Ливанда оммавий намойишлар. Барчаси WhatsApp учун солиқдан бошланди
Ливанда 19 октябрь куни ҳам юзлаб кишилар амалдорларнинг коррупционерлиги ва солиқлар оширилганига қарши навбатдаги норозилик акцияларида (қаторасига учинчи кун) қатнашиш учун кўчаларга чиқишди.
Куннинг иккинчи ярмида пойтахт Байрутдаги ҳукумат биноси олдида давлат байроқларини кўтарган кишилар тўплана бошлашди. Намойишчилар Ливандаги сиёсий тизимни тўлиқ қайта кўриб чиқишни талаб қилишмоқда.
Франс пресс мухбири хабар қилишича, Байрут маркази шу кунларда ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига ўхшаб қолган. Кўчалар синдирилган деразалар парчалари, ағдарилган чиқинди қутилари ва ёқилган шиналар қолдиқлари билан тўлган. Банклар, ресторанлар ва кўплаб дўконлар ёпиб қўйилган.
Аввалига стихияли кўринишда бошланган намойишлар эндиликда бутун мамлакатни қамраб олмоқда. Ливан шимолида, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Триполида (Ливия пойтахти Триполи эмас) ҳам намойишчилар кўчаларга чиқишган.
17 октябрь куни Ливанда минглаб намойишчилар Саад Ҳаририй коалицияси ҳукуматининг солиқ сиёсатига қарши норозилик билдириб норозилик акциялари бошлади. Халқ норозилигига ҳукумат WhatsApp ва бошқа мессенжерлардан фойдаланганлик учун солиқ жорий қилиши ва тўлов миқдорини ойига 6 АҚШ доллари қилиб белгилангани сабаб бўлганди. Кўп ўтмай ҳукумат бу қарорни бекор қилди, аммо намойишларни тўхтатиб бўлмай қолганди.
Сиёсатчилар нима дейишмоқда?
18 октябрь куни Байрутда Ливан хавфсизлик кучлари намойишчиларнинг ҳаракатларига қаршилик кўрсатиб кўзни ёшлантирувчи газ қўллаб уларни тарқатишга уринган. Маълумотларга кўра, ушбу ҳаракат таъсирида намойишчиларнинг бир нечтаси ҳушини йўқотган, полиция 70дан ортиқ кишини қўлга олган, уларга ўғрилик ва кўчаларда ўт қўйиш бўйича айблар қўйилган.
Мамлакат бош вазири Саад Ҳаририй ҳукуматдаги коалицияга душанба кунига қадар оғир вазиятдан чиқиш бўйича вариантлар таклиф қилиш учун муҳлат берган.
Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» радикал ҳаракати етакчиси Ҳасан Насралла телевидение орқали намойишчиларга мурожаат қилди. У одамларни сиёсий ҳаракатларга чорлади.
Насралла шунингдек, Саад Ҳаририйни ҳам танқид қилиб ўтган. У «ўз мажбуриятларини бажармасдан бошқаларни айблаётганлар»ни қоралаган. Аммо «Ҳизбуллоҳ» етакчиси ҳукуматдан истеъфо талаб қилмаган, янги ҳукуматни шакллантириш учун жуда кўп вақт кетишини таъкидлаб ўтган.
Қайд этиш керакки, ҳозирги коалицион ҳукумат Ливандаги барча сиёсий партиялар ва ҳаракатлар, шу жумладан «Ҳизбуллоҳ» томонидан қўллаб-қувватланади.
Ливан ҳозирда қандай яшамоқда?
Ливан - ҳозирда жаҳондаги энг кўп давлат қарзи бор давлатлардан биридир. Мамлакат ҳукумати янги солиқлар жорий этиш орқали бюджетдаги дефицитни қисқартиришга уринмоқда. Бу халқаро донор давлатлар томонидан ваъда қилинган 11 млрд доллар миқдоридаги иқтисодий ёрдамни олиш учун керак.
Ливандаги иқтисодий уруш қўшни Сурияда 8 йилдан буён давом этаётган уруш туфайли кескин даражада секинлашган, сиёсий танглик чуқурлашган.
Молия вазирлиги маълумотига кўра, Ливаннинг давлат қарзи 86 млрд доллар атрофида, бу эса ЯИМнинг 150 фоизидан кўпроқни ташкил этади.
Сентябрь ойида бош вазир Ҳарири «миллий иқтисодиётда фавқулодда ҳолат» эълон қилган ва Вазирлар Маҳкамасининг давлат бюджети дефицитини 2020-молиявий йилда 7 фоизга туширишга қарор қилганини билдирганди.
2018 йилда ўтган Париж-4 халқаро конференциясида («Қадр») донор-давлатлар Ливанга иқтисодиётини барқарорлаштириши ва катта инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириши учун 11 миллиарддан кўпроқ тўлов субсидияларисиз имтиёзли кредитлар ажратишни ваъда берганди.
Ҳарири ҳукумати молиявий ёрдамни олиш учун давлат сектори ва ҳарбийларнинг ижтимоий тўловлари ва пенсияларини қисқартириш орқали ҳам дефолтдан қочишга уринганди.
Мавзуга оид
15:25 / 27.11.2024
«Тинч аҳоли уйини бомбалаш ғалаба дейилмайди» – оятуллоҳ Нетаняҳуни қатл этишга чақирди
09:28 / 26.11.2024
Байден ва Макрон Ливанда сулҳ эълон қилишга тайёрланмоқда
19:34 / 25.11.2024
ОАВ: Исроил Ливанда ўт очишни тўхтатишга рози бўлди
09:17 / 24.11.2024