Ўзбекистон | 17:30 / 15.10.2019
5569
2 дақиқада ўқилади

Саша Грауманн: Минглаб болалар ҳамон уруш ўчоқларида қолмоқда

Фото: KUN.UZ

Тошкентда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шафелигида «Замонавий ҳарбий можаролар: мазмуни ва олинган сабоқлар» мавзусида биринчи халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, анжуманда Қуролли Кучлар академияси бошлиғи ўринбосари, полковник Руфтулло Ниғматов Афғонистон бўйича берилган саволларга жавоб берди.

«Афғонистондаги уруш 40 йилдирки давом этмоқда. Буни тугатиш вақти келди. Асосий эътибор иқтисодий жиҳатларга қаратилиши керак. Афғон халқи урушдан чарчади. Улар тинчлик хоҳлайди», – дея полковникнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирдаги қатнашчилардан бўлган ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн ҳам сўзга чиқди.

«Куни кеча «Меҳр-2» номли операция билан Ироқдан 64 нафар болалар юртга қайтариб олиб келинди. Ўтган сафар «Меҳр-1» операциясида 156 нафар аёллар ва болалар Ўзбекистонга қайтарилган эди. Айни вақтда минглаб нафар турли миллатга мансуб болалар ҳали-ҳамон уруш ўчоқларида қолмоқда. Улар асосан икки тоифада дейиш мумкин. Биринчиси, ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашаётган болалар, иккинчиси, уруш ҳудудларида кундалик ҳаётда ишлатиладиган болалар.

Болалар масаласида бутун дунёда барча БМТга аъзо-давлатларга мажбурий бўлган Хавфсизлик кенгашининг қоидалари мавжуд. Оддий мисол, уруш вақтларда мактабларга қуролли ҳужум қилиш тақиқланади. Бироқ 2018 йилда бу рекорд даражага чиққан ва бу ҳали ҳам давом этмоқда», – дея таъкидлаган ваколатхона раҳбари.

 

Мавзуга оид