Иқтисодиёт | 11:35 / 16.10.2019
18048
5 дақиқада ўқилади

«Ўзчармсаноат» импорт оёқ кийимлар учун бож оширилганига изоҳ берди

«Ўзчармсаноат» уюшмаси мутасаддилари импорт оёқ кийимлар учун бож миқдори 20 фоизга оширилгани, бунга нималар сабаб бўлганини изоҳлашди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида «Ўзчармсаноат» уюшмаси раҳбарияти ва мутасадди ходимлари иштирокида ташкил қилинган матбуот анжуманида «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан тайёрланган қарор лойиҳасида импорт қилинувчи оёқ кийимлар учун бож ставкасини 10 фоиз ўрнига 30 фоиз этиб белгилаш таклиф этилгани ва бу таклиф кўпчиликнинг норозиликларига сабаб бўлгани, ҳозирги қонунчиликда бож ставкаси неча фоизни ташкил этаётгани борасида савол билан мурожаат қилинди.

«Ҳақиқатдан ҳам қонунчиликка таклиф сифатида киритган лойиҳамиз ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Хўш, нима учун шу пайтга қадар биз бу масалани кўтармай келдик. Бунга сабаб, 2017 йилда пойабзал ишлаб чиқарувчи корхоналаримиз томонидан бор йўғи 12 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқарилган. 

2018 йил 3 майдаги «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилиниши натижасида тадбиркорларга солиқдаги, божхона тўловларидаги имтиёзлар тақдим этилди. Натижада соҳада катта ўзгаришлар кузатилди ва ўтган йилнинг ўзида 58,1 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқарилди.

Соҳа тез ўсиб бормоқда, биз ўтаётган йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 80 миллион жуфтга етказишни режалаштиряпмиз.

Демоқчиманки, ҳар қандай мамлакат ўзининг ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилади.

Биз импорт қилинувчи оёқ кийимлар учун бож ставкасини ошириш таклифини ўзимиз берганимиз йўқ, ишлаб чиқарувчилар билан маслаҳатлашган ҳолда берган эдик», дея «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси Фахриддин Бобоевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, «Ўзчармсаноат» уюшмаси таклиф қилган 30 фоизлик бож ставкаси амалга киритилганда, импорт қилинувчи ҳар бир жуфт оёқ кийим учун тахминан 3-5 доллар атрофида бож тўловлари амалга оширилган бўлар эди.

Қарор лойиҳасига нисбатан бўлган эътирозларда ҳам, айнан кўтарилган бож тўловлари сабабли Ўзбекистонга импорт бўладиган сифатли оёқ кийимларнинг миқдори камайиб кетиши мумкинлиги айтилганди.

Фахриддин Бобоев шунингдек, амалдаги қонунчилик бўйича импорт қилинувчи оёқ кийимлар учун бож миқдорини маълум қилди. Унга кўра, ҳозирда 20 фоизлик бож ставкаси амалга киритилган ва импорт қилинаётган ҳар бир жуфт оёқ кийим учун 2 доллардан кам бўлмаган миқдорда бож олинмоқда.

Уюшма раҳбарининг жавоби унинг ўринбосари Фарҳод Нурмуҳаммедов томонидан тўлдирилган. Унинг айтишича, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан берилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари узоқ муддатга мўлжалланмаган. «Президентимиз қарори бўйича, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун белгиланган имтиёзлар 2023 йилнинг 1 январига қадар амалда бўлиши белгиланган», дейди Фарҳод Нурмуҳаммедов.

Қарор лойиҳаси тарихи

Эслатиб ўтамиз, «Ўзчармсаноат» ассоциацияси жорий йилнинг 10 июнида пойабзал импорти учун бож тўловини ошириш таклиф қилинган қарор лойиҳасини муҳокамага қўйганди. Унда 1 июль кунидан импорт қилинадиган пойабзаллар учун тўланадиган бож ставкасини 10 фоиздан 30 фоизга, бир жуфт пойабзал учун 5 доллардан кам бўлмаган миқдорда ошириш таклиф қилинганди.

Бир неча кун ўтиб, «Ўзчармсаноат» пойабзал импорти божи бўйича янги таклиф тайёрлади. Унда фақат эркаклар пойабзали учун 20 фоизлик ставка белгилаш таклиф қилинган (аввал барча пойабзаллар учун тавсия этилганди), минимал чегара эса 3 доллар этиб белгиланганди.

Бу таклифни ҳам иқтисодчилар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эътирозлар билан кутиб олишди.

Тадбиркор Зафар Ҳошимов бундай ўзгаришлар жорий қилинса контрабанда ва қора бозор гуллаб-яшнаши мумкинлиги, сифатли оёқ кийим нархлари кўтарилиб кетиши, истеъмолчи учун танлов имконияти кескин қисқариши, бу ҳолатлар эса давлат бюджетига катта зарар келтириши мумкинлигини тахмин қилганди.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов эса бу лойиҳани «барчани қашшоқлаштирувчи божлар» деб атаганди.

«Ўзчармсаноат» ўзини «ҳимоя» қилиш учун, барчамизни қашшоқлаштирувчи божларни қабул қилмоқчи. Энди эркаклар оёқ кийимига божлар 20 фоиз ташкил этаркан. Божлар, бу халқнинг чўнтагидан олинадиган маблағ», деганди у телеграмдаги каналида.

Мавзуга оид