Ўзбекистон | 11:40 / 12.10.2019
64979
6 дақиқада ўқилади

Водий вилоятларининг 2та шаҳри ва 5та тумани чегаралари ўзгартирилди

Фото: KUN.UZ

Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Косонсой, Янгиқўрғон ва Наманган туманлари, Андижон вилоятининг эса Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа туманлари чегараларини ўзгартириш таклифи сенаторлар томонидан маъқулланди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 12 октябрь куни Сенат ялпи мажлисида Андижон вилоятининг Бўз тумани номини Бўстон этиб ўзгартириш бўйича ҳам қарор қабул қилинган.

Масала юзасидан сенатор Расулжон Бойматов ҳамда Наманган ва Андижон вилоятлари ҳокимлари сўзга чиқди. Таъкидланишича, туманлар чегараларини ўзгартириш бўйича таклифлар президентнинг шу йил март ойида Наманган вилоятига, май ойида эса Андижон вилоятига ташрифи давомида илгари сурилган эди.

Қисқача айтганда, ўзгаришларга мувофиқ Наманган шаҳри таркибига Тўрақўрғон, Косонсой, Наманган ва Янгиқўрғон туманларининг жами 3,5 минг гектардан ортиқ ер майдони қўшиб берилди.

Хонобод шаҳри эса Қўрғонтепа тумани ҳудудидаги тўртта мавзенинг жами 1,2 минг гектардан ортиқ ер майдони ҳисобига кенгайтирилди.

Наманган шаҳри ҳудуди кенгайди

Наманган шаҳрининг марказий қисми ва асосий кўчалари шаҳарнинг “Бош режаси”га асосан қайта қурилиши натижасида кейинги йилларда шаҳарга туташ бўлган қўшни туманлар ҳудудларидан, яъни Косонсой, Наманган ва Янгиқўрғон туманлари ҳудудларидан жами 1.039 гектар ер майдонларига шаҳар марказида уй-жойлари бузилишга тушган аҳоли учун янги турар-жой мавзеларини барпо этиш учун ажратиб берилди.

Мазкур ҳудудлардаги аҳоли ва ўзини-ўзи бошқариш органлари маъмурий бошқарув тизими бўйича Наманган шаҳрига бўйсунувчи бўлгани ҳолда, ер майдонлари ҳозирга қадар туманлар ҳудудига тегишлидир.

Бу эса ўз навбатида коммунал хизматлар кўрсатиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўллар ва коммуникацияларни қурилишида бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Бундан ташқари, таклиф этилаётган ўзгариш натижасида Наманган шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш ва аҳолига қулай шароитлар яратиш, шу жумладан шаҳар ҳудудига ўтказилаётган ер майдонларида янги турар-жой комплекслари, ижтимоий ва маданий-маиший объектлар, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши ҳамда муҳандислик коммуникацияларини янада ривожлантириш режалаштирилган.

Шу сабабли, Наманган шаҳри таркибига Тўрақўрғон, Косонсой, Наманган ва Янгиқўрғон туманларининг жами 3.665 гектар ер майдонини Наманган шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулла Бозоров:

– Бугун муҳокама қилинаётган Наманган шаҳрига қўшиладиган ерларда хатлов ишлари амалга оширилди ва чегараларга аниқлик киритилди.

Хатлов натижасига кўра, Наманган туманидан 2592 гектар, Косонсой туманидан 528 гектар, Тўрақўрғон туманидан 183 гектар ва Янгиқўрғон туманидан 362 гектар – жами 3665 гектар ер майдонлари Наманган шаҳри ҳудудига қўшиш мумкинлиги аниқланди.

Наманган шаҳрига мазкур туман ҳудудларидан ер майдони қўшиб берилиши биринчи навбатда Наманган шаҳри аҳолисини турмуш тарзини яхшилаш ва келгусида ҳар томонлама қулай кўп қаватли уйлар қурилиши учун муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлаймиз.

Бундан ташқари, ушбу ҳудудда ижтимоий соҳа объектлари – мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, хизмат кўрсатиш тармоқлари қурилишига, янги иш ўринлари яратилишига, шунингдек ҳудудларни мақбуллаштириш натижасида барча ресурслардан оқилона фойдаланиш, бошқарув харажатларини камайтирилишга имкон беради.

Ҳеч шубҳасиз, ялпи мажлис муҳокамасига киритилган масаланинг ижобий ҳал этилиши Наманган шаҳрига қўшилаётган ҳудуд аҳолисининг ҳам ижтимоий-иқтисодий масалаларни самарали ҳал этилишига хизмат қилади.

Хонобод шаҳри ҳудуди кенгайди

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрига 1972 йилда асос солинган бўлиб, аҳолиси 41 минг кишини, умумий ер майдони 23 квадрат километрни ташкил этади. Бугунги кунда Хонобод шаҳри ҳудуди кичиклиги сабабли, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этишга етарлича имкон берилмаяпти.

Шу боис, Қўрғонтепа туманидаги тўртта – “Султонобод”, Хонобод”, “Ш.Рашидов” ва “Авазматов” мавзеларида жойлашган жами 1.284 гектар ер майдонини Хонобод шаҳри таркибига ўтказилиши шаҳар аҳолисига қулай шароитлар яратишга ҳамда шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошишига хизмат қилади.

Жумладан, Хонобод шаҳрига ўтказилаётган ер майдонларининг 492 гектарида дам олиш масканлари, меҳмонхоналар ва кемпинглар, 21 гектарида спорт иншоотлари, 145 гектарида ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда 284 гектарида бошқа зарур муҳандислик объектлари, шунингдек 267 гектарида боғлар ва замонавий иссиқхоналар ташкил этилиши режалаштирилган.

Андижон вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Абдураҳмонов: 

– Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри дастлаб ташкил этилганда аҳоли сони дастлаб 21,5 минг нафар бўлган бўлса, йилдан-йилга ортиб, бугунги кунда 41 минг нафарни ташкил этмоқда.

Хонобод шаҳрида барча коммуникация тармоқларининг мавжудлиги, ишлаб чиқариш ҳамда туристик салоҳиятга эга эканлиги сабабли маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар томонидан мазкур ҳудудга қизиқиш ортиб, ер ажратиш билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда.

Шу сабабдан Қўрғонтепа тумани ҳудудининг 1284,6 га ер майдонини Хонобод шаҳри таркибига ўтказиш ғояси илгари сурилмоқда. 

Ҳозирда Қўрғонтепа туманидан Хонобод шаҳрига ўтказилаётган ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” томонидан Хонобод шаҳрининг Бош режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Ишлаб чиқилган бош режага асосан 2035 йилга қадар Хонобод шаҳрида кўплаб мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, оромгоҳлар, меҳмонхоналар, кемпинглар, спорт объектлари, касалхоналар, поликлиникалар, истироҳат боғлари, туристик базалар, дам олиш масканлари, пляжлар, пансионатлар, 20дан ортиқ маданий ва маиший, савдо ва хизмат кўрсатиш ҳамда ишлаб чиқариш объекти ташкил этилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид