Жамият | 10:45 / 15.10.2019
5812
13 дақиқада ўқилади

Кўзи ожиз 4 мингдан ортиқ фуқаро учун Тошкент шаҳар кутубхонаси қачон очилади?

Kun.uz таҳририятига август ойи бошида Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси ходими Гулчеҳра Султонметовадан мурожаат келиб тушганди.

Унда айтилишича, Тошкент шаҳар ҳокимиятига Тошкент шаҳар кўзи ожизлар кутубхонасини очиш бўйича бир неча бор мурожаат қилинган. Бироқ хат ижроси таъминланиши билан боғлиқ муаммолар кузатилган: ижрочи меҳнат таътилига кетгани рўкач қилиниб, ижроси пайсалга солинган.  

Жорий йилнинг 11 июнь куни Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси томонидан қайта юборилган 179-сонли хат ижроси август ойига қадар таъминланмагани ҳам мурожаатда келтириб ўтилган.

Ушбу мавзуни ўрганиш мақсадида Kun.uz мухбири Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасига борди.

Кутубхона директори Раҳим Убайдуллаевнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида 4 мингдан ортиқ кўзи ожиз фуқаро истиқомат қилаётган бўлишига қарамай уларга хизмат кўрсатадиган шаҳар кутубхонаси ҳам, туман филиаллари ҳам мавжуд эмас. Ҳозирги пайтда Республика кўзи ожизлар кутубхонаси гарчи шаҳардаги кўзи ожиз фуқароларга хизмат қилаётган бўлса-да, бу ҳудуддаги махсус кутубхонага эҳтиёжи бор аҳоли қатламини тўлиқ қамраб ололмайди.

Кутубхона раҳбарияти томонидан ахборот берилишича, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2017 йил 14 июнда тасдиқланган қўшма қарорда 250 нафар кўзи ожиз фойдаланувчилар яшайдиган туман ва шаҳарларда Республика ва вилоят кўзи ожизлар кутубхоналарининг филиалларини ташкил этиш ҳамда бир ставка филиал мудири штатини ажратиш ва ҳар қўшимча 150 нафар кўзи ожиз фойдаланувчи учун 0.5 ставка кутубхоначи штати ажратилиши белгилаб қўйилган.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 18 сентябрда қабул қилинган 739-сонли «Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорда ҳам «Махсус ахборот-кутубхона муассасалари томонидан ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш учун ногиронлиги бўлган шахслар тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш мақсадида республикадаги 1, 2 ва 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш, рўйхатни ҳар уч йилда янгилаб бориш. Шакллантирилган рўйхат асосида 250 нафар кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган туман(шаҳар)ларда янги кўзи ожизлар кутубхонаси филиаллари ташкил этиш чораларини кўриш» тўғрисида алоҳида банд келтирилган.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда Тошкент шаҳрида янги кўзи ожизлар кутубхонасини очиш тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.

Лекин Тошкент шаҳрида 4 мингдан ортиқ кўзи ожиз фуқаролар бўлишига қарамай ҳануз шаҳар кутубхонаси очиш ортга суриб келинган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан, шаҳар ҳокимлигининг ҳам унинг ижросини таъминлаш мақсадида алоҳида қарори ва дастури тасдиқланган.

Ушбу ҳужжатда «Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган ахборот-кутубхона хизмати сифатини яхшилаш, уларнинг ахборотга бўлган талабини қондириш ва бўш вақтлари унумли ўтишини таъминлаш борасида асосий вазифалар белгиланган», лекин унда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган 20та банднинг атиги 2таси акс этган, холос. Булар:

«1. Кўзи ожизлар кутубхоналари ва уларнинг филиаллари фондининг сақланиши, уларнинг ҳарорат, намлик ва ёруғлик таъсирини мунтазам назорат қилиб борадиган жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўриш.

Кўзи ожизлар кутубхоналари ва уларнинг филиалларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув мосламалари, сигнализация тизимларини ўрнатиш чораларини кўриш. (2018-2022 йиллар)

2. Махсус ахборот-кутубхона муассасаларида фаолият юритаётган ходимлар ҳамда ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг шарт-шароитларини яхшилаш мақсадида жойларда имтиёзли ипотека кредитлари ҳисобига уй-жойлар ажратиш. (2018-2020 йиллар)»

Юқоридаги дастур ижроси бўйича масъуллардан бири Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элбек Шукуров 2018 йил 28 декабрда бу масалага «Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўзи ожизлар кутубхоналари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилишида ва унда назарда тутилган тегишли ташкилий ишларда яқиндан ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини маълум қилади», - дея фикр билдирган.

Мурожаат қилиш анча олдин бошланган...

Марказий кўзи ожизлар кутубхонаси томонидан 2018 йил 5 октябрда Тошкент шаҳар ҳокимлигига қилинган мурожаатда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосланиб, «Тошкент шаҳрида Республика бюджети ҳисобидан янги кўзи ожизлар кутубхонасини қуриш 2020 йилга мўлжалланган. Шу муносабат билан Тошкент  шаҳрининг Чилонзор ва Миробод туманларида кўриш бўйича ногиронлиги бор фуқаролар зич жойлашгани сабабли ушбу туманларнинг бирида жорий йилда шаҳар кўзи ожизлар кутубхонаси учун мавжуд бўлган бўш бинолардан бирини ажратиш эҳтиёжи сезилмоқда», - дея алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Бундан ташқари, Маданият вазири ўринбосари К.Акилова томонидан ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлигига алоҳида хат юборилган. Унда Тошкент шаҳар кўзи ожизлар кутубхонасини ҳамда туманларда унинг филиалларини очиш, қўшимча штатлар ажратиш, филиалларни талаб даражасида бино ва зарурий моддий воситалар билан таъминлашда  амалий ёрдам ва бу борада ҳамкорлик ишларини олиб боришга вазирликнинг тайёрлиги тўғрисида сўз боради.

Бино топилган, лекин...

Юқоридаги ва бошқа мурожаатлар асосида 2018 йил 2 ноябрида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бинолардан фойдаланиш департаменти Марказий кўзи ожизлар кутубхонасига шаҳар ва туманларда кутубхона филиаллари ташкил этилиши учун бўш турган, ижара асосида фойдаланиладиган, давлатга тегишли бинолар бўйича маълумот тақдим этади.

Айни мана шу маълумотномада келтирилган бинолар ичидан кўзи ожиз фуқароларга қулай бўлган бино – Навоий вилояти Тоғ-кон металлургия комбинатига қарашли Тошкент шаҳри Яшнобод тумани М.Ашрафий кўчаси 70-уйда жойлашган Тошкент моддий товар технологик бошқарув базасининг 125 кв.м. бўш турган хоналари танлаб олинади ва бу бўйича Маданият вазирлиги томонидан НКМКга расмий хат юборилади.

Ўз навбатида, Навоий вилояти Тоғ-кон металлургия комбинати ушбу мурожаатга жавобан, розилик билдириб, ижарага олиш учун Тошкент шаҳар давлат мулкини ижарага бериш маркази билан боғланиш зарурлигини  таъкидлайди.

«Бироқ ҳали штатлар ажратиш ва бошқа ташкилий масалалар ҳал этилмасдан туриб, бинони ижарага олиб бўлмас эди», - дейди Марказий кўзи ожизлар кутубхонаси директори.

«Интернетда жар солиш қолди...»

Айни мана шу жараёнда Марказий кўзи ожизлар кутубхонаси директори ўринбосари Гулчеҳра Султонметова Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ишонч телефони»га мурожаат қилади. Унинг мурожаати  Тошкент шаҳар ҳокимлиги маданият бош бошқармасига йўналтирилади.

«Маданият бош бошқармаси бизга ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига йўллаган жавобида мурожаат юзасидан Республика кўзи ожизлар кутубхонаси директори ва масъул ходими Гулчеҳра Султонметова Бош бошқармага чақиртирилиб, суҳбат ташкил этилди, деб ёзган.

Лекин, аслида улар биз билан ҳеч қанақа суҳбат ташкил этишгани йўқ.  

Бундан ташқари, шу хатда кутубхонамиз томонидан режалаштирилган лойиҳа-таклифлар ўрнатилган тартибда Миробод ва Чилонзор тумани ҳокимлигига киритилиши лозимлиги таъкидланган. Ваҳоланки, биз шаҳар кутубхонасини очиш тўғрисида сўраганмиз», - дейди Гулчеҳра Султонметова.

Такрорий мурожаатлар ва қониқарсиз жавоблардан сўнг Марказий кўзи ожизлар кутубхонаси директори Р.Убайдуллаев Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2019 йил 11 июнь куни яна қайта мурожаат қилади.

«Шу кунгача ҳокимият мутасаддилари томонидан ҳеч қандай ижобий хатти-ҳаракатлар бўлмаяпти. Фақат сизга такрорий мурожаат қилиш, бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиш ёки интернет тармоқларида жар солиш қолди», - дея ёзилади мурожаатда.

Китобга ташна қанча китобхон бор...

Кутубхона масъулларининг таъкидлашича, Учтепа туманида жойлашган шаҳардаги ягона кўзи ожизлар учун ихтисослашган Марказий кутубхона ҳамма фойдаланувчилар учун ҳам қулай эмас.

«Уйга китоб етказиш хизмати» орқали ҳозир турли туманларда яшаётган кўзи ожиз ўқувчиларимизга Брайль ёзувидаги китобларни ҳам имкон борича етказиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Бироқ уларни тўлиқ қамраб олиш осон эмас. Агар шаҳар кутубхонаси ва унинг туман филиаллари очилса, китобхонларга ҳам анча осон бўларди», - дейди Гулчеҳра Султонметова.

Республика Бош Прокуратураси томонидан 2018 йил бутун республика бўйича кўзи ожизлар кутубхоналари фаолияти таҳлил қилинганда ҳам қатор камчиликлар аниқланади. Жумладан, «кўзи ожиз фойдаланувчиларни ахборот-кутубхона хизмати билан қамраб олиш даражаси Тошкент шаҳри бўйича 51 фоизни ташкил этиши» ҳам Тошкент шаҳар кўзи ожизлар кутубхонасини очиш қанчалик зарур эканини кўрсатади.

Аслида, Республика Марказий кўзи ожизлар кутубхонаси ҳам 1966-1967 йилларда «Тошкент трамвай депоси» давлат ташкилоти учун ётоқхона сифатида қурилган бинода жойлашган бўлиб, унинг шароити ҳам жуда ҳавас қилгулик даражада эмас.

«Кўзи ожиз китобхонларнинг кўнгли нозик...»

«Китобхонлар баъзида жуда хурсанд кайфиятда, баъзида эса ҳасса ўқталиб ҳам кириб келишади. Уларни тушуниш керак. Ходимларимиз уларни автобусга чиқариб қўйишади, уйларига китоб етказиб беришади. Ўшанда ҳам ҳар хил кайфиятда кутиб олишади. Китобхонларни тушунишга доим ҳаракат қиламиз.

Ҳозир айни пайтда мамлакатда китобхонликка жалб қилиш бўйича жуда кўп ишлар қилиняпти. Лекин китобга ташна кўзи ожиз китобхонлар-чи? Яқинда ўтказилган бир йиғилишда «Сизлар китобхонликка қандай қилиб жалб қилиш ҳақида гапирасиз, бироқ биз кўзи ожиз китобхонларимизга хизмат қилишга улгурмай ҳам қоламиз. Сабаби уларнинг энг катта умиди китобдан», дея таъкидлаган эдим», - дейди Раҳим Убайдуллаев.

Марказий кўзи ожизлар кутубхонаси директорининг таъкидлашича, агар шаҳар кутубхонаси очиладиган бўлса, китоблар ва бошқа масалаларда ёрдамни Марказий кутубхона ҳам ўз зиммасига олади.

«Раҳбарлар ҳам уларга ўша соҳа одамлари муаммаони қандай тушунтирса, шундай хулоса чиқаради. Масалан, қурувчи ёки шифокор муаммони тавсифлагани бўйича кейин унинг ечими бўйича чора-тадбир ишлаб чиқилади. Балки кутубхона билан боғлиқ муаммони тегишли раҳбарларга масъул ходимлар тўғри йўналишда тушунтириб беролмаётгандир», - дея ўз фикрларини билдирди кутубхона директори.

Масъул ходимлар мавзуни ўрганди

Kun.uz сайти ушбу масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан боғланиб, масалани ҳамкорликда ўрганиб чиқиш учун мурожаат қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элбек Шукуров масала муҳокамаси учун масъул ходимлари билан биргаликда Республика Марказий кўзи ожизлар кутубхонасига борди.

Юзма-юз ўтган мулоқотда муаммо моҳияти тўғри тушунтирилиб, шаҳар кутубхонасини очиш масаласи ҳоким ўринбосари назоратига олинди.

Аввало, бино масаласини ҳал қилиш учун Навоий вилояти Тоғ-кон металлургия комбинатига қарашли Тошкент шаҳри Яшнобод тумани М.Ашрафий кўчаси 70-уйда жойлашган Тошкент моддий товар технологик бошқарув базасининг 125 кв.м. бўш турган биносидан март ойида рухсат олингани, бироқ ундан буён анча вақт ўтган бўлишига қарамай масъуллар ўша куннинг ўзида бинони бориб кўришди.

«Битта иш бошлангандан сўнг иложи борича ўша куннинг ўзида ечимини топиш керак. Кутубхона очилиши учун ҳаракат қилишни бошладикми, демак, бугун Марказий кутубхона томонидан топилган бинони кўришимиз мумкин», - дея таъкидлади Элбек Шукуров.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, ҳокимлик ҳал қилиши керак бўлган  турли масалалар орасида кутубхона масаласи масъул ходимлар томонидан керакли пайтда тўғри тушунтирилмагани учун муҳимлилиги жиҳатдан бошқа ечимини топиши керак бўлган муаммолар орасида кейинги ўринларга тушиб қолган.

Ечимгача...

Кутубхона ва масъул ходимлар НКМКга қарашли бинога бориб, тегишли ходимлар билан учрашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар» тўғрисидаги фармонига биноан, 2019 йилнинг 1 июлидан бошлаб, давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдолар «E-I IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилишига асосланиб, бино ҳам аукционга қўйилгани маълум бўлди.

Айни пайтда бино учун қайси ташкилот аукционда қатнашиши ва ундан кейинги ишлар қандай бориши бўйича ҳокимлик ва Марказий кутубхона ўртасида келишув ишлари олиб борилмоқда.

Тегишли одамлар билан боғланиш ва муаммони борича тушунтириш имкони бўлгани ҳам бундан кейинги ишлар тезроқ ҳал бўлишига ва кўзи ожиз китобхонларга имкон қадар яхши бўлишига йўл очиб беради, деган умиддамиз.

Kun.uz бу мавзуга яна қайтади.

Зилола Ғайбуллаева

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид