Ўзбекистон | 21:22 / 18.10.2019
15107
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда реклама давлат тилида берилиши мажбурий бўлиши кутилмоқда. Соҳа расмийси бунга изоҳ берди

"Реклама тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририда рекламаларнинг давлат тилида берилиши зарурлиги, реклама берувчи хоҳишига кўра уни исталган тилда такрорий вариантини ҳам эълон қилиш мумкинлиги белгилаб қўйилиши кутиляпти.

Дилшод Азимов / Фото: Kun.uz

Айни пайтда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва тегишли ташкилотлар томонидан «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшод Азимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда қонуннинг янги таҳриридаги ўзгаришлар тўғрисида маълумот берди.

  • Реклама давлат тилида берилиши мажбурий бўлади

– Янги таҳрирдаги қонунда ўзгариши мумкин бўлган асосий жиҳатлар нималардан иборат?

– Биринчи навбатда реклама тили ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу нарса ҳануз кўпчилик ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Айрим фуқаролар, маркетологлар реклама тилини чеклашга қарши чиқишади. Хоҳлаган одам японча, корейсча, русча реклама бериши мумкин дейишади.

«Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига 30 йил бўлганига қарамай, ҳануз реклама тилини аниқ қилиб белгилаб олмадик. Кўпчилик МДҲ давлатларида эса айни пайтда реклама давлат тилида берилиши амалда белгилаб қўйилган.

Айни пайтда бизда ҳам «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририга рекламаларнинг давлат тилида берилиши зарурлиги ва реклама берувчи хоҳишига кўра уни исталган тилда такрорий вариантини ҳам эълон қилиш мумкинлиги ҳақида ўзгартириш киритмоқдамиз.

Лекин асосий талаб – ўзбек тилидаги варианти, албатта, бўлиши зарур.

Бундан ташқари, болалар учун мўлжалланган маҳсулотлар рекламасига айрим талаблар қўшиляпти. Масалан, турли озиқлантирувчи бўтқалар рекламасига «Она сутидан фойдаланиш зарур» деган мазмундаги иборани қўшамиз. Чунки бу каби маҳсулотларни асосан оналар харид қилади. Шунинг учун бу эслатма фойдадан холи бўлмайди.

  • Яширин рекламага рухсат берилади

Ўзгаришлардан яна бири – «Product placement»га рухсат берилаётгани. Бу атама, мисол учун, битта кўрсатувда бошловчининг қайсидир бренд маҳсулотини яширин реклама қилиб беришига нисбатан ишлатилади. Бунда бошловчи битта компаниянинг соатини тақиши ёки бренд номи туширилган бирор буюмидан фойдаланиши мумкин.

Шу кунга қадар бу турдаги рекламаларга рухсат берилмасди. Лекин реклама берувчилар айнан шу усулда маҳсулотини таништиришни хоҳламоқда.

«Product placement»га рухсат берилиши тадбиркорларга янада кўпроқ имкон беради. Майли, уларнинг севимли кино қаҳрамонлари машҳур қозонларда овқат қилишсин, яширин реклама усулларидан фойдаланиб, маҳсулотини танитишсин, бироқ бунинг учун шартнома тузган ҳолда солиқларни тўлашсин.

Бунда медиамаҳсулотда истеъмолчиларга ҳам реклама мавжудлигини билдириш зарур.

Бугун турли интернет нашрларида айрим блогерлар, канал ёки саҳифа юритувчилар томонидан рекламалар тартибсиз ва бошқа маълумотлардан ажратилмаган ҳолда берилаётгани ҳам нотўғри.

Улардан алоҳида реклама постидан фойдаланган ҳолда бу йўналишдаги ишларни ташкил қилишлари лозимлигини сўраган бўлардик.

  • Реклама жойлаштириш саводхонлиги бўлиши зарур

– Ижтимоий тармоқлар орқали берилаётган рекламаларнинг ишончлилиги ва уларнинг мавжуд қоидаларга риоя қилган ҳолда маҳсулот ёки хизмат ҳақида маълумот бераётганини назорат қилишнинг имкони борми?

– Бу йўналишдаги камчиликлар блогерлар ёки бошқа ижтимоий тармоқ юлдузларига реклама бериш тартиблари тўғрисида яхшироқ маълумот бера олмаётганимиз билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки Instagram`да 3 миллион кузатувчиси бор хонанда рекламани бошқа маълумотлардан ажратган ҳолда бериш лозимлигини билмаслиги мумкин.

Гап бу ерда ҳали солиқ ва бошқа тушум ундириш ҳақида ҳам эмас, реклама бериш саводхонлиги ҳақида кетяпти.

Аслида блогерлар, интернет нашрлари, ижтимоий тармоқлардаги турли каналлар админлари, ким бўлишидан қатъи назар, реклама бериш орқали даромад олаётгани туфайли солиқ тўлаши ҳам зарур.

Биринчи навбатда улардан тўғри ва ҳеч қайси истеъмолчининг ҳуқуқини чекламаган ҳолда реклама жойлаштиришини сўраймиз.

  • Бот орқали жамоатчилик назорати ташкил қилинади

– Юқорида таъкидланганидек, бугун интернет тармоқларида, умуман, ҳаётимизнинг ҳамма қисмида реклама шу қадар кўпки, уларнинг барчасини назорат қилиш имкони борми, деган савол туғилади.

– Бу борада биз омма билан ишламоқчимиз. Одамлар билан боғланиш учун алоҳида бот яратилади ва хоҳлаган киши рекламани фақатгина хорижий тилда, ўзбек тилидаги варианти йўқ ҳолда кўрса, уни расмга олган ҳолда бизга юбориши мумкин.

Ва шундан кейин реклама тарқатувчига нисбатан чора кўрамиз. 

Бу ҳолатда битта истисноли ҳолат бор: турли тилларда фаолият юритадиган ОАВлар мавжуд. Масалан, рус, қозоқ ёки инглиз тилида чиқадиган журналлар ёки телеканаллар. Уларга ўзлари фаолият юритадиган тилда реклама бериш имкони берилади.

Бундан ташқари, ОАВларда рекламалар даражасини 10 фоиздан 20 фоизга етказиш ҳам олдинга қўйилган мақсадлардан бири.

Шунингдек, ўқув қуролларида, дафтар, кундаликларда реклама элементлари бўлишига йўл қўйилмайди. 

  • «Соябонли рекламалар»га ҳам рухсат берилмайди.

– Қонун бузилиш ҳолатлари аниқланса, қандай чора кўрилиши мумкинлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– «Реклама тўғрисида»ги қонунни қўпол равишда бузган юридик шахсларни жаримага тортиш режалаштирилган.

Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистонда қуйидаги маҳсулотлар рекламаси тақиқланган:

-    қурол-яроғ;
-    алкогол маҳсулотлар;
-    тамаки;
-    кальян;
-    қимор билан боғлиқ маҳсулот ва хизматлар;
-    рецепт билан сотиладиган дорилар;
-    психотроп, портловчи маҳсулотлар.

Бундан ташқари, «соябонли рекламалар»га ҳам рухсат берилмайди. Масалан, машҳур бренд остидаги сигарет номи остида бошқа ишлаб чиқарилган товарни, айтайлик, сокни реклама қилиш мумкин эмас.

Шунингдек, «Sales promotion» тушунчаси мавжуд бўлиб, янги маҳсулотни татиб кўришни тавсия қилади. Худди шу нарсани тамаки ва алкогол маҳсулотларига нисбатан ишлатиш мумкин эмас.

Агар шу кўринишдаги маҳсулотлар рекламаси билан шуғулланса ёки бошқа қонун бузилиши ҳолатларини содир этадиган бўлса, бундай шахсларга  нисбатан жавобгарлик белгиланади. 

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Интервьюнинг биринчи қисми: Тошкентдаги камида 30 фоиз реклама шитлари ноқонуний ўрнатилган – соҳа мутахассиси билан суҳбат

Мавзуга оид