Жаҳон | 17:00 / 20.10.2019
12353
2 дақиқада ўқилади

Чилида метро нархи ошишига қарши намойишлар. Армия ҳаракатга келтирилди

Чили ҳукумати мамлакат армиясини метрополитен чиптаси учун нархлар ошишига жавобан бошланган намойишларга қарши курашиш учун сафарбар қилди. Вальпараисо шаҳри мэри Хорхе Шарп шаҳар кўчаларидаги ҳолат тасвирланган видеони интернетда тарқатди.

Куннинг қоронғи вақтида, комендантлик соати вақтида олинган кадрда колонна солдатлари кўчалар бўйлаб ҳаракатланаётгани кўрсатилган. Тасвирларда бир неча ҳарбий йўловчини калтаклаётганини ҳам кўриш мумкин.

Мэр Шарп намойишчилар томонида. «Зўравонлик кучайиши ва репрессия учун масъулият ҳукумат зиммасида», деган мэр рўй бераётган воқеаларни демократияга зид деб баҳолаган.

Чилидаги намойишлар бир ҳафта олдин мамлакат пойтахти Сантьяго шаҳрида бошланганди. Ўтган вақт давомида намойиш бутун мамлакатга тарқалди. Норозилик акцияларига метро учун чипта нархи 30 песога (0,042 доллар), 800 песодан 830 песога (43,45 доллар) оширилгани сабаб бўлди.

19 октябрь куни мамлакат президенти Себастьян Пиньера 15 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилди. Шундан сўнг тартибсизликлар кўлами янада кучайди.

«Би-би-си» маълумотига кўра, Сантягода 300 нафардан ортиқ киши қўлга олинган, тартибсизликлар вақтида 150 нафарга яқин киши жароҳатланган, супермаркетдаги ёнғин оқибатида уч киши ҳалок бўлган.

DW нашрида ёзилишича, президент тарифлар оширилиши ҳақидаги қарорни бекор қилган, аммо энди бу намойишчиларни қониқтирмаяпти, шу туфайли, Миллий мудофаа вазирлиги раҳбари генерал-майор Хавьер Итуррьягу дель Кампонинг сўрови билан Сантьягода комендантлик соати жорий этилди.

 

Мавзуга оид