Жаҳон | 08:26 / 17.10.2019
32119
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг конгресс аъзолари билан учрашуви даҳанаки жангга айланиб кетди

Фото: Evan Vucci / AP

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Туркиянинг Суриядаги ҳарбий амалиёти бўйича конгресс етакчилари билан  учрашуви икки томоннинг даҳанаки жангига айланиб кетиб, оқибатда барбод бўлди.   

Bloomberg ахборот агентлигига демократларнинг сенатдаги етакчиси Чак Шумернинг маълум қилишича, Трамп Оқ уйнинг Яқин Шарқдаги сиёсатини ҳаттоки республикачилар ҳам қўллаб-қувватламаётганидан дарғазаб бўлиб, вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосини очиқчасига ҳақорат қилишга ўтган ва уни “учинчи навли сиёсатчи” деб атаган.

Ахборот агентлиги манбаларидан бирининг маълум қилишича, тортишувнинг энг авж нуқтаси учрашув иштирокчиларидан бири Трампга собиқ мудофаа вазири Жим Мэттиснинг АҚШ босими заифлашса, ИШИД яна тикланиши ҳақидаги сўзларини эслатгани бўлган. АҚШ президенти бунга жавобан “Мэттис дунёдаги энг юқори баҳолаб юборилган генерал эканини”, ИШИДнинг яксон қилинишидаги асосий ҳисса эса унинг ўзига тегишли эканини айтган. 

Ўзаро ҳақоратлардан кейин Пелоси ва Шумер учрашувни тарк этишган ва гўёки ушбу вазиятдан ички сиёсий курашда фойдаланмоқчи бўлишгани учун республикачилар танқидига учрашган. Республикачиларнинг вакиллар палатасидаги етакчиси Кевин Маккарти Пелоси учрашувни барбод қилиш учун атайлаб можаро келтириб чиқарганини айтган. Унинг таъкидлашича, “икки томон ҳам қизиққонлик қилган”, бироқ спикер ўзини ахлоқсиз тутган. 

Оқ уй матбуот котиби Стефани Гришемнинг таъкидлашича, Трамп учрашувда ўзини босиқ тутган, “иш бўйича” гапирган, бироқ Пелоси ҳеч кимни эшитишни истамаган.

Аввалроқ конгрессда Трамп Сурия шимолидан қўшинларни олиб чиқишга ва шу тариқа курдларни қўллаб-қувватламасликка қарор қилгани учун танқидга учраганди.

Ўз навбатида АҚШ маъмуриятида турклар ва курдлар ўртасидаги ихтилофга аралашишни истамаётганлари айтилган. Трамп америкалик ҳарбийлар Сурияда ташлаб кетган базаларни энди президент Башар Асад қўшинлари ва россиялик ҳарбийлар эгаллаши ҳақидаги гапларга “Россия қум билан ўйнашига қаршимасман” деб жавоб қилган. 

Мавзуга оид