Жаҳон | 20:20 / 13.10.2019
15509
2 дақиқада ўқилади

Туркия артиллерияси ҳужумидан кейин Суриядаги асирлар лагеридан 800га яқин киши қочиб кетди

Якшанба куни Туркия артиллерияси томонидан Суриядаги асирлар лагерига ўт очилгач, ИШИД жангариларининг оила аъзолари бўлган 758 киши лагердан қочиб кетишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Сурия мухолифатидаги манбасига таянган ҳолда  телеканали хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, турклар Сурия шимолидаги Айн-Исса лагерига ҳужум қилган. Қайд этилишича, қочоқлар сурияликлар эмас.

БМТ маълумотига кўра, Туркия Сурия шимоли-шарқига кирганидан тўрт кун ўтгач, бу ҳаракатлар оқибатида ўз уйини тарк этган маҳаллий тинч аҳоли вакиллари сони 130 минг нафардан ошган.

Туркиянинг Суриядаги ҳарбий операцияси
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 9 октябрь куни Сурияда «Тинчлик булоғи» номли ҳарбий амалиёт бошлади. Унинг сўзларига кўра, бу амалиётдан мақсад курд жангариларига ва Суриянинг шимолий ҳудудларидаги ИШИД жангариларига қарши курашиш ҳисобланади.

Ҳарбий амалиётда Туркия қуролли кучларига расмий Анқара томонидан қўллаб-қувватланадиган Сурия миллий армияси (Сурия мухолифати) ҳам ҳамроҳлик қилмоқда.

Турк ҳарбийлари Суриянинг Туркия билан чегарадош шимолий қисмида ИШИД террорчилари ва курдларнинг Ўз-ўзини мудофаа қилиш бўлинмалари (YPG) жангчиларидан холи, давомийлиги салкам 500 километр ва Сурия ичкарисига тахминан 30 километр кириб борган хавфсизлик ҳудудини барпо этиб, бу ҳудудга айни вақтда Туркияда яшаётган 2 миллиондан ортиқ суриялик қочқинларни жойлаштиришни режалаштирган.

Туркия «Сурия демократик иттифоқи» (SDF) ва Ўз-ўзини мудофаа қилиш бўлинмалари (YPG) ташкилотларини террорчи ташкилотчилар сифатида билади ва бу гуруҳлар Туркия ҳудудида ҳукуматга қарши курашиб келувчи Курдистон ишчи партияси билан алоқадор деб ҳисоблайди.

Туркиянинг Сурияга бостириб кириши халқаро ҳамжамиятнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид