Иқтисодиёт | 14:48 / 15.10.2019
4259
2 дақиқада ўқилади

Туркий кенгашга аъзо давлатлар ишбилармонлари иштирокида бизнес форум бўлиб ўтди

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Бугун, 15 октябрь куни Боку шаҳрида Туркий тилли мамлакатлар ҳамкорлик кенгашининг VII саммити доирасида Кенгашга аъзо давлатларнинг ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес форум бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бизнес форумда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларнинг 600 нафардан ортиқ тадбиркорлари ва инвесторлари иштирок этди.

Тадбир давомида вазирлар ва савдо-саноат бирлашмалари раҳбарлари, шу жумладан, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Кенгаш давлатлари билан ўзаро савдо ҳамда иқтисодий ҳамкорликнинг устивор йўналишлари бўйича маъруза қилди.

Учинчи давлатлар бозорига чиқиш истиқболи билан юқори технологияли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга мўлжалланган инвестициявий ҳамкорлик соҳасига катта урғу берилди.

Транспорт ва логистика соҳасида давлатлараро мустаҳкам ҳамкорликнинг долзарблиги алоҳида айтиб ўтилди. Бу ўз навбатида ўзаро савдо ва сайёҳлар оқимини жадаллаштиришга сезиларли даражада ҳисса қўшади.

Шунингдек, форум доирасида тадбиркорларнинг B2B форматидаги сессиялари ва манзилли учрашувлари ташкил этилди. Бу Кенгашга аъзо давлатлар вакилларига қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун бизнес ғоя алмашиш ва алоқа ўрнатиш имконини беради.

Шунингдек, Кенгашга аъзо давлатларнинг Савдо-саноат палаталари ҳамда бизнес бирлашмалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамловчи қатор ҳужжатлар имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Туркий кенгаш доирасида қайси соҳаларда ҳамкорликдан манфаатдор экани маълум қилинганди.

Мавзуга оид