Ўзбекистон | 14:00 / 11.10.2019
59506
3 дақиқада ўқилади

Уй-жой ва автомобиль олди-сотдисида доллар ишлатилишига қарши прокуратура орқали курашиш нотўғри – Марказий банк раиси

Ўзбекистонда аҳолининг машина ёки уй-жой олди-сотдисида хорижий валютадан фойдаланишига чек қўйиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳаракатлари билан эмас, балки иқтисодий чоралар билан амалга оширилиши лозим, деб таъкидлади Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Сенат ялпи мажлисида.

Kun.uz мухбири хабар беришича, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»даги қонуннинг янги таҳрири 11 октябрь куни сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Муҳокамалар давомида Сенат аъзолари фуқаролар уй-жой ёки автомобиль олди-сотдисида чет эл валютасини афзал кўриши муаммосига қандай ечим топилиши масаласида Марказий банк вакилларига савол билан юзланди.

Саволга МБ раиси Мамаризо Нурмуратов жавоб берди.

«Мазкур қонун амалга кирганидан сўнг бу нарса йўқ бўлади, дейишимиз нотўғри бўлади. Чунки бунга биз иқтисодий замин яратишимиз керак. Сўнгги уч йилгача бўлган даврда мамлакат ичида машинани валютага сотиб олишни биз ўзимиз белгилаб қўйган эдик. Ваҳоланки, «Марказий банк тўғрисида»ги қонунимизда мамлакат ҳудудида ягона тўлов воситаси миллий валюта – сўм, деб белгиланган.

Масаланинг иккинчи томонини ҳам ҳам очиқ айтишим керак. Биз ўша ҳисоб-китобларда одамлар миллий валютадан фойдаланиши учун шароит ҳам яратмаган эдик. Битта ҳовлининг олди-сотдисига кетадиган пулни қўядиган бўлсак, ҳажми жуда катта бўлиб кетади.

Бу нарсанинг олдини олиш келажакда фақат ва фақат ўзимиз қилаётган амалларимиз, хатти-ҳаракатимиз билан халқнинг ишончига кириш, энг аввало миллий валютанинг қадри билан, иккинчиси ўша ҳисоб-китобларни қилишни осон, қулай, енгил ўтишига шароит яратиш билан белгиланади.

Бир томондан, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кўпайтириш, тўлов карточкаларига одамларнинг ишочини ошириш орқали, иккинчи томондан муомаладаги банкноталарнинг номинал структурасини яхшилаш орқали эришамиз.

Аминманки, бу – нафақат Ўзбекистонда, бошқа собиқ СССР мамлакатларида ҳам учрайдиган ҳолат. Биз бунга фақат ва фақат иқтисодий ҳаракатларимиз билан, аҳолини миллий пулимизга бўлган ишончини мустаҳкамлаш орқали эришишимиз керак. Менимча, масалани прокуратура ёки бошқа органлар орқали ҳал қилишга уринишимиз нотўғри бўлади. Энг аввало биз шароит яратсак, бу ўз-ўзидан камайиб кетаверади», деди Нурмуратов.

Мавзуга оид