.

Мавзуга оид:

«Ўзбек матбуоти мақтов ва тарғибот машинасига айлантирилганди» – Самарқандда ОАВ эркинлиги мавзусида халқаро конференция

Комил Алламжонов: «25 йиллик цензурадан қутулган ўзбек матбуоти ҳаммани эсанкиратиб қўйди»

«Гарри Поттернинг сеҳрли таёқчаси фақат эртакларда бўлади» – АОКА директори ОАВ эркинлигини таъминлаш ҳақида

Мавзуга оид