Ўзбекистон | 17:58 / 14.10.2019
44312
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори: Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмлари тўлиқ жорий этилмоқда

Фото: Fotolia

Вазирлар Маҳкамасининг “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Ҳужжатда қайд этилишича, I нав уннинг улгуржи ва чакана нархларини маъмурий тартибда белгилаш нархларни шакллантиришнинг тўлақонли бозор механизмларини жорий қилиш имконини бермаяпти ва ун ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ишлаб чиқарилган ва сотилган ҳар бир тонна ундан салкам 900 минг сўм зарар кўрмоқда.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра 2019 йил 15 октябрдан:

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилади. Бунда, ғалланинг бошланғич нархи сотувчи томонидан амалдаги харид нархи, тайёрлаш, ташиш, сақлаш ва бошқа харажатлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади;

давлат харидлари доирасида сотиб олинган буғдойни қайта ишлашдан олинадиган ун барча истеъмолчиларга ҳеч қандай чекловларсиз 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириш орқали очиқ биржа савдоларида сотилади. Бунда, 2019 йил 1 декабрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан шакллантирилган рўйхатга киритилган қолипли нон ишлаб чиқарувчи ташкилотларга, унни биржа савдоларида 30 фоиз олдиндан тўлов ва якуний ҳисоб-китобни 10 кун ичида амалга оширишга рухсат этилади;

ун нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида 2019 йил ҳосилидан тайёрланган буғдойнинг тоннаси ун ишлаб чиқаришга 1 300 минг сўмдан улгуржи нархларда сотилади. Бунда, буғдойнинг ўртача харид нархи ва улгуржи нархи ўртасидаги 120 минг сўм миқдоридаги салбий фарқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қопланади;

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги ташкилотлар ўртасида ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойнинг ички айланмаси қўшилган қиймат солиғисиз улгуржи нархларда (1 300 минг сўм) ҳамда тайёрлаш, ташиш ва сақлаш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компаниясига қуйидагилар юзасидан масъулият юкланди:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда донни қайта ишлаш ташкилотлари савдо кунлари бўйича тасдиқланган ҳажмдаги ун ва дон маҳсулотларининг узлуксиз биржа савдоларига қўйилиши ҳамда ушбу маҳсулотларга талаб ортганда биржа савдоларига қўшимча ун ва дон ҳажмларини қўйиш;

календарь ойи бошланишидан 5 кун олдин биржа савдоларига қўйиладиган ун ва дон ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг расмий веб-сайтида жойлаштириш.

Белгиланишича, ташкилий-хуқуқий шаклларидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектлар биржа қоидаларига амал қилган ҳолда биржа савдоларида маҳаллий ҳамда импорт қилинган ун ва дон маҳсулотларини эркин сотиш ва сотиб олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси билан биргаликда ички бозорда нархларнинг сунъий равишда ошиб кетиши ва бозордаги бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, зарур ҳолларда, бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилинадиган ун ва доннинг максимал миқдорини (лимитини) белгилайди ҳамда талаб ва таклифдан келиб чиқиб ушбу ҳажмларга тузатишлар киритади.

Қайд этилишича, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси томонидан ун ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг харажатларини 18,9 млрд сўмга мақбуллаштириш ҳамда маҳсулот таннархини 10,3 фоизга арзонлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Мавзуга оид