Жаҳон | 19:10 / 13.10.2019
25987
3 дақиқада ўқилади

Пентагон ўз ҳарбийларини Суриядан олиб чиқмоқда, курдлар туркларга қарши Башар Асад билан иттифоқ тузмоқчи

© Фото : U.S. Army / Sgt. Nicole Paese

АҚШ Суриядан яна минг нафарга яқин ҳарбий хизматчисини олиб чиқади. Бу ҳақда CBS эфирида Пентагон раҳбари Марк Эспер маълум қилди.

«Сўнгги 24 соат давомида биз Туркия жанубга томон ҳужумини давом эттириш ниятида эканини англадик. Улар режадагидан ҳам ичкарироққа киришмоқчи.  Бу ҳолатда биз икки томондан армиялар ҳужумига учраш хавфи остида қолишимиз мумкин», деган Эспер.

Унинг сўзларига кўра, америкалик ҳарбийлар бу «қўрқинчли вазият»да бу ерда бўлмаслиги керак, бу ҳарбийларни «онгли равишда олиб чиқиш»дир.

Эспер АҚШнинг иттифоқчилари бўлган «Сурия демократик иттифоқи» кучлари Туркия ҳарбийларига жавоб қайтариш учун Сурия ҳукумати ва Россия ҳарбийлари билан келишмоқчи бўлаётганини қўшимча қилган.

Аммо Пентагон раҳбари гап қандай келишув ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.

Турклар Сурияга киришидан олдинроқ  «Сурия демократик кучлари» (SDF) қўмондони Мазлум Абди туркларга қарши курашда Сурия араб республикаси президенти Башар Асад билан иттифоқ тузилиши мумкинлигини истисно этмаганди.

Сурия давлат телевидениеси маълумотига кўра, америкалик ҳарбийлар Раққа провинцияси шимолидаги ал-Жалабийя базасидан эвакуация қилинади.

Аввалроқ туркия ҳарбийлари Кобани яқинида америкалик ҳарбийларни атайлаб ўққа тутгани маълум қилинганди. The Washington Post нашри буни америкаликларга чегарадан Суриянинг ичкарироғига чекиниш кераклигига ишора деб атаган. 

«Тинчлик булоғи» амалиёти

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 9 октябрь куни Сурия шимолида Курдистон ишчилар партияси ва ИШИД жангариларига қарши ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилди.

Туркияликлар етакчиси бу амалиётнинг асосий уч мақсадини келтирган: жанубий чегараларни террорчилардан тозалаш, Сурия ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш ва шу вақтгача Туркия ҳудудида яшаб келаётган суриялик қочқинларни жойлаштириш учун «хавфсиз ҳудуд» барпо этиш.

Шу кунларда Вашингтон Суриядан ўз ҳарбийларини олиб кетиши ҳақида эълон қилгач, Туркия авиацияси Суриянинг чегара ҳудудидаги Рас-ал-Айн ва бошқа шаҳарларига ҳаво зарбалари беришни бошлади. Сўнгги маълумотларга кўра, туркиялик ҳарбийлар томонидан ўлдирилган курд ҳарбийлари сони 500 нафарга яқинни ташкил қилмоқда.

Сурия ҳукумати расмий Анқарани Сурия шимолида амалиёт бошлагани учун қораламоқда. Халқаро ҳамжамият Туркиядан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб этмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид