Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кўчадими, қоладими? Андижон вилояти болалар стоматология поликлиникаси врачларини қийнаётган савол
Андижон шаҳридаги болалар тиш касалликларини даволовчи поликлиниканинг кўчиши ёки бузилиши ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бунга бир нечта сабаблар бор.

Биринчидан, айнан болаларда учрайдиган тиш касалликларини даволаш – алоҳида соҳа.
Андижон вилоятидаги 14та шаҳар ва туманларнинг давлат поликлиникаларида стоматологлар фаолият юритишяпти. Бундан ташқари, ҳозир барча ҳудудларда хусусий тиш даволовчи муассасалар ҳам кўп. Лекин, ҳаммамиз биламиз, ёш болалар тиш дўхтирларини ёқтиравермайдилар. Тишларини даволаш пайтида бақир-чақир қилиши, йиғлаши тайин.
Болалар нозик, тиш оғриғи эса азобли. Катталар тишини даволовчи стоматологлар ҳар доим ҳам болаларни даволашга уринмайди. Шунинг учун вилоят марказидаги тиш касалликлари поликлиникасига энг чекка туманлардан ҳам бемор болажонларни олиб келишади.


Иккинчи сабаб, мазкур поликлиникада Андижон тиббиёт институтининг иккита кафедраси иш олиб боради. 450 нафар талаба ўқув жараёни ва амалиётни шу ерда ўтайди. Касб назарияси ва амалиётини ўрганиш учун шароитлар етарли.

Андижон шаҳри Байналминал кўчасида жойлашган вилоят болалар стоматология поликлиникасини бошқа ерга кўчириб, ўрнига боғча ёки кўп қаватли уй қурилиши мўлжалланаётгани ҳақида ўқигач, воқеага ойдинлик киритиш учун муассасага бордик.
Афтодаҳол, эски биноларни кўрамиз, деган хаёлда эдик. Ундай бўлиб чиқмади. Икки қаватли бинойидек бино. Шанба куни бўлишига қарамай, поликлиника лунжини ушлаб олган болажонлар ва уларнинг ота-оналари билан гавжум эди.


Поликлиника бир кунда 400дан зиёд бемор болаларга хизмат қилар экан.
Андижон давлат тиббиёт институти стоматология ва стоматологик касалликлар пропедевтикаси кафедраси ходимлари – Иродахон Содиқова, Феруза Раҳмонова ва Махфират Расулова билан суҳбатда бўлдик. Талабалар қуршовида ёш болани даволаётган врачлар вақт ажратиб, масала юзасидан изоҳ беришди.


«Кафедрамиз 2014 йилдан бери шу ерда иш олиб боради. Поликлиникада 9 нафар ўқитувчи фаолият юритади. Ўқув хоналаримиз, аудиторияларимиз бор. Дарс билан биргаликда талабаларга амалиёт ўтамиз.
Ўтган якшанба, 13 октябрь куни ҳаммамизни чақиришиб, вилоят ҳокими келишини айтишди. Ҳаммаёқни тозалаб, чиройли ҳолга келтириб кутдик. Нега чақиришганига тушунмадик. Ўша куни мутасаддилардан ҳеч ким келмади. Кетдик. Эртасига поликлиника раҳбарлари бизга бошқа жойга кўчишимизни, бинони бўшатишимиз кераклигини айтишди. Душанба куни яна раҳбарлар келишини айтишди. Келишмади. Кўчиш масаласи яна кўтарилди. Лекин, қачон кўчишимиз аниқ эмас эди.
Айтишларича, бизга 5-поликлиниканинг 4-5 қаватидан жой берилибди. Расман огоҳлантирилганимиз йўқ ҳали. Биз ташвишга тушиб қолдик. Чунки, поликлиникада дарс жадвали бўйича эрталаб 150-200 нафар, тушдан кейин 150 нафар, ҳафта давомида 450 нафар талабага дарс ўтилади. Улар ичида хорижий давлатдан келиб ўқийдиган талабалар ҳам бор. Талабалар назарий билимларини мана шу жойда амалиёт билан боғлайди. Шу пайтгача қўлимизга «мана бу жойга кўчасизлар» деган ҳужжатни кўрсатишмаган бўлишса-да, хавотирга тушиб қолдик.
Талабаларнинг дарслари қолиб кетишини ўйлаб сиқилиб юрибмиз. 18 октябрь куни поликлиниканинг бош врачи Бахтиёржон Мамажонов шаҳарнинг нариги четидаги Марказий поликлиниканинг тўртинчи қавати ажратилганини айтди. Таъкидлаб ўтамиз, ўша жой – фақат поликлиника учун, кафедра ўқув жараёни учун эмас. Қизиғи, стоматологик креслоларни кўчириш, демонтаж ва монтаж қилиш, канализация масаласи ишлари осон эмас.
Ўша креслони ўрнатиш учун усталар 400 минг сўм олади. Ойлар кетади. Умуман шароит йўқ жойга кўчиришдан олдин ўйлаб кўришса бўларди.
Хоналарни ўзимизнинг пулимизга ўзимиз таъмирлаганмиз, ҳеч қандай камчилик йўқ. Ҳозир омонат ўтирибмиз. «Поликлиника кўчирилиб, ўрнига боғча қурилар экан», деган гаплар асослими ёки йўқ, билмадик. Лекин бутун вилоят болаларига хизмат қилаётган муассасани кўчиришдан олдин раҳбарлар бир ўйланиб, биз билан суҳбатлашиб кўришса бўлар эди.
Қаерларнидир таклиф қилишибди, умуман даволаш мумкин бўлмаган жойлар экан. Ахир тиббиёт – бу инсон ҳаёти билан боғлиқ-ку? Ўзининг соҳавий меъёр ва талаблари бор.
Ҳозир кўчиришса, беморлар ва талабалар сарсон бўлиши тайин», – дейди шифокорлар.
Сўнг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда поликлиника муаммоси ҳақида гапирган тажрибали стоматолог, 40 йиллик меҳнат стажига эга Василахон Мўминова билан суҳбатлашдик.
«Ярим асрга яқин меҳнат стажим бор. Айнан сиз кўриб турган хонани ўзим таъмирлаб, керакли қиммат ускуналар (стоматолог курсисидан ташқари) – анжомлар, стерилизация асбобини ҳам шахсий пулимга олганман. Канализация ҳам қилдирдим. Мақсадим – меҳнат қилиш, болаларни даволаш.
Биномиз кимгадир керак бўлиб қолибди чоғи. «Реконструкция қиламиз», дейишганига ҳайронман.

Муассасамиз ўрнига хусусий боғча қурилар экан. Боғча кўп, бизнинг поликлиникамиз эса вилоятда битта-ку?
Ахир кунига 400 нафар бемор боланинг сарсон-саргардон бўлишини тасаввур қилишмадими? Фарғона ва Наманганда намунавий вилоят болалар стоматология поликлиникалари қуришди. Аввал бир ерга чиройли бино қуриб, сўнг кўчириш наҳотки қийин бўлса? Раҳбарлар бир ишни қилишдан олдин режа қилишни ўйлаб кўришсин».
Поликлиника бош шифокори Бахтиёржон Мамажоновдан ҳам саволларимизга жавоб олишга ҳаракат қилдик.
«Муассасамиз ходимлари билан «кўчасизлар», деган гапни бошқача тушуниб олибмиз. Биномиз таъмирланар экан. Шунинг учун вақтинча кўчиб турар эканмиз.
Ҳокимият томонидан бизга 740-сонли қарор билан поликлиникамизга 800 миллион сўм пул ажратилган. Ҳозирча 300 миллиони тушган. Бу – 800 миллиондан ташқари. Фасадлар таъмирланди, канализацияни тўғриладик, хоналарга инвентарлар олдик, ҳожатхоналар қурилди.


Шу кунгача раҳбарлар келиб расмий равишда «кўчасизлар» дегани йўқ. Кўриб турибсиз, врачлар ишлаяпти. Лекин бизга марказий поликлиниканинг 4-қаватига кўчишга таклиф бўлган эди. Бошқа жойларни ҳам айтишди. Раҳбарларнинг мақсади – биз у ерга кўчиб турсак, биномизни таъмирлаш бўлган экан. Коллективимиз нотўғри тушунибди.
Ҳоким келади дейишган эди, келмади. Менда бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи келиб, «Ишни давом эттираверинглар. Ҳеч ким кўчмайди», деб кетди. Ижтимоий тармоқлардаги гап-сўзлардан кейин, кўчиш масаласи қолдирилди», дейди бош шифокор.
Мутасаддилар нима дейди?
Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмонов билан боғланганимизда, мутасадди поликлиника ҳеч қаерга кўчмаслиги, бино ўрнига боғча қурилиши ҳақидаги гап-сўзлар нотўғри эканини айтди.
Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров поликлиника реконструкцияси учун вилоят ҳокимининг қарорига асосан маблағ ажратилгани, агар ходимлар кўчиб чиқишмаса, таъмирлаш ишларини олиб бориб бўлмаслигини билдирди. Унинг айтишича, таъмир пайтида кўчиб туриш ҳақида поликлиника ходимларига тушунтириш олиб борилмагани турли гап-сўзлар чиқишига сабаб бўлган.
Хулоса
Поликлиника бош шифокори Бахтиёржон Мамажонов «бу вақтинча кўриш бўлиши, реконструкциядан кейин қайтилиши» ҳақида билишмаганини айтди.
Врачлар ҳам ҳеч нарсани очиқ-ойдин билмасликларини айтишди. Балки, чиндан ҳам шундайдир.
Лекин кунига бутун вилоятнинг 400 нафарга яқин болалари даволанадиган, Тиббиёт институтининг 450 нафар талабаси таълим оладиган бино реконструкциясини бошлашдан олдин поликлиника бош шифокори ва ходимлари билан суҳбатлашиш, туғилиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиш зарур эмасмиди?


Андижон вилоят болалар стоматология поликлиникаси – 1 ёшдан 18 ёшгача болаларга хизмат кўрсатадиган вилоятдаги ягона муассаса ҳисобланади. Ушбу муассасадан 1997 йилдан Андижон шаҳри аҳолиси, 2014 йилдан бери эса бутун вилоят аҳли фойдаланиб келмоқда.

Мутасаддиларнинг айтишича, поликлиника ҳозирча кўчмайдиган бўлди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан берилган маълумотда ҳам шундай дейилган.
Демак, шифокорлар ва талабалар бироз тин олиб туришар экан.
Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
16:07 / 16.04.2025
«Андижон турмаси» шаҳар ташқарисига кўчирилади — президент
13:40 / 16.04.2025
Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарада эркин савдо зоналари ташкил этишни режалаштирмоқда
11:47 / 23.02.2025
Андижонда 11 йил аввал содир этилган жиноят фош этилди
17:09 / 25.01.2025